Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
09.08.2018

ИМТИЁЗЛИ ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАНАДИ

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар 5 йил олдин пенсияга чиқиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида» қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

Лойиҳада ҳукумат тасдиқлайдиган рўйхатга мувофиқ алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга (эркакларнинг иш стажи камида 25 йил, аёлларники 20 йил бўлган тақдирда) умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорликни суд тартибида ундириш бўйича қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда.



Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳаси мазмунан электоратимиз вакиллари манфаатларига алоқадор бўлгани учун биринчи ўқишда ўз таклифларимизни билдирган эдик. Чунки пенсияга доир белгиланаётган имтиёзлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтиради.

Лойиҳада алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш назарда тутилмоқда. Пенсиялар тўғри тайинлангани ва тўланиши борасида ўтказилаётган текширишлар натижасига кўра, аниқланган ортиқча тўловларни пенсиялардан ушлаб қолиш тартибини янада такомиллаштириш масалалари ҳам қамраб олинган. Қонун лойиҳасида илгари сурилаётган таклифлар ва киритилаётган меъёрлар партия электорати манфаатларига мос келади. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари уни қўллаб-қувватлайди.



Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар диққат марказида бўлди. Таъкидландики, суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат божи миқдорини мақбуллаштириш ва суд харажатларини суд жараёнининг барча иштирокчилари ўртасида адолатли тақсимлаш масалаларини ҳам қамраб олган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси эса соҳани янада такомиллаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.



Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Солиқ кодексининг амалдаги таҳририда фуқаролик ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар учун бож ундириш объектини белгилашда турлича ёндашувлар мавжуд. Масалан, фуқаролик ишлари бўйича суднинг қарори устидан назорат тартибида шикоят қилинганда бож тўланса, айни шу жараёнда иқтисодий судга бўлган мурожаат учун бож тўланмайди. Шунга ўхшаш фарқли ҳолатлар ҳакамлик суди билан боғлиқ жараёнларда ҳам мавжуд. Ўзаро номутаносибликларни бартараф этиш мақсадида Солиқ кодексининг бир нечта моддаларига ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинмоқда.

Яъни, айрим шахсларга берилаётган имтиёзларни бекор қилувчи ўзгартиришларни киритишда нотариусларнинг ижро ёзувларидан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Бу ўринда фақат бюджетдан молиялаштириладиган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд шахсларга белгиланадиган имтиёзлар сақланиб қолиниши тарафдоримиз.

Лойиҳа бўйича ўз таклифларимизни билдирдик. Ўйлаймизки, иккинчи ўқишга қадар бизни қизиқтирган масалалар ҳам қамраб олинади. Фракциямиз фикрича, имтиёзлар берилиши ва бож тўлаш мажбуриятларида шаффофлик бўлиши керак. Муҳими, давлат божини ундиришда адолат тамойили таъминланиши зарур.



Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Президент фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари бекор қилинган эди. Эндиликда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар учун божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш, ушбу жараёнда товарларни қайта ишлашнинг мамлакатимиз иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар беришни назарда тутувчи меъёрлар олиб ташланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда давлат органлари томонидан асоссиз маъмурий назоратни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Фракция аъзолари мазкур лойиҳани биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги ва яна бир қатор қонунлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ҳар бир масала юзасидан Ўзбекистон ХДП фракцияси ўз позициясини белгилаб олди.



Зилола АНВАРОВА



DB query error.
Please try later.