13.02.2018

ОМБУДСМАН ҲИСОБОТИ МАЪҚУЛЛАНДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.

Ўтган йили омбудсманнинг ҳуқуқ ва ваколатлари янада кенгайтирилиб, унинг вилоятлардаги фаолияти самарали ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, парламент назорати тўғрисида, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, болалар соғ­лиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш жараёнларида қатор таклифлари билан иштирок этди.

Омбудсман йил давомида 144 туманда сайёр қабуллар ўтказган.

Вакил фуқаролар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, жазони ўташ жойларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш йўналишларида самарали иш юритаётгани қайд этилди.

Ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш бўйича мурожаатлар ижтимоий кўмакнинг манзиллилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Депутатлар Ўзбекистон ХДП ва унинг депутатлик бирлашмалари томонидан мазкур йўналишда қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, Омбудсманнинг мазкур тажрибаси партия дастурига ва фаолиятига ҳамоҳанг эканига урғу беришди. Шундан келиб чиқиб, эндиликда чорак якунига қадар тайёрланиши кўзда тутилган таҳлил натижаларини фракция орқали Ўзбекистон ХДПга ҳам тақдим этиш таклифи ўртага ташланди.

Муҳокамалар якунига кўра, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Фракция йиғилишида «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

— Ушбу ҳужжат соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат ­Мамажонов. — Фракциямиз аъзолари фикрича, тизимдаги ўзгаришлар суд ҳокимиятининг ­чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишонч­ли ҳимоясини таъминлаш, шунинг­дек, одил судловга эришиш даражасини оширади.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳам содир этилиши мумкин. Жиноят ишларини тергов қилиш, кўриб чиқиш жараёнида, жумладан, далиллар тўплаш, мус­таҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ҳамда холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи бўшлиқлар бор эди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга салбий таъсир кўрсатиб келарди. Аҳолининг асосли эътирозларига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда судларга бўлган ишончнинг паса­йишига сабаб бўлаётганди. Президент фармони асосида тайёрланган бу қонун лойиҳаси фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар, камчиликларни бартараф этишга катта ҳисса қўшади, деб ҳисоблаймиз.

Қонуннинг қабул қилиниши партиямиз электорати манфаатлари ишончли ҳимоя қилиниши ҳамда партия дастурий мақсадлари янада самарали амалга оширилишига хизмат қилади.

Йиғилишда фракция аъзолари кун тартибидан ўрин олган қатор қонун лойиҳаларини ҳам муҳокама қилишди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.