24.05.2018

Зарафшон шаҳри: КАМЧИЛИКЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШ БЎЙИЧА СЕССИЯ ҚАРОРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Зарафшон шаҳрида 85 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади. Ҳудудда 12 мактаб, 15 мактабгача таълим муассасаси, 13 маҳалла фуқаролар йиғини, тиббиёт бирлашмаси, 3 коллеж ва бир лицей мавжуд. Бу Зарафшон шаҳри билан боғлиқ умумий маълумотлар.

Олий Мажлис Қонучилик палатаси ҳамда Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ яқинда Зарафшон шаҳридаги ҳақиқий аҳволни ўрганди.

Аҳоли хонадонларида ўтказилган суҳбатлар, учрашувлар, ижтимоий соҳа объектларидаги ўрганишлар давомида 80 дан ортиқ мурожаат бўлди. Уларнинг 20 дан ортиғи туман мутасаддилари иштирокида ижобий ҳал қилинди. Фуқаролар томонидан кўтарилган 12 масалани туман, 8 тасини вилоят, 4 тасини республика миқёсида ҳал этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Кўп қаватли уйларда яшовчилар иссиқлик таъминоти учун тўловлар қимматлигидан арз қилди. Эътирозлар мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, Зарафшон шаҳрида иссиқлик таъминоти учун тўловлар Навоий шаҳри билан таққосланганда, икки баробар юқори экан. Зарафшонда турар-жой майдонини иситиш учун сарфланадиган энергия Навоий шаҳрига нисбатан 2 баробар юқори экани бунга асос қилиб кўрсатилмоқда. Барча маълумотлар асосида вилоят ҳокимлигига тўловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан хат киритилди.

Шаҳар аҳолисига тиббиёт бирлашмаси ва 3-сонли тиббий-санитария қисми хизмат кўрсатади. Шаҳарда тиббиётдаги асосий муаммолардан бири шаҳар марказий шифохонаси йўқлиги билан изоҳланади. Шунинг учун тиббий хизмат сифати қониқарли даражада, дейиш қийин.

Шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббиёт ходимлари самарали фаолият юритиши учун шароит етарли эмас. Икки-уч врач битта хонага жойлаштирилган. Гинекология бўлимида бир хонада 3 та кўрик столи мавжуд.

Пенсионерлар йилда бир марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим. Лекин марказий поликлиника мутахассислари бундай кўрик ўтказмаган.

Ўн икки нафар тор соҳа мутахассиси ҳафтада 5 кун туман мудофаа ишлари бўлимига бориб чақирилувчиларни ва ўсмирларни тиббий кўрикдан ўтказиши режалаштирилган. Ушбу жараён аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳудудда жорий йилда 2456 иш ўрни яратилиши белгиланган. Маълумотларга кўра, биринчи чоракда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳисобига 45 янги иш жойи ташкил этилган. 3 ой давомида 230 та якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтган. Шаҳар ҳокимининг қарорига асосан корхона ва ташкилотларда 510 та квоталанган иш ўрни белгиланган бўлиб, биринчи чорак давомида 47 нафар фуқарога йўлланмалар берилган.

Ҳукумат қарори асосида ўтган 3 ой давомида 470 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. Бугунги кунда бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 650 нафар ишсиз фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 510 нафари хотин-қизлар.

Шаҳардаги 4-сектор фаолияти ўрганилганда, қатор эътиборсизликлар аниқланган. Хусусан, имтиёзли кредит олиш истаги бўлган 37 нафар фуқарога сектор раҳбари ва маҳалла раислари томонидан тавсияномалар берилган. Тижорат банклари ходимларининг масъулиятсизлиги туфайли бор-йўғи 3-4 нафар одамга имтиёзли кредитлар ажратилган.

Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида ўрганилган ва юқорида қайд этилган ҳолатлар мутасадди раҳбарлар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди. Сессия иштирокчилари парламент вакиллари тайёрлаган таҳлилий-танқидий ахборот билан танишди.

Таъкидланганидек, шаҳарда кенг кўламли ишлар олиб борилган. Бу аҳолининг кундалик ҳаётида ўз натижаларини бермоқда. Лекин йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда эътиборсизликлардан кўз юмиб бўлмайди. Соғлиқни сақлаш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, уй-жой коммунал ва транспорт хизмати билан боғлиқ долзарб масалалар тўпланиб қолгани қайд этилди. Таълим, ободонлаштириш, пул-кредит соҳасида ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас.

— Шаҳардаги жами 3-7 ёшли 5836 нафар боланинг 4761 нафари ёки 82 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аксауле Тумишова. — Болалар боғчаларининг 13 таси замонавий, 2 таси мослаштирилган биноларда жойлашган. 13 муассаса марказий иситиш тизимига уланган, 2 таси кўмир билан иситилади.

Аҳолидан бўлаётган мурожаатларнинг аксарияти уй-жой билан таъминлаш масаласи билан боғлиқ. Бугунги кунда шаҳарда 1500 дан ортиқ оила уй-жойга муҳтож сифатида навбатда турибди. Фуқароларнинг таклиф ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ҳудуд вилоят марказидан 200 километр масофада жойлашгани ҳисобга олиниб, шаҳар ҳудудида кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлар қуриш зарурияти мавжуд.

Томорқа ерларни суғориш масаласида қатор мурожаатлар бўлди. Суғориш учун ажратилган сув меъёрининг етишмаслиги айтилди. Шаҳар ҳудудини суғориш учун 2014 йилнинг апрель ойида 130.14 метр куб сув ажратилган бўлса, шаҳар ҳудудининг кенгайиши ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларининг ошишига қарамасдан, бугунги кунга келиб сув миқдори ўртача 50 метр кубга камайган.

Сессияда Олий Мажлис Конунчилик палатаси депутатлари сўзга чиқди. Ўрганилган масалаларни ҳал этишда бор имкониятни ишга солиш, қўшимча чоралар ўйлаб топиш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш кераклиги қайд этилди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Хусусан, шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиника фаолиятини кенгайтириш чораларини кўриш, корхона ва ташкилотлар ходимлари, мактаб ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини қайта кўриб чиқиб, тегишли муддатда режа-жадвал тузиш ва уни амалга ошириш устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланди. Фертил ёшидаги аёллар, нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини доимий тиббий кўрикдан ўтказиб бориш вазифалари топширилди.

Сессияда кўтарилган ҳар бир масала бўйича «йўл харитаси» асосида тизимли чоралар кўрилиши белгиланди. Барча масъул ташкилот ва идора вакилларига тегишли вазифалар юклатилди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари қарор ижросини таъминлаш учун масъул бўлган мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиб бориши кўрсатилган. Сусткашликка йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан тегишли интизомий чоралар қўллаш ёки вазифасига лойиқлик масаласини кўриб чиқиш бўйича шаҳар Кенгашига таклифлар киритиб борилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.