01.05.2018

ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ШАФФОФ БЎЛИШИ КУТИЛМОҚДА

Қонунда давлат харидлари тизимининг ҳуқуқий жиҳатлари, асосий тамойиллари очиб берилган. Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланиб, унга давлат харидлари бўйича қатор ваколатлар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳамда мутахассисларга айрим саволлар билан мурожаат қилдик.

 

— «Давлат харидалари тўғрисида»ги Қонунни қабул қилишдан мақсад ва унинг асосий жиҳатлари нималардан иборат?

 

Эркин ҲОСИЛОВ, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бош мутахассиси:

— Давлат хариди тизимида шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш масаласи қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этди. Янги қонунда электрон давлат харидининг давлат бошқаруви тизими, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиш шароитида ресурслардан оқилона фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш, назорат қилишнинг замонавий шакл ҳамда услубларини жорий этиш кўзда тутилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат ва корпоратив харидларининг ҳамда тендер савдоларини ташкил этишнинг амалдаги тартиби замонавий талабларга жавоб бермайди. Турли хил коррупция кўринишлари учун шароит яратадиган кўплаб келишиш босқичлари, бир-бирини такрорлайдиган тартиб-таомиллар ва сансалорлик ҳолатлари мавжуд. Бундан ташқари, тендер жараёнларининг чўзилиши, нарх-навони манипуляция қилиш, товарларнинг сифати, тавсифи ҳақидаги маълумотларни бузиб кўрсатиш ва электрон савдода тузилган битимлар бўйича товарларни етказиб бермаслик ҳолатлари кўплаб кузатилди.

Қонун давлат дастурларини, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишлари, ҳукумат қарорларида назарда тутилган лойиҳалар, корхона ва ташкилотларнинг хўжалик фаолиятини рўёбга чиқаришда амалга ошириладиган давлат харидларига нисбатан амал қилади. Қонунни қўллашни соддалаштириш учун айрим тушунчаларга батафсил изоҳ берилган. Масалан, давлат харидларининг субъектлари, давлат харидлари тўғрисидаги шартнома, харид қилиш тартиб-таомили, махсус ахборот портали оператори, электрон давлат харидлари каби тушунчалар тушунтирилган.

Қонундаги муҳим масалалардан яна бири шуки, давлат харидларининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш мақсадида тегишли давлат органларига, давлат харидлари субъектларига, жамоатчиликка давлат харидлари тўғрисидаги ахборотдан тўлиқ, ўз вақтида, эркин ва бепул фойдаланиш имконияти яратилмоқда. Бундан ташқари, Қонунда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг мақсадга мувофиқлиги, асослантирилгани ва рентабеллигини таҳлил қилиш, баҳолаш қоидалари ифода этилган. Уларнинг қийматини ошириб кўрсатиш ва бошқа суиистеъмолчилик аломатларини аниқлашни таъминлайдиган меъёрлар киритилган.

Қонунда шунингдек, давлат харидлари тартиб-таомилини амалга ошириш, шартнома тузиш ва уни ижро этиш қоидалари белгиланган. Етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасида юз бериши мумкин бўлган низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш, уларни ҳал этиш чоғида шаффофликни рўёбга чиқаришни назарда тутувчи меъёрлар ҳам ўрин олган.

 

— Давлат харидлари соҳасидаги ваколатли органнинг вазифалари қай йўсинда амалга оширилади?

 

— Қонунда бюджет маблағларининг мақсадли ва тўғри сарфланишини назорат қилиш, давлат харидлари иштирокчиларига қулай шароитлар яратиш мақсадида Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ваколатли орган этиб белгиланди ва унга қатор ваколатлар берилди.

Ваколатли орган давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади. Давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича қоидалар, унинг усули ва тартиб-таомилини, ахборот жойлаштириш, ошкор қилиш ҳамда ундан фойдаланиш мезонини белгилайди.

Таъкидлаш керакки, давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш долзарб масала саналади. Қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш ва унга чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳамда Молия вазирлиги зиммасига юклатилган. Мазкур давлат идоралари соҳани мониторинг ва назорат қилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, Қонунда жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгинланди. Мақсад давлат харидларини ривожлантириш ва такомиллаштиришга кўмаклашишдан иборат.

 

 

— Давлат харидларини амалга оширишда шаффофликни таъминлаш масалалари ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсангиз.

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети харажатларининг асосий қисми давлат харидлари орқали амалга оширилади. Бюджет маблағлари оқилона сарфланиши мазкур жараёнларда очиқликни таъминлайди. Бу коррупцияга йўл қўйилмаслигида катта аҳамиятга эгадир.

Таъкидлаш жоизки, меъёрий ҳужжатларда ҳуқуқий асос аниқ, уйғун, тўлиқ акс эттирилмаган ва кўпгина қарама-қаршиликлар мавжудлигини кўриш мумкин эди. Бу каби камчиликлар натижасида давлат харидларининг тежамлилиги, самарадорлигига путур етган. Барча иштирокчиларга нисбатан тенг ва холисона муносабатда бўлинмаган. Инсофли етказиб берувчилар учун давлат харидлари бозорининг жозибадорлиги ҳамда рақобатдошлиги таъминланмаган эди.

Янги ҳуқуқий ҳужжат давлат харидларини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш, шу орқали давлат харидлари иштирокчиларининг ишончини оширишга хизмат қилади. Давлат харидлари соҳасида махсус ваколатли органни белгилаш ушбу жараёнларни тўлиқ назорат қилиш, таҳлил юритиш ва такомиллаштириш имконини яратади.

Давлат буюртмачилари икки турга бюджет ва корпоратив буюртмачиларга бўлинади. Бюджет буюртмачилар таркибига давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун юбориладиган бюджет маблағларини олувчилар киради. Корпоратив буюртмачилар давлат корхоналари, устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек, таъсисчилар таркибида устав фонди 50 фоиз ва ундан ортиқ қисмини ташкил қилувчи юридик шахслар бўлиши мумкин.

Қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш учун ҳаволаки меъёрлардан фойдаланмаслик мақсадида электрон дўкон, танлов, тендер ва аукцион ўтказишнинг тартиби ҳам белгилаб қўйилган.

 

— Янги қонун амалда нималарни ўзгартиради?

 

— Давлат харидлари асосан электрон дўкон орқали амалга оширилиши энг муҳим ўзгариш бўлади. Бу тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар йўлини очади.

Харид қилиш тартиб-таомиллари давлат ва жамоатчилик назоратида бўлиши жуда муҳимдир. Мониторинг юритилиши соҳа самарадорлигини таҳлил қилиш имконини оширади. Харид қилиш тартиб-­таомиллари устидан жамоатчилик назорати очиқлик ва шаффофлик орқали амалга оширилади.

Мазкур қонун ёрдамида давлат харидларининг ўзига хос янги тизимини яратишга эришилади. Натижада бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, ҳукумат кафолати билан кредит ресурсларидан самарали фойдаланиш имкони ортади. Давлат сектори «нарх-сифат»нинг ўзаро мақбуллигида керакли миқдорда зарур товар, ишлар ва хизматлар билан таъминланади. Харидларни рақобат асосида амалга оширишнинг очиқ ва шаффоф механизми йўлга қўйилади. Энг муҳими, мазкур жараёнларда коррупциянинг олдини олиш йўлида катта қадам қўйилади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.