08.05.2018

ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҚОНУНАН ТАРТИБГА СОЛИНАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Депутатлар лойиҳани партия дастурий мақсадлари ва аҳоли манфаатлари ҳамда жойлардаги ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, атрофлича муҳокама қилишди.

Таъкидландики, қонун лойиҳаси экс­тремизмга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унинг асосий вазифаси шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Конституциявий тузумни ҳамда давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлаш масалалари ҳам устувор ҳисобланади.

— Янги қонунда «экстремистик фаолият» («экстремизм»), «экстремист», «экстремизмни молиялаштириш», «экстремистик материал» тушунчаларига алоҳида таъриф берилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Зулайҳо Акрамова. — Шунингдек, экстремизмга қарши курашишнинг асосий тамо­йиллари ва йўналишлари белгиланган. Мазкур иллатга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи ҳамда амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ваколатлари ҳам белгилаб берилмоқда.

Экстремистик фаолиятни, шунингдек, юридик шахсларни ташкил этиш вақтида номлашда, экстремистик ташкилот билан боғлиқ номдан фойдаланишни тақиқлаш назарда тутилмоқда. Экстре­мизм­га қарши курашиш чораларини белгилаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш талаб этилади. Шунинг учун жамиятда ушбу иллатга нисбатан муросасизликни шакл­лантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўйлаймизки, мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга татбиқ этилиши тизимдаги қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилади. Лойиҳада экстремизм ва унинг оқибатларини бартараф қилиш, фуқароларда жавобгарликни кучайтириш тартиб-қоидалари ҳам ўз аксини топган. Ушбу иллатга қарши курашиш ва унга чек қўйишда муҳим ҳужжат ҳисобланади.

— Юртимиз тинчлиги, жамият фаровонлиги, одамларнинг осуда ҳаётини, дин ва эътиқод эркинлигини таъминлашда мазкур қонун долзарб аҳамият касб этади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракция­си аъзоси Саттор Раҳматов. — Бугун жаҳонда содир бўлаётган воқеалар кўрсатмоқдаки, турли қарама-қаршиликларнинг қасддан юзага келтирилиши, диний ва миллатлараро кескинликнинг сунъий равишда кучайтириб юборилиши оқибатида, бегуноҳ инсонлар, хусусан, болалар ва аёлларга катта зулм, жабр етказилмоқда. Ҳали ҳаётнинг баланд-пастини тушуниб етмаган ёшлар ёт ғоялар таъсирига тушиб, экстремистик фаолият иштирокчисига айланиб қолмоқда. Талафотлар натижасида кўрилаётган маънавий ва иқтисодий зарарнинг эса ўрнини қоплашнинг имконияти ҳам йўқ.

Шу ўринда, Президентимиз томонидан бу борада кўрсатилаётган ташаббусларни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Миллатлараро тотувлик, дин ва эътиқод эркинлиги борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишлар нуфузли халқ­аро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг V бўлими ҳам айни мазкур масалаларга қаратилган. Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар қамраб олинган. Тинчликни таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Демак, мазкур қонун лойиҳаси олиб борилаётган чора-тадбирларнинг узвий давоми бўлиб хизмат қилади.

Фракциямиз аъзолари экстремистик ташкилот тушунчасига берилган таърифга янада аниқлик киритиш керак, деб ҳисоблайди. Экстремистик фаолият профилактикаси масалаларида ҳам тушунарсизликлар бор. Такрорланаётган, бир-бирига яқин жумлаларни умумлаштириш керак.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар асосида фракция ўз позициясини белгилаб олди.

  



DB query error.
Please try later.