28.04.2018

ТОШЛОҚДАГИ МУАММОЛАР ЎЗ-ЎЗИДАН ҲАЛ БЎЛМАЙДИ

Хабарингиз бор, ҳар ойнинг дастлабки 10 куни давомида Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунучилик палатаси аъзолари жойларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда. Учрашувлар давомида аниқланаётган катта-кичик муаммоларни қоғозга қайд этиб қўйиш эмас, уларга амалда ечим топиш долзарб масаладир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги ҳақиқий аҳволни ўрганди.

Туманда 196,2 минг киши 51 МФЙда истиқомат қилади. Жами 48 мактаб, 20 та мактабгача таълим муассасаси, бир шифохона, 3 қишлоқ врачлик пункти, 6 қишлоқ оилавий поликлиникаси ва 6 коллеж мавжуд.

2018 йил учун ҳам минтақавий инвестиция дастури шакллантирилган ва унга 17 та лойиҳа киритилган, 11 миллиард 293 миллион сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган (саноат йўналишида 6 та, хизмат кўрсатиш йўналишида 7 та ва қишлоқ ҳўжалиги йўналишида 4 та). Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун тижорат банклари кредитлари ҳисобидан 5 миллиард 730 миллион сўм, лойиҳа ташаббускорлари ҳисобидан 5 миллиард 563 миллион сўм миқдорида маблағ сарфланиши белгиланган. Уларни амалга ошириш ҳисобига 143 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳи аъзолари 483 хонадонда бўлиб, 330 масалани рўйхатга олди. Кўтарилган муаммолар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг 136 таси жойида ҳал этилди. 14 масалани вилоят, 6 тасини республика даражасида ҳал этиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

50 га яқин фуқаро иш билан таъминланди, 100 га яқин фуқарони ишга жойлаштириш бўйича мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан келишиб олинди.

Парламент вакиллари тумандаги 28-умумтаълим мактаби фаолияти, унинг ҳолати билан яқиндан танишди. Мактабда ўқувчиларга берилаётган таълимнинг сифат даражаси ҳамда давомат таҳлил қилинди. Ўқитувчи-педагоглар билан мулоқотда таълимни жаҳон андозаларига жавоб берадиган инновацион технологиялар асосида ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Бу борада ўқитувчиларнинг тажриба алмашинуви ҳамда амалий машғулотларни кўпайтириш кераклигига эътибор қаратилди.

Тумандаги «Яккавут» маҳалла фуқаролар йиғинида оилавий ажримлар ҳамда ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинди. Ҳудуддаги муаммолар ўрганилди. Уларнинг ечими юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборишга келишиб олинди.

Парламент вакиллари Ёшлар иттифоқи туман бўлимида ҳам бўлиб, яратилган шароит билан яқиндан танишди. Муқим иш ўрнига эга бўлмаган уюшмаган ёшлар билан кўпроқ ишлаш борасида таклифлар билдирилди.

Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш масаласи бугунги кунда жуда долзарбдир. Шунга мувофиқ, тумандаги чорва ва деҳқон хўжаликларида олиб борилаётган ишлар ҳам ишчи гуруҳ аъзолари диққат марказида бўлди. Аҳолини гўшт ва сут маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси таҳлил қилинди.

Шундан сўнг тумандаги «Сирлимачит» маҳалласида жойлашган 8-умумтаълим мактабига борилди. Мазкур мактаб биноси ҳамда унга яқин жойлашган 4-мактабгача таълим муассаси биноси ачинарли ҳолга келиб қолган. Ҳар иккала муассаса биносининг деворлари заҳлаб, нурай бошлаган. Маҳалла аҳли ҳудуддаги яроқсиз ҳолга келиб қолган ер ости қудуғи (скважинаси) дан сизиб чиқаётган сув бунга асосий сабаб бўлаётганини айтди.

Тумандаги 19 ва 44-умумтаълим мактабларида эса ўқувчилар овқатланиши учун шароит мавжуд эмас. Ошхона деб фойдаланилаётган жой санитар-гигиена талабларига жавоб бермайди. Тозаликка риоя этиш, бола саломатлиги учун хавфсиз тарзда овқат тайёрлаш, истеъмол қилиш масаласи зудлик билан ечим талаб этади.

2018 йил учун туманда экспорт режаси 10 миллион 566,7 минг АҚШ доллари, жорий йил биринчи чораги учун эса режа 966,4 минг доллар миқдорида белгиланган. Амалда 771,5 минг долларлик ёки белгиланган режанинг 79,8 фоизи бажарилган.

Саноат маҳсулотлари экспорт қилувчи «Мерфен-Ко» МЧЖ (пойабзал ишлаб чиқариш) 2018 йил 1 январдан четдан келтириладиган хом ашёга белгиланадиган солиқ тўловлари миқдори ошиши эвазига ишлаб чиқариш маҳсулотлари нархи деярли 3 баробарга ортиб кетган.

Тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг халқ депуталари туман Кенгаши сессиясида ҳисобот бериш жадвали ишлаб чиқилган, лекин 2018 йилнинг биринчи чораги бўйича ҳисоботи ҳали ҳануз берилмаган.

2016-2017 йиллар давомида 50835 нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг 50502 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Аммо 333 нафари сабабсиз тиббий кўрикдан ўтказилмаган.

Тумандаги ичимлик сув тармоғи 243 километрни ташкил қилиб, 141 километри таъмирга муҳтож. Аҳолининг марказлаштирилган ичимлик суви билан таъминланганлиги атиги 4 фоизни ташкил этади. 149 ичимлик сув қудуқларидан 34 таси таъмирталаб ҳолатда.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида юқоридаги ҳолатлар ва аниқланган камчиликлар туман мутасадди раҳбарлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Сессия иштирокчилари парламент вакиллари тайёрлаган таҳлилий-танқидий ахборот билан танишди.

Қайд этилганидек, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилган. Лекин йўл қўйилаётган камчиликлар ҳамда эътиборсизликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Уй-жой коммунал ва транспорт хизмати, йўл қурилиши билан боғлиқ долзарб масалалар тўпланиб қолгани таъкидланди. Таълим, соғлиқни сақлаш, пул-кредит билан боғлиқ ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас.

— Туманнинг марказий кўчаларидаги йўналишли, йўналишсиз таксилар учун тўхташ жойлари ташкил қилиш мутасадди раҳбарларнинг эътиборидан четда қолган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияиси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Ҳар ким исталган жойга автомашиналарини қўйиб кетиши тартибсизликларни юзага келтирмоқда.

Бундан ташқари, тумандаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Кўп қаватли уйларнинг том қисми, йўлаклар таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ертўлаларни чиқиндилардан тозалаш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Кўп қаватли уйларнинг фасад қисми ўтган асрни ёдингизга солади. Уларни замонавий кўринишга келтириш учун катта маблағ талаб этилади.

Истиқлол маҳалласининг «Юксалиш» кўчасида яшовчи Муҳаммад Содиқ Турсуналиев ва Илҳомжон Раҳматжонов даволанишга муҳтож. Уларнинг қаровчиси бўлган оналарига эса нафақа тайинланмаган. Бу масалада соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари эътиборлироқ бўлиши талаб этилади.

Сессияда Олий Мажлис Конунчилик палатаси спикери ўринбосари, парламент ишчи гуруҳи раҳбари Ҳотамжон Кетмонов қатнашди ва сўзга чиқди. Муаммоларни ҳал этиш учун имкониятлар қидириб топиш ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича туман «йўл харитаси» ишлаб чиқиш белгиланди. Туман ҳокими ўринбосарларига мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликда қатор вазифалар юклатилди.

Унда туманга вилоят маҳаллий бюджетидан ажратиладиган субвенция миқдорини камайтириш борасида тегишли чоралар кўриш назарда тутилган. Белгиланган экспорт режаларини туман иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими билан биргаликда бажариш талаб этилади.

Аҳолининг ичимлик суви ҳамда газ балонларига бўлган эҳтиёжини ҳар бир маҳалла кесимида қайтадан ўрганиб чиқиш ва тўпланган маълумотлар асосида масалага ечим топиш белгиланди. Эски типдаги ёғоч устунлари, кам қувватли трансформаторлар ҳамда ҳаво узатмаларини янгилаш билан боғлиқ манзилли таклифлар ишлаб чиқилиши қайд этилди.

Пудратчи ташкилотлар томонидан намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойларни қуришда сифатсиз маҳсулотлардан фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Шунингдек, секторлар билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда тизимли фаолиятини йўлга қўйишга оид масалалар ҳам қарорда ўз аксини топди.

Сессия қарорида белгиланган ҳар бир вазифа устидан қатъий депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.



DB query error.
Please try later.