22.05.2018

ПСИХИАТРИЯ ЁРДАМИ БЎЙИЧА ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ ИШЛАБ ЧИҚИЛАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Фракция аъзолари жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш жараёнида аҳолининг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш билан боғлиқ ­муаммолар кузатилаётганини таъкидлашди. Руҳий ҳолати бузилган шахс­ларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклаш юзасидан қатор камчиликлар кўзга ташланмоқда.

— Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимининг самарали фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани такомиллаштиришни замон талаб қилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Чунки «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисида»ги қонуннинг айрим меъёрлари эскирган ва қайта таҳрирга муҳтож. Руҳий ҳасталикка чалинган беморларга аниқ ташхис қўйиш, уларни даволаш ҳамда парваришлаш учун замонавий диагностика асбоб-ускуналари ҳамда тиббий реабили­тация воситалари талаб этилади.

Фракциямиз фикрича, психиатрия хизмати муассасаларининг айрим вазифаларини соғлиқни сақлашнинг хусусий секторига ўтказиш керак. Аҳолига психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш учун инвестициялар жалб қилиш лозим. Жойларда бўлганимизда ­депутатлар томонидан тизимли ­муаммолар ҳам ўрганилган. Мазкур муаммолар тиббий хизмат сифатига ҳам салбий ­таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун психиатрия ёрдами кўрсатиш бошқарувини чуқур қайта кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Психиатрия соҳасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни фаоллаштириш учун хусусий шифохоналар фаолиятини кенгайтириш керак. Ҳар бир ҳудудда аҳолининг барча қатлами, хусусан, болалар ва ўсмирлар учун қулай шароитларда, сифатли пси­хиатрия хизматидан фойдаланишни йўлга қўйиш лозим. Бунда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, психиатрия ёрдами кўрсатишни самарали бошқариш механизмини жорий этиш устувор масала ҳисобланади. Соҳадаги илмий текшириш ишларини юқори поғонага олиб чиқиш зарур.

Фракциямиз аъзолари томонидан икки йил давомида жойларда ўрганилган масалалар, психиатрия ёрдами кўрсатиш бўйича жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Аҳоли мурожаатлари соҳада мутахассислар етишмаслиги энг долзарб масала эканини кўрсатди.

Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиш бўйича фракциянинг ишчи гуруҳи шакллантирилди. Фракция ташаббуси билан таклиф этиладиган янги таҳрирдаги қонун тизимни тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини қамраб олиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда, шунингдек, бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

«Ерости бойликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг диққат марказида бўлди.

— Вазирлар Маҳкамасининг номидан фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш комиссияси тугатилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Аксауле Тумишова. — Ушбу ваколат Республика Давлат геология ва минерал ресурс­лар қўмитасига топширилиши кўзда тутилмоқда. Бундай тартиб жорий этилиши тадбиркорлик субъектларига рухсат бериш, лицензияларни расмийлаштириш, шунингдек, бош­қа давлат хизматларидан фойдаланишда ортиқча харажатларни қисқартиришга ва жараёнларни соддалаштиришга имкон беради.

Фракциямиз аъзолари янги тартиб орқали ерости бойликларининг талон-тарож қилинишига йўл қўй­маслик керак, деб ҳисоблайди. Яъни амалда белгиланган меъёрлар, талаб ва мажбуриятлар лицензияда ўз аксини топиши лозим. Шунингдек, лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан депутатлик назорати ўрнатилиши талаб этилади. Қонунчилик талаблари бузилган ҳолда лицензия бекор қилиниши, лозим бўлса, жавобгарликка тортилиши керак, деб ўйлаймиз. Ана шунда ерости бойликларини асраш, улардан самарали ва мақсадли фойдаланиш мумкин бўлади.

Депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Лойиҳага кўра, маъмурий ҳу­қуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузишга ваколатли органларни аниқ назарда тутувчи масала ўрин олган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахс­лар ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан мониторинг тартиби ҳамда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш назарда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 255-моддасига учинчи ва тўртинчи қисми билан қўшимчалар киритилиши белгиланмоқда. Яъни мазкур Кодекснинг 511– моддаси талаблари бўйича қонунбузилиш аниқланган ҳолларда, меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ва меҳнат шарт-шароитлари давлат экспертизаси мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиши кўрсатилган. Қонун лойиҳаси билан бундай баённомани кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судга юбориш масаласи аниқлаштирилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.