03.05.2018

ҚАРДОШЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ТАНТАНАСИ

Туркия Республикаси раҳбари Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимиз Парламентига ташрифи, у ерда сўзлаган маърузаси катта мамнуният билан кутиб олинди. Парламент аъзоларига мурожаат мазмун-моҳиятига кўра халққа мурожаатдир. Президент ўз нутқида икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожланиб, янги босқичга кўтарилгани, юртимизда олиб борилган музокаралар уни янада бойитганини таъкидлади. Давлатларимиз томонидан танлаб олинган ривожланиш йўлини қатъий қўллаб-қувватлади.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва қатъияти туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги саҳифа очилмоқда. Дўстлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган Ўзбекистон — Туркия ҳамкорлиги натижасида савдо, саноат, инвестиция, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларда кўплаб истиқболли дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Туркия Республикаси билан барча соҳалардаги ҳамкорлик, жумладан, парламентлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиши муҳим йўналишлардан биридир. Кейинги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланмоқда. Парламентлараро алоқалар ўзаро муносабатларимизнинг янада кенгайишига хизмат қилмоқда.

Айтиш жоизки, шу йил 5 март куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида «Туркия — Ўбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси — Парламент делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтди. Уларнинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси, яъни «Йўл харитаси» имзоланди.

Парламентимизга 30 апрель куни Туркия Республикаси Президентининг ташриф буюриши улкан тарихий воқеа бўлди.

Президент Режеп Эрдўғон Олий Мажлисда сўзлаган нутқида юртимизда олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолаган ҳолда, мамлакатимизга, халқимизга эзгу тилакларини изҳор этди.

Туркия Президентининг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг янги тарихига асос солди ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб берди. Имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Туркия Президенти ўз сўзида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари минг йиллик ўтмишга бориб қадалишини қайд этди. Ўзбекистон олиб бораётган тинч сиёсат йўлини халқаро майдонда ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.

Айтиш керакки, туркияликлар айрим соҳаларда анча ривожланиб, илгарилаб кетган. Унинг бир йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажми бир триллион долларга яқин. Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлик икки томонлама манфаатли алоқаларни мутлақо янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга, Туркия билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Европа ва дунёга чиқишига янги йўл очади. Ушбу жараёнда мамлакатларимиз парламентлари алоҳида ўрин тутади.

Шуни ҳам инобатга олиш керакки, мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажми кейинги йилларда сезиларли даражада ортди. Хусусан, 2017 йилда бу кўрсаткич 25 фоизга ўсиб, қарийб 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич яқин вақтлар ичида 5 миллиардга етказилиши бўйича барча имкониятлар борлиги таъкидланди.

Туркия раҳбари ўзининг самимий ва очиқ нутқида қадимий шаҳарларимиз ўртасида ҳам ўхшаш жиҳатлар борлигига эътибор қаратди. Бухоро, Самарқанд каби Истамбул, Измир ва бошқа тарихий масканларнинг бунёд этилиши умумий аждодларимизга тегишли эканини эътироф этди. Бу ўртадаги ришталарнинг ажралмас ва мустаҳкам бўлишини таъминлайди.

 

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи нафақат давлатлараро ҳамкорликнинг, балки халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг ҳам рамзи бўлди. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф чоғида яққол ифодасини топди. Олий мартабали меҳмон ўзбек халқининг шонли ўтмиши, улуғ аждодларимизнинг башарият цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида тўлқинланиб гапирди. Парламент аъзолари орқали бутун ўзбекистонликларга билдирган тилаклари юракдан айтилди, самимий айтилди.

Туркия мамлакатининг мустақиллигида халқимизнинг хайрихоҳ бўлгани ҳақида тарихий мисоллар келтирди. Бир сўз билан айтганда, аждодларимиз бир, ўтмишимиз ягоналигидан фахрланиш туйғуларини баён қилди.

Шунингдек, амалий ҳамкорлигимизни ҳар томонлама чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий алоқалар имкониятларини кенгайтириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Чиндан ҳам, ишлаб чиқариш қувватлари, инфраструктура, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳамкорликни янада жонлантиришга қаратилаётган эътибор ҳаммамизни хурсанд қиляпти. Яқин вақтлар ичида барча ўзгаришлар, янгиланишлар ўз мевасини беради, деб ўйлайман.

Аҳоли турмуш маданиятини юксалтиришда туризм соҳасидаги ислоҳотлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада ҳам давлатлараро манфаатли алоқалар янги босқичга кўтарилиб бормоқда. Минглаб туркияликлар юртимизда бўлишни, ота юртини зиёрат қилишни истаганидек, ўзбекистонликлар ҳам аждодларимиз яшаб ўтган ерларда бўлишни орзу қилади. Туркиялик сайёҳлар учун бир ой муддатда мамлакатимизда визасиз ҳаракатланиш имкони яратилгани муҳим воқеа, албатта. Дўстлик, биродарлик ришталари оддий одамларнинг меҳри-муҳаббати орқали янада мустаҳкам бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.