10.07.2018

ТРАНСПЛАНТАЦИЯ: 10 ЙИЛ АВВАЛ ТЎХТАБ ҚОЛГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида Инсон аъзолари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди.

Таъкидланишича, мамлакатимизда трансплантация орқали беморларга ёрдам бериш билан боғлиқ амалиётларнинг кенгайишига бир нечта тўсиқ мавжуд. Энг асосий муаммо бу ҳақда қонун йўқлигидир. Бу трансплантологиянинг клиник фан сифатида тўхтатилиши ва кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имконияти йўқолишига олиб келади. Ўзбекистонда инсон аъзолари ва тўқималари трансплантация қилиниши шарт бўлган ўн минг­лаб беморлар бор. Баъзи фуқаролар бу хил амалиётни чет элда жуда қиммат нархга ўтказишга мажбур бўлмоқда. Аммо аксарият беморлар ва уларнинг яқинлари бундай имкониятга эга эмас.

— 2008 йилда бир гуруҳ депутатлар билан бирга трансплантация ҳақидаги қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиққан эдик, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Биз билган ва билмаган сабаблар билан ўшанда ташаббусимиз рад этилган. Аммо ҳаёт ўзгарувчан ва янгиликлар талаб қилади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини ўқиб чиққанимизда, биз ишлаган лойиҳанинг кўчирмаси эканини кўрдик. Шунинг учун уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз. Лекин лойиҳада ўзгартирилиши ва аниқлик киритилиши керак бўлган ўринлар бор.

Масалан, донор бўлган одам ва жонсиз танадаги донор аъзоси ўртасида катта фарқ бор. Ҳар бир орган ўзига хос ша­роитда сақланади, кўчирилади. Донор ва беморнинг ўзаро мутаносиблиги, қанчалар соғлом ва яроқлилиги эса энг муҳим жиҳатлардир. Шунинг учун ло­йиҳада бир-бирини инкор этувчи меъёрлар қайта кўриб чиқилиши лозим. Вафот этган шахснинг тана аъзоларини кўчириб ўтказиш учун қўйиладиган талаблар аниқ белгиланиши керак.

18 ёшга тўлмаганларнинг донорлик қилиши билан боғлиқ масалага янада ойдинлик киритилиши шарт. Масалан, ота-онаси касал бўлган бола уларнинг соғайиб кетиши учун жонига қасд қилиши ёки ўзига шикаст етказиши мумкин. Бу каби ҳолатлар ҳам рўй бериш мумкинлигини инобатга олиш талаб этилади.

Лойиҳада умумий гаплар кўп. Баъзи ҳолларда илмий текширув ва ўрганишлар мақсадида тана аъзоларига эҳтиёж сезилади. Илм-фан ривожланар экан, бу масала ҳам қонунчиликда акс этиши керак. Жасаддаги қайси органлардан донор сифатида фойдаланиш мумкинлиги ва унинг тартиб-қоидалари яхши очиб берилмаган. Барчага тушунарли бўлиши учун бу масалалар кенгроқ ёритилиши керак, деб ўйлайман.

— Бу қонун лойиҳасини халқимиз узоқ муддатдан бери кутаётган эди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Чунки кўпчилик беморлар ва уларнинг яқинлари бор-будини сарф­лаб, хорижда операция қилдиришга мажбур бўлаётганди. Лекин масаланинг яна бошқа жиҳатлари ҳам борки, мулоҳаза қилишга ундайди.

Аввало, қонуннинг қабул қи­линиши натижасида шифо топадиган беморлар сони мана шу амалиётга муҳтож аҳолининг неча фоизини ташкил қилади? Одамларни рози қилиш учун масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Юртимиз тиббиёти мазкур қонун талабларига қай даражада жавоб бериши ҳақида ҳам чуқур ўйлаб кўриш лозим. Вилоятлар миқёсида ҳам трансплантация меъёрларига жавоб берадиган шифохоналар ташкил этилиши керак, деб ўйлайман. Фақатгина пойтахтдаги саноқли касалхоналарда амалиёт йўлга қўйилгани билан муаммо ҳал бўлмайди.

Яна бир муҳим масала. Тиббиётда экспертиза, деган тушунча бор. Ушбу жараён тиббиёт ходимлари томонидан доимо ёпиқ ҳолда, ҳеч қандай яқин қариндошлар иштирокисиз ўтказилади. Қонун кучга киргач, тиббиёт ходимлари инсон органларини сотиш билан шуғулланмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки гувоҳларсиз ёриб кўрилган жасаднинг ҳамма органи жойидами-йўқми ҳеч ким билмайди. Ушбу масала ҳалигача ечимсиз қолмоқда. Демак, бу қонунан тартибга солиниши керак.

Эҳтиёжманд аҳоли вакиллари бўлган беморлар учун ажратиладиган маблағ ёки ёрдамни амалга ошириш тартиби лойиҳада кўрсатилиши зарур. Ижтимоий ҳимоя механизмлари ҳам ишлаб чиқилиши, адолат мезонларининг бузилишига йўл қўй­маслик керак. Акс ҳолда, одамлар орасида норозиликлар юзага келади. Қонун лойиҳасини барчага бир хил манфаатли бўлган меъёрлар билан такомиллаштириш лозим, деб ҳисоблайман.

Муҳими, беморларга қўйиладиган шартлар, сунъий тўсиқларга барҳам берилиши лозим. Ўтган йили яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилиш тартиби ҳақида ҳукуматнинг вақтинча низоми тасдиқланган эди. Шунга қарамай, бу жараённи амалга ошириш жуда ҳам мураккаблик туғдирмоқда. Бу ҳақда аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимизда қатор мисолларни айтиб беришди. Хулоса қилиб айтганда, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси кимнидир бойитиш учун эмас, халқ манфаатига хизмат қилишининг тарафдоримиз.

— Жуда ҳам долзарб масала кўтарилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Лойиҳа билан тўлиқ танишиб чиқдим. Унда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ бирор сўз айтилмаган. Агар ушбу масала қонунга киритилмас экан, у ҳамма учун бирдек ишламайди. Оддийгина мисол, кам таъминланган оилалар даволаниш учун ордер ололмай юради. Бу ерда эса орган кўчириш ҳақида гап кетмоқда. Шунинг учун мазкур масалага жиддий эътибор қаратилиши талаб этилади.

Қонун кимга ишлайди, деган саволга жавоб аниқ ифода этилиши керак. Тўғриси, тушунтириш хатини ўқиган одам эртакка тушиб қолгандек бўлади. Гўёки ушбу қонун қабул қилинса, ҳамма беморнинг юраги алмаштириб юборилиб, ҳамма соғлом бўлиб қолади, деган хулосага келиш мумкин. Айни пайтда юртимизда йўқ бўлган амалиётга қўл урилар экан, уни шошилиб эмас, пухта ва атрофлича ўрганиб, кейин қонун ишлаб чиқишимиз лозим.

Ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалардаги беморларга донорлик масаласи очиқ қолиб кетиши ҳам тўғри эмас. Кузатишларимиздан аёнки, тирикчиликка, болаларини боқишга қийналиб турган одам ҳамма нарсага тайёр бўлади. Эртага у ўз аъзоларини сотишдан ҳам тоймайди. Шунга ўхшаш ҳолатлар рўй бермаслиги учун тана аъзоларини сотиш қонунан тақиқланиши керак, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, қонун лойиҳасида бошқа камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Масалан, фалон касаллик билан оғриган бемор ёки мурда деган жумлалар ҳам бор. Инсон оғриши мумкин, лекин мурда оғримайди-ку. Шу каби энг оддий жиҳатлар ҳам эътибордан четда қолмаслиги қонуннинг мукаммаллигига хизмат қилади.

Айтиш керакки, трансплантация ўзига хос талабларга эга мураккаб жараён ҳисобланади. Ваҳоланки, бизда ҳали биопсия, аутопсия масалаларида ҳам ечимини кутаётган муаммолар бис­ёр. Шу жиҳатдан жуда катта ишга қўл урилган. Лекин қонуннинг натижалари, оқибатлари ҳақида бош қотириш талаб этилади. Коррупциянинг олдини олиш масаласи ҳам устувор саналади. Қонун лойиҳасида чалкашликлар, тушунарсиз ва ўзаро зид жумлалар борлиги, айрим масалалар тўлиқ очиб берилмагани боис унинг маъқулланишига бетарафман.

Давомли ва қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси кўпчилик овоз билан концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.

Трансплантация жуда нозик ва мураккаб масала. Қонун ло­йиҳасининг дастлабки муҳокамасида билдирилган фикр-мулоҳазалар шуни кўрсатиб турибди. Лойиҳанинг кейинги тақдири нима бўлади? Кузатишда давом этамиз.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.