17.05.2018

МИЛЛИАРДЛАБ САМАРАСИЗ ХАРАЖАТЛАР...

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Ҳисоб палатасининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тинглади

Ўтган йили Ҳисоб палатасининг ҳуқуқ ва ваколатлари кенгайтирилиб, ҳудудлардаги фаолияти самарали ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилган эди.

2017 йилда палатага юклатилган вазифалар ижроси бўйича ўтказилган текшириш ва ўрганишлар (аудит) натижалари юзасидан Президентга 66, Вазирлар Маҳкамасига 3 маълумотнома ва таҳлилий материаллар киритилган. 2145 ҳолатда 36,5 миллиард сўм ва 7 миллион АҚШ доллари ноқонуний ва самарасиз харажатлар, 38 ҳолатда 268,3 миллиард сўмлик бюджет тизимидаги қўшимча даромад суммаси аниқланган. 75 ҳолатда меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича таклиф ва эътирозлар билдирилган. 3442 ҳолатда амалий ёрдам ва кўрсатмалар берилган. Ҳисобот даврида маълумотнома ҳамда таҳлилий материаллар натижасида 10 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва баённомалар қабул қилинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Давлат маслаҳатчиси тасдиқлаган рўйхат асосидаги ишчи гуруҳлар Ҳисоб палатаси вакиллари билан бирга соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар ижросини таъминлаш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда ўрганишлар ўтказган. Унга кўра, қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳудудида аҳоли учун арзон ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар сотувини йўлга қўядиган «Дори-дармон» акциядорлик компаниясининг дорихоналарини жойлаштириш ҳамда ҳудудларда тез тиббий ёрдам шохобчаларини ташкил этиш ишлари қониқарсиз даражада экани маълум бўлган. Бирламчи тиббий муассасаларда умумий амалиёт шифокорлари, тор мутахассисликлар штат бирлиги тўлдирилмагани (вакант) таъкидланди.

Тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақирувлар учун дори-дармон воситаларига сарфланаётган бюджет маблағлари ўрганилганда бир марталик чақирув дори-дармон харажати учун ажратилаётган маблағлар республика ҳудудлари бўйича номутаносиблиги қайд этилган. Соҳага ажратилаётган маблағлар аввалги йилларга нисбатан кўплигига қарамай, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳолатида сезиларли ўзгаришлар йўқлиги ўрганилган. Барча маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳукуматга юборилган.

Шунингдек, сиёсий партиялар ҳисобига молиявий ҳамда бошқа маблағларнинг тўлиқ тушиши, устав фаолиятини молиялаштиришга бюджетдан ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишига қаратилган ўрганишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Ҳисоб палатасининг кўрсатмалари асосида молиявий хато ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилгани қайд этилди. Жумладан, текшириш натижаларининг самарадорлиги ва сиёсий партиялар аппарат ходимларининг салоҳияти ҳамда малакасини янада ошириш мақсадида семинарлар ўтказилган.

Депутатлар томонидан коммунал соҳадаги текширишлар натижаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонаси ишлаб чиқариш бирлашмасининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш тадбирларида 516 миллиард сўмлик камчиликлар аниқланган. Бунга иситиш мавсумига тўғри келмайдиган даврларда иссиқ сув белгиланган меъёрдан ортиқ сарфланишига йўл қўйилгани, марказлашган иссиқлик тизимига уланган кўп қаватли хонадонларга етказиб берилган иссиқлик манбаи учун тўлов яшаш майдонига нисбатан кам қилиб белгилангани ва яна қатор масалалар сабаб бўлган.

Ҳисоб палатаси жойларда 4 сектор раҳбарлари томонидан белгиланган вазифалар ижросига асосий эътибор қаратган. Аҳоли билан мулоқот учун яратилган қулайликлар, муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари тизимли йўлга қўйилгани палата аъзолари диққат марказида бўлган.

Хусусан, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уй-жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари таҳлил қилинган. Дастур асосида белгиланган таъмирлаш-тиклаш ишларининг тўлиқ бажарилмагани, манзилли дастурдаги уйлар том қисмини мукаммал таъмирлаш, олди ва кириш йўлакларини таъмирлаш, темир эшик, кодли қулф ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилмаган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида уй-жой мулкдорлар ширкатларига тижорат банклари томонидан 4,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиши таъминланган.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари муҳокама жараёнида ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Уларга Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Олимхон Рустамов жавоб берди.

Савол:

— 2017 йилда амалга оширилган ишлар хусусида Парламентга тақдим этилаётган маълумотларни атрофлича ўрганиб, таҳлил қилишимиз учун фракциялар йиғилиши ҳамда ялпи мажлис орасида жуда кам вақт қолмоқда. Ахборотни март, апрель ойларида эшитишнинг имкони борми?

Жавоб:

— Иккита янги йўналиш бўлгани учун зиммамизда вазифалар жуда кўп. 17 мингта топшириқ бор, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида ишлаш керак. 12 киши вақт ҳамда жисмоний жиҳатдан барча маълумотларни умумлаштиришга улгуриши қийин кечмоқда. Шунинг учун махсус қарор асосида сафимиз кенгайтирилиши ҳамда қўшимча ваколатлар берилиши режалаштирилган.

Савол:

— Ҳисоб палатаси фаолияти билан боғлиқ низомга мувофиқ хорижий мамлакатларнинг олий молиявий органлари ва уларнинг тузилмалари билан ҳамкорлик ўрнатилиши белгиланган. Бу борада қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?

Жавоб:

— Бу йил ноябрь ойига қадар Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Лойиҳани тайёрлашда жаҳон стандартларига мос бўлган меъёрлар киритилишига эътибор қаратамиз. Шунинг учун айни пайтда халқаро мутахассислар, хусусан, Жаҳон банки, КОICA ташкилоти билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Палатамиз вакиллари Корея давлатига бориб, тажриба орттириб келмоқда. Аввалги йилларда Япониянинг JICA ташкилоти билан ҳам ҳамкорлик қилганмиз, мутахассислар Японияга бориб, у ердаги тажрибани ўрганиб келишган. Ўйлайманки, бу чора-тадбирлар натижасида қонун лойиҳасини пухта тайёрлашга имкон яратилади.

Дунёдаги барча Ҳисоб палаталари ассоциацияси — INTOCAI халқаро ташкилоти йўналишларига қараб халқаро ҳамкорлик ишлари олиб борилади. Яъни, ҳеч қандай маблағ талаб қилинмайди. Ўзаро тажриба алмашиш, малака ошириш вазифалари белгиланган. Жорий йилда ушбу ташкилотга аъзо бўлиш кўзда тутилмоқда. Шунинг учун ассоциация талабларига жавоб берадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатга эга бўлишимиз керак. Ана шунда ҳамкорлик масалалари ўз-ўзидан йўлга қўйилади. Айни пайтда бу ишлар келишилган ҳолда, тор доирада олиб борилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.