14.04.2018

ҚУДУҚ ЧОРАСИЗЛИКДАН ҚАЗИЛАДИ

Ер ости сувларидан ноўрин фойдаланиш масаласида маъмурий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланмади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда «Адолат» СДП фракциясининг қўшма йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон ХДП ва «Адолат» СДП фракцияси аъзолари томонидан мазкур қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланмаган ва жорий йил 15 март куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси кун тартибидан чиқарилган эди. Сабаби, аҳоли манфаатлари ҳамда жойлардаги ўрганишлар давомида билдирилган муаммолардан келиб чиқиб, депутатлар томонидан қатор масалалар кўтарилган. Саволларга қониқарли, асосли жавоб олинмагани учун лойиҳа қайтарилган. Бу гал ҳам фракциялар аъзолари ўз позицияларини билдирди.

Қонун лойиҳасида ер ости сувларидан рухсатсиз сув олиш масаласи бўйича жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Бунёд Эшонқулов. — Яъни сув қудуқларини қазишнинг белгиланган қоидалари ва технологиясини бузганлик, қудуқларни рухсатсиз қазиганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солиш назарда тутилмоқда. Ушбу ҳуқуқбузарлик қайта содир этилса, жарима миқдори янада оширилиши таклиф этиляпти. Фикримизча, мавжуд қудуқларни ёпиб ташлаш ёки жаримага тортиш масаланинг ечими бўла олмайди. Аҳолини сув билан таъминламасдан туриб, турли жавобгарлик белгиланиши норозиликларга сабаб бўлади.

Фикримизча, аввало, ер ости сувларидан самарали ва тўғри фойдаланиш ҳақида жамоатчиликка тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш зарур. Бу орқали чучук сув захирасини тежаш имкони ортади.

Қаерда сув кўп, қайси ҳудудларда камроқ экани бўйича аниқ маълумотга эга бўлиш ва ана шу асосда сувдан фойдаланиш меъёрларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлади. Кимдир аҳолига ёрдам бериш мақсадида ўз маблағлари ҳисобига қудуқ кавласа, уни жавобгарликка тортиш эмас, унинг ишини қонунийлаштириш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, сувдан тежаб, оқилона фойдаланиш борасида йўл-йўриқ кўрсатилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Қонун қабул қилиниши халққа қўшимча қулайлик ҳамда имконият яратиб бериши керак, яъни давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қонуннинг ижодкори ҳам, муаллифи ҳам халқ бўлиши керак, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Қонун лойиҳасида назарда тутилгани каби жарима белгиланса, муаммо ечим топишига кафолат борми? Қолаверса, бундан аҳоли қандай манфаат кўради?..

Фракциямиз фикрича, ер ости чучук сувлари қудуқларини қазишнинг эмас, бурғулашнинг белгиланган қоидалари ва технологиясини бузиш, сув учун қудуқларни рухсатсиз бурғулаш учун жарима белгилаш тўғри бўлади. Чунки қазиш тушунчаси билан бурғулаш тушунчаси ўртасида катта фарқ бор. Бундан ташқари, қонун лойиҳасидаги таклиф Вазирлар Маҳкамасининг Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига ҳамда шу асосда тасдиқланган Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга тўғри келмайди.

Низомга кўра, ер ости чучук сувларидан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик рухсатнома беришнинг асосий мақсади ҳисобланади. Яъни бу орқали сувга бурғулаш ишларининг амалга оширилишини ҳисобга олиш, ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш фаолияти ва уларни назорат қилишни тартибга солиш ҳамда ер ости сув қатламларини сақлаш назарда тутилган. Қонун лойиҳаси бу масалада номутаносибликни юзага келтирмоқда. Фракциямиз аъзолари аввало шу вақтга қадар бурғуланган сув қудуқларини тартибга солиш, шундан сўнг улардан ноқонуний фойдаланганлик учун жарима белгилаш керак, деб ҳисоблайди.

Фикримизча, қонун лойиҳасидаги меъёрларга аниқлик киритиш лозим. Қудуқ ҳавасга эмас, чорасизликдан қазилади. Одамларни ичимлик суви билан таъминламасдан туриб, улар фойдаланаётган қудуққа таъқиқ қўйиш, ёпиш мантиққа ҳам, инсонпарварлик тамойилига ҳам зид, деб ҳисоблаймиз. Шунинг учун масалани ҳар томонлама пухта ўйлаб, фуқароларга тоза ва истеъмолга яроқли сув етказиб бериш муаммосини оқилона ҳал қилиш талаб этилади.

Йиғилишда депутатлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.

Муҳокамалар якунида ҳар икки партия фракциялари аъзоларининг аксарият қисми ушбу қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватламади.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.