24.10.2017

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ФРАКЦИЯСИ

9 ойлик фаолияти бўйича ахборот берди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси матбуот анжумани ўтказди. Унда фракция раҳбари Ҳотамжон Кетмонов жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот берди.

 

— Барчангизга маълумки, жорий йилнинг 12 июль куни мамлакатимизда амалга оширилаётган парламент ислоҳотлари тизимида туб бурилиш ясаган муҳим учрашув айнан Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган эди, — деди у. — Унда давлатимиз раҳбари сиёсий партиялар ва уларнинг депутатлик бирлашмалари фаолиятига конструктив баҳо берди, замон талаблари асосида янада самарали фаолият юритишнинг муҳим йўналишлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Шундан келиб чиқиб, иш режамизга қатор ўзгартиришлар киритиб, чора-тадбирларни қайта тасдиқлаб олдик. «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» муносабати билан фракция фаолиятининг 2017 йилга мўлжалланган 6 бўлим ва 26 банддан иборат асосий йўналишлари белгилаб олинган. Шу асосда олиб борилаётган чора-тадбирлар ишимизни янада такомиллаштиришда муҳим босқич вазифасини ўтамоқда.

Фракциямизнинг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти сифат ва сон жиҳатдан янада такомиллашди. 56 марта фракциянинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, ундан 23 тасида палата муҳокамасига киритилган 88 қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия дастурий мақсадлари асосида 350 дан ортиқ таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Эътиборлиси, билдирилган таклифларнинг 200 га яқини инобатга олинди.

Қайд этиш лозимки, Конституциямизнинг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида бир гуруҳ депутатлар томонидан 11 та қонун лойиҳаси ялпи мажлис муҳокамасига киритилди. Бу жараёнда фракциямиз аъзолари ҳам фаол иштирок этди.

Айни пайтда фракцияда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида қатор қонун лойиҳалари бўйича ишлар давом эттирилмоқда. «Касаначилик тўғрисида»ги, «Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида»ги, «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир. Умуман олганда, қонун лойиҳалари ва дастурлар ижроси бўйича парламент эшитувлари, назорат-таҳлил масалалари бўйича 14 ишчи гуруҳи тузилди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз фракцияси ташаббуси билан 29 сентябрь куни Қонунчилик палатасида Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «2017 йилда аҳоли бандлиги дастури» ижросининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳаси тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан бир қатор илмий-амалий марказларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахборотларини эшитиш бўйича ялпи мажлислар ўтказилди. Уларда фракциямиз аъзолари партия электорати манфаатлари билан боғлиқ савол ва таклифларини билдиришди. Таъкидлаш жоизки, қонунларнинг жойларда ижро этилиши бўйича эшитувлар ўтказиш юзасидан айни пайт­да ҳам тегишли ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар давом эттирилмоқда.

Маълумки, Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиши йўлга қўйилган. Бу эса қонунларга ҳаётий таклифлар киритилишини таъминламоқда.

Фракциямиз аъзолари жорий йил февраль-июнь ойлари давомида республикамизнинг 67 туманидаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиб, таҳлил қилди. Хусусан, депутатлар 40291 хонадонга бориб, 288 минг фуқаро билан мулоқот ўтказди. 9221 тадбиркорлик субъекти вакиллари томонидан 30011 масала кўтарилди. Уларнинг асосий қисми уй-жой, коммунал, транспорт хизмати, йўл қурилиши, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлиги, банк-кредит, таълим, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларига тааллуқлидир. Таъкидлаш керакки, муаммоларнинг 6700 таси жойида ҳал этилди.

Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатдики, сўнгги ойларда Президент томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, шунингдек, жойлардаги Халқ қабулхоналарининг бевосита аҳоли мурожаатлари билан тизимли равишда иш олиб бораётгани, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаоллиги ошаётгани, мутасадди раҳбарларнинг депутатлар ва халқ олдида ҳисобот бериб бораётгани муаммоларнинг камайишига хизмат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойи натижаларига кўра, кўтарилган муаммолар февраль ойига нисбатан қарийб 1,7 баробарга камайган.

Партиямизнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, учрашувлар давомида соғлиқни сақлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари раҳбарлари ҳар 15 кунда маҳаллалар йиғилишларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ҳар ойда ҳамда ҳудудий соғлиқни сақлаш бош­қармалари раҳбарлари ҳар чоракда тегишли маҳаллий Кенгашлар сессия­ларида ҳисобот бериши йўлга қўйилди. Мазкур йиғилишларда парламент вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фаоллари иштироки таъминланмоқда.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишда тўсиқ бўлаётган муаммолар, шифокорлар етишмаслиги, моддий-техник базанинг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилинди. Ички имкониятлар асосида тиббиёт муассасалари биноларини таъмирлаш ишларига кўмак берилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 41 депутат сўрови бўйича жавоблар олинди. Кўтарилган масалалар доимий назоратда турибди. Уларнинг ижроси бўйича Қонунчилик палатаси раҳбариятига ахборот берилди.

Жойларга чиқиб ҳақиқий ҳолатни ўрганиш қатор масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилишига замин яратмоқда. Фуқаролардан тушаётган мурожаатлар ҳудудларда ҳануз ечимини кутаётган масалалар борлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, фракциямизга фуқаролардан 112 та мурожаат тушди. Шундан 104 таси қонунчиликда белгиланган тартибда ўрганиб чиқилди, тегишлилиги бўйича вазирлик ва ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинди.

Бугунги кунга қадар муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жамоатчилик билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг муносабати ва таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шу мақсадда фракция ижрочи котиби томонидан 44 та қонун лойиҳаси партия Марказий Кенгашига юборилди. Шулардан 23 таси жойларда партия ташкилотлари ходимлари ва фаолларини жалб қилган ҳолда, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Қонун лойиҳалари бўйича 72 та таклиф билдирилган. Улар умумлаштирилиб, фракция йиғилишларида муҳокама қилинди. Шу асосда 22 та таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга юборилди. Қонунларнинг янада пухта ва халқчил бўлиши, бевосита ижрога йўналишида бу муҳим аҳамият касб этади.

Президент фармойишига кўра, ташкил этилган Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича комиссия тузилганидан кўпчилик хабардор, албатта. Мазкур комиссия ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлади. Унга партия Марказий Кенгаши, фракциямиз ва Ногиронлар жамияти ҳамкорлигида 75 та таклиф тайёрланди. Ишонамизки, таклифлар жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, мурожаатлар билан ишлаш, қонун ва қарор лойиҳаларини муҳокама қилиш, сайловчиларни фракцияда бўлаётган жараёнлардан ўз вақтида хабардор этиш бўйича самарали тизим вужудга келди. Депутатлар ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали ҳам сайловчилар билан мулоқот қилмоқда.

Аҳоли билан мулоқот асосига қурилган фаолиятимизни таҳлил қилиб, амин бўлаяпмизки, одамларнинг сиёсий маданияти, ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ортиб бормоқда, деди фракция раҳбари. Буни таклифлар ва мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг аҳамияти юқори эканида ҳам кўриш мумкин. Яъни йил бошида шахсий ва маиший масалалар асосий ўринда турган бўлса, айни пайтга келиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳия­ти ҳақида фикр-мулоҳазалар кўпайди. Қувонарлиси, жараёнларда кузатувчи эмас, иштирокчи бўлишга интилиш кучайди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, фракциянинг фаолияти ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда, бир неча янги йўналиш ва ёндашувлар ҳисобига бойиган. Аммо биз бу билан тўхтаб қолмаймиз ва изланишда давом этамиз, дея сўзини якунлади Ҳотамжон ­Кетмонов.

Матбуот анжуманида жур­налист­­­лар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

САВОЛ:

— Маълумки, Ўзбекистон ХДП дастурида инклюзив таълимни ривожлантириш масаласи илгари сурилган. Бу борада қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?

ЖАВОБ:

— Фракциямиз аъзолари ҳудудларда аҳоли билан ўтказган учрашувларда айни шу масала билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлди. Уйда ўқиётган болаларни компьютер ва китоблар билан таъминлаш, педагогларнинг масъулиятини ошириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, инклюзив таълимни ривожлантириш борасида қонунчилигимизга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритилди. Келгусида мактабгача таълим муассасасидан тортиб, олий ўқув юртларигача бўлган тизимида имконияти чекланганларга тўсиқсиз муҳит яратиш билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топади.

САВОЛ:

— «Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармойиши асосида яна қандай ишлар амалга ошириляпти?

ЖАВОБ:

— Ногиронлиги бўлган шахслар учун реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришнинг давлат стан­дарт­лари (регламентлари) тўғрисидаги низомни тайёрлаш таклифини киритганмиз. Шу билан бирга, «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни ратификация қилиш, «Тўсиқсиз муҳит» давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш юзасидан ҳам фикрларимизни билдирганмиз.

Матбуот анжуманида, шунингдек, бандлик, соғлиқни сақлаш, коммунал хизмат сифатини яхшилаш борасида қандай ташаббуслар кўтарилгани, маҳаллий Кенгашлар сессияларида партия гуруҳлари ташаббуси билан муҳокама қилинаётган масалалар ҳақидаги саволларга фракция раҳбари ҳамда депутатлар жавоб берди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.