20.02.2018

«ИСТЕЪМОЛ САВАТЧАСИ» ҚАНДАЙ САВАТЧА?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси партия Марказий Кенгаши билан ҳамкорликда «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси» тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш ҳамда уларни ҳаётга жорий этиш масалалари хусусида давра суҳбати ўтказди.

Маълумки, Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Давра суҳбатида энг кам истеъмол харажатлари (истеъмол саватчаси) стандартларини белгилашнинг асосланган ва замонавий механизмларини ўрганиш, хориж тажрибасини таҳлил қилиш, шу асосда аниқ таклифларни шакллантиришга масъул ишчи гуруҳлари тузиш масаласи муҳокама қилинди.

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли даромадларини кўпайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш сифатини ошириш, уй-жой билан таъминлаш тадбирлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларнинг натижаси одамларнинг ҳаёт даражаси юксалишига хизмат қилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — ­Аслида имкониятларимиз бунданда кўпроқ. Улардан самарали фойдаланиш учун аҳоли турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ масалаларни назарий ва услубий жиҳатдан чуқур ўрганиш, илмий асосланган таклифларни бериш зарур. Бунда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, камбағалликнинг олдини олиш, аҳолини минимал даромад билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Айтиш керакки, яшаш минимуми кўрсаткичлари давлат томонидан ижтимоий сиёсат юритишда қўлланилади. Хусусан, аҳолининг турмуш даражасини баҳолаш учун яшаш минимумидан паст, тенг ва юқори даромадли аҳоли салмоғи аниқланади. Шу асосда аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш учун аниқ етиб борадиган манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Энг кам иш ҳақи ва пенсияларни асослашда фойдаланиладиган ушбу кўрсаткич кам таъминланганлик мезони ҳамдир.

Аҳолининг минимал ижтимоий стандартларини ошириб бориш, энг кам миқдордаги ижтимоий стан­дарт­ларни ишлаб чиқиш, яшаш учун керак бўлган маблағнинг энг кам миқдорини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари муҳим ҳисобланади.

— Келинг, «истеъмол саватчаси» нима, деган саволга аниқлик киритиб оламиз, — деди Иқтисодиёт вазирлиги масъул ходими ­Анвархон Умархўжаев. — У инсоннинг нормал ҳаёт кечириши учун зарур бўлган озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда хизматларни ўз ичига олади. Яъни, одамнинг даромади яшаш учун зарур бўлган энг муҳим эҳтиёжларини қаноатлантиришга етиши керак. Кўп давлатларда ижтимоий нафақалар шунга қараб белгиланади. Мамлакатимизда истеъмол саватчасига оид тушунчалар ҳуқуқий тартибга солиниши аҳоли даромадлари «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га мос бўлишига асос яратади.

2018 йил 1 июлидан аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдори ҳудудлар кесимида «яшаш минимуми» ва «истеъмол саватчаси»га мутаносиблиги таъминланиши лозим. Бу Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида кўзда тутилган.

Айтиш керакки, «истеъмол савати»ни белгилашда минимал озиқ-овқат савати муҳим ўрин тутади.

Қолаверса, «Истеъмол савати»ни белгилашда иссиқ ёки совуқ табиий-иқлим шароити, аҳолининг асосий ижтимоий-демографик гуруҳлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматлар истеъмол қилинишидаги миллий анъаналар, маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳимдир. Шунинг учун инсон саломатлигини сақлаш, унинг ҳаётий фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлар ва хизматларнинг намунавий минимал турлари рўйхатини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар ўрганилмоқда.

— «Истеъмол минимуми» инсон танасининг нормал ишлашини таъминлашга хизмат қилади, — деди Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Боймурод Юсупов. — Маълумотларга кўра, «истеъмол минимуми» озиқ-овқат маҳсулотларининг энг кам миқдори ва инсоннинг асосий ижтимоий, маданий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган минимал хизматлар тўплами учун етарли бўлган қиймат ҳисобланади.

«Истеъмол минимуми» ҳажми физиологик ва ижтимоий элементлардан иборат. Дунё амалиётида физиологик минимум умумий истеъмол минимумининг ўртача 85-87 фоизини ташкил этади. Жаҳон амалиётида бу борада бир нечта усул қўлланилади.

Статистик усул маълум бир мамлакатнинг энг бадавлат фуқаролари даромадларига асосан истеъмол минимумини белгилашни назарда тутади. Бу усул даромад даражаси жуда юқори бўлган давлатларда қўлланилиши мумкин.

Субъектив ёки ижтимоий ёндашув усули эса аҳоли ўртасида минимал даромадлар юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровномалар натижаларига асосланади. Бундай усул кўпроқ маслаҳатлашилиб ҳал этилади.

Ресурс услуби иқтисодиётнинг истеъмол минимумини таъминлаб бериш имкониятига асосланган бўлиб, бундай услуб кўпроқ ривожланган мамлакатларда қўлланилади.

Қўшма услуб бир неча усулни ўзига бирлаштиради. Яъни, озиқ-овқат қиймати — меъёрларда, уй-жой коммунал хизматлар — фактларда ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари — умумий харажатларнинг улуши бўйича аниқланади.

Амалда минимал истеъмол саватчаси сифатида кунлик минимал қийматни белгилашдан иборат меъёрий усул қўлланилади. Умуман, энг кам истеъмол саватчасини яратишда турли давлатларда хилма-хил хусусиятларга асосланилади.

Давра суҳбатида таъкидландики, ҳокимликларнинг иқтисодий масалалар билан шуғулланадиган ходимлари ўз ҳудудида «истеъмол саватчаси» қийматини ҳисоблаб чиқса, шунга кўра кам таъминланган оилаларга турли имтиёзлар қўлланилса, мақсадга мувофиқ бўлади. «Истеъмол саватчаси» қийматига қараб минимал иш ҳақи миқдори, кам таъминланган оилалар аниқланиб, уларга нафақа ва турли имтиёзлар белгиланиши лозим.

Қайд этилишича, «истеъмол саватчаси» аҳоли даромадлари ва харажатлари, бозордаги нарх-наво, уй-жой билан таъминланганлиги ва бошқа жиҳатлар асосида белгиланади. «Истеъмол саватчаси»ни мамлакатлараро таққослашда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмига қаралади. Халқаро стандартлар ҳамда ички шароитдан келиб чиқиб, бу борада тизимли иш олиб борилмоқда.

Қонунчиликни такомиллаштириш бўйича партия ва фракция аъзолари, алоқадор вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Унга таклиф ва тавсияларни ўрганиш, илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш орқали ЎзХДП ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида тайёрланган «Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда тегишли қарор қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.