26.04.2018

ЭҲТИЁЖМАНД АЁЛЛАР УЧУН АРЗОН УЙ-ЖОЙ БЕРИШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ

Дунёдаги жамики аёллар бошпанаси бўлишини, унда оиласи билан шод-хуррам, хотиржам ҳаёт кечиришни истайди. Аммо тақдир тақозоси билан, турли сабабларга кўра айрим аёлларда бундай имконият бўлмайди.

Ўтган йили Президентимиз ташаббуси билан ногиронлиги бўлган шахсларга, муҳтож оилаларга имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой берилди. Уларнинг имкониятлари ҳисобга олиниб, бошланғич бадаллар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Маҳаллий ҳокимликлар, турли ташкилотлар, саховатпеша инсонлар кўмагида катта савоб ишга қўл урилди. Аммо эҳтиёжманд аёллар ва оилаларга уй бериш тартиби меъёрий ҳужжат билан белгиланмаганди. Мазкур масалани оқилона ҳал этиш мақсадида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент фармони асосида жорий йил 12 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароит яратиш мақсадида арзон уй-жой бериш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, арзон уй-жойлар «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги ҳамда «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорлари асосида берилади. Ҳар йили ажратиладиган уй-жойлар сони эса 2016 йил декабрдаги Президент қарорида назарда тутилган туманлар ва шаҳарлар тоифасига боғлиқ бўлади. Яъни биринчи тоифага кирадиган туманларда биттадан, иккинчи тоифадаги туманларда эса иккитадан икки, уч қаватли уйлардаги хонадонлардан 2-3 хонали, бештагача биринчи тоифадаги ва саккизтагача иккинчи тоифадаги туманлардан ҳовлидаги иморатлари билан 0,2 гектарли ер участкаларидан 2-3 хонали бир қаватли уй-жойлардан ажратилади. Шунингдек, биринчи тоифага кирадиган шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида олтитагача кўп қаватли уйлардаги 2-3 хонали хонадонлардан берилиши кўзда тутилган. Иккинчи тоифадаги шаҳарларда эса бу кўрсаткич ўнтага етиши қайд этилган. Қарорда ногиронлиги бўлган аёлларга ҳам уй-жой ажратилиши белгиланган бўлиб, бунда уларнинг имкониятлари ҳам ҳисобга олинган. Уларга кўп қаватли арзон уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватидан хонадонлар ажратилиши кўзда тутилган.

— Эҳтиёжманд аёлларга ёрдам бериш олижаноблик, инсонпарварликнинг юксак намунаси ҳисобланади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Аксавли Тумишова. — Президент фармони асосида ҳукумат томонидан хотин-қизларга арзон уй-жой бериш тартиби тасдиқлангани айни вақтида ва ўрнида қабул қи­линган қарор бўлди, деб ўйлайман. Аҳоли вакиллари бу борада ўзларининг илиқ фикрларини билдиришмоқда.

— Жойлардаги мулоқотлар давомида уй-жой олишда ёрдам бериш масаласи билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлган, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова. — Очиғи, бу борада маълум бир меъёрий ҳужжат мавжуд бўлмагани боис уларга қандай жавоб қайтаришга ҳайрон бўлардик. Президент фармони асосида қабул қилинган қарорда эҳтиёжманд аёлларни ўйлантираётган кўплаб саволларга жавоб топилди. Бундан барча бирдек хурсанд бўлди.

Орамизда уйга муҳтож, аммо арзонлаштирилган нархида ҳам бошланғич бадалга қурби етмайдиган, маълум сабабларга кўра доимий даромад манбаига эга бўлмаган оилалар бор. Улар бошланғич бадал учун 20-30 миллион пулни қандай қилиб, қаердан олиб тўлайди? Тўғриси, бу савол кўпчиликни қийнаб келарди. Ҳукумат қарорида мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Яъни бериладиган уй-жойлар учун тўловнинг 25 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бош­қа манбалар ҳисобига қопланади. Бу бошланғич бадал ҳисобланиб, қайтармаслик шарти билан тўлаб берилади.

Маълумот ўрнида: ушбу фонд жорий йил март ойида ташкил этилган. Фонд маблағлари ҳар йили 300 миллиард сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Давлат бюджети, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Арзонлаштирилган уй-жойнинг 75 фоизи эса ипотека асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилади. Низомда кредит дастур иштирокчисининг, яъни уй олувчининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган. Аммо талабгор аёл кам таъминланган, кредитни қоплаш лаёқати етарли бўлмаган тақдирда қандай йўл тутилади? Бундай вазиятда у ишлаётган ташкилот, касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобига кредит тўлови амалга оширилиши Низомда ўз тасдиғини топган.

Арзонлаштирилган уй-жойга эгалик қилишни кўпчилик хоҳлайди. Эҳтиёжи бўлмаса-да, келажакда фарзандимга ёки неварамга керак бўлиб қолар, деган ўйда ҳаракат қиладиганлар ҳам йўқ эмас. Низомда масаланинг нозик томонларига ҳам ойдинлик киритилган. Арзон уй-жой бериш учун аризаларни қабул қилиш, талабгорни танлаб олиш ва уларга ёзма тавсиялар бериш тартиби белгиланган. Бу қандай амалга оширилади?.. Ариза берувчи талабгор сифатида ёзма тавсияни олиш учун Комиссия раисига доимий яшаш жойи бўйича сўровнома-ариза, ҳужжатларни тақдим этади. Бундай комиссиялар туман ва шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган бўлиб, талабгорларни танлаб олиш билан шуғулланади. Тақдим этилган ҳужжатлар ишончлилигига эса ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади.

Арзонлаштирилган уй-жойлар ҳақиқатда муҳтож инсонларга берилишида нав­бат масаласи жуда муҳим ҳисобланади. Шунинг учун, Низомда рўйхатга олиш тартиб-қоидалари ипидан игнасигача белгилаб қўйилди. Қаранг, Низомда ариза туман (шаҳар) комиссияси раисининг қарори билан тайинланадиган ваколатли шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинишидан тортиб, аризалар ҳисоби алоҳида рўйхатдан ўтказиш журналида юритилишигача кўрсатиб ўтилган. Журнал рақамланган, ип билан тикилган ва Комиссиянинг ваколатли шахси томонидан муҳрланган бўлиши керак. Ҳар бир аризага тегишли журналда такрорланмайдиган рўйхатдан ўтказиш рақами берилади. Аризалар журналга кетма-кетликда, улар олинишига қараб ­киритилиши талаб этилади. Буларнинг бари жараён шаффоф ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида батафсил кўрсатиб ўтилган.

Арзонлаштирилган уйларга даъвогарлар кўп. Таниш-билишчилик ёки бошқа йўллар билан рўйхатдан илгарилаб кетишга ҳаракат қиладиганлар ҳам топилади. Бу ҳолатда уйга бошқалардан кўпроқ муҳтож инсон навбатидан пастлаб кетса, унинг ислоҳотларга ишончи сусаяди. Шунинг учун ҳар бир мурожаатчига тегишли рақам бермасдан туриб, аризани кўриб чиқиш таъқиқланади.

Дастурда иштирок этиш учун ариза ва ҳужжатлар тақдим этишнинг охирги санасидан кейин 15 кун ичида кўриб чиқилади. Ижтимоий устуворлик мезонлари асосида танлов натижалари тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда ариза берувчининг уй-жойга муҳтожлик даражаси Комиссия томонидан қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади. Шундан кейин ижобий қарор қабул қилинса, имтиёзли кредит асосида унга ёзма шаклда тавсия берилади. Устуворлик якунлари бўйича олинган балларни кўрсатган ҳолда текшириш далолатномаси икки нусхада тузилади. Унинг бир нусхаси имзо қўйдирилган ҳолда аризачига берилади.

Агар ариза рад этилса, нима бўлади?.. Бундай ҳолатда аниқ сабабларини келтириб ўтиш талаб этилади. Камчиликлар тўғриланиб, ҳужжатларни такроран тақдим этишга ҳақли бўлган муддатни кўрсатган ҳолда бир иш куни мобайнида ёзма шаклда хабарнома жўнатилади. Талабгор хабарномани олгандан бошлаб беш иш кунида рад этилиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни қайтадан тақдим этишга ҳақли бўлади.

Шу ўринда комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда, уй-жойга муҳтож хотин-қизларни аниқлашда қандай мезонларга таянилади, деган савол туғилиши табиий. Низомга кўра, ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги, ёки ижарада,­ яроқсиз хонадонда яшаши, бошқа оилалар билан бирга бир уйда истиқомат қилиши, кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ), ариза берувчи оиласининг даромади ҳисобга олинади. Шунингдек, ижтимоий хусусиятига кўра, алоҳида хонада яшаши керак бўлган бемор аёллар, оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг мавжудлиги, ёлғиз ўзи ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган, кам таъминланган оилада якка ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган аёлларга ҳам арзонлаштирилган уйлардан белгиланган тартибда берилиши назарда тутилган.

Талабгорлар рўйхати шакллангач, ҳудудий хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилади. Молия вазирлиги, «Оила» маркази, инжиниринг компаниялари билан биргаликда умумлаштирилган рўйхат асосида уй-жойларни қуриш учун зарур маблағларни аниқлайди. Талабгорнинг жамғарма омонат ҳисоб рақамига бошланғич бадал ўтказилиши таъминланади. Хотин-қизлар инжиниринг компанияси филиаллари билан дастлабки шартномани имзолашади. Шундан сўнг уй-жой қуриш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилади.

Жараёнда келиб чиқадиган низолар белгиланган тартибда суд томонидан кўриб чиқилади. Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Эҳтиёжманд хотин-қизлар, оналарга арзон уй-жой бериш бўйича аниқ тартиб белгиланиши ўткир ижтимоий масалаларни ҳал этишда долзарб аҳамият касб этади. Низомда кўрсатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қилиниши, адолат таъминланиши жуда муҳим масала. Шунинг учун бу жараёнда жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш талаб этилади.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: