26.10.2017

ТАЪЛИМ ТИЗИМИ:

ота-оналар жавобгарлиги кучайтириладими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссия билан ҳамкорликда «Таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш механизмларини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказди. Унда таълим олишнинг ҳуқуқий кафолатларига оид долзарб масалалар муҳокама этилди.

Таъкидландики, ҳозирги кунда таълим соҳасида кенг кўламли ­ислоҳотлар олиб бориляпти. Жумладан, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик таълим тизими жорий этил­япти, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантиришнинг янги механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ташкил этилиб, тизимда давлат сектори билан бир қаторда хусусий секторнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

— Таълим тизимидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш долзарб масала, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Жойларга чиққанимизда таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар қўллаб-қувватланаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.

Бироқ мажбурий таълимнинг белгиланган қоидаларига риоя этмаслик, ота-оналарнинг ўз фарзандлари таълим-тарбиясига бефарқ қараши билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда. Айрим ота-оналар томонидан қонуний мажбуриятлар бажарилмагани кишини ўйга толдиради. Бу масалада ота-оналар билан кўпроқ суҳбат уюштириш, тушунтириш, тар­ғибот ишларини кучайтиришимиз керак.

Давра суҳбатида қайд этилдики, назорат-таҳлил ишлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиялари томонидан олиб борилган мониторинглар натижасида 2014-2016 йиллар давомида 50 мингга яқин ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасида ўз мажбуриятларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Шу боис қонун ҳужжатларида ота-оналар жавобгарлигини кучайтирувчи чоралар белгиланиши масаласи кенг жамоатчилик ва мутахассислар, давлат идоралари, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, тадбирда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш, ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги мажбуриятларини янада ошириш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўқувчиларнинг таълим олиш ҳуқуқини кафолатлаш механизмларини такомиллаштириш, айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ходимлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, ­«Нуроний» жамғармаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари, васийлик ва ҳомийлик кенгашлари аъзолари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси вакиллари, таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози« мухбири.



DB query error.
Please try later.