12.10.2017

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

Оила ва аёллар ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилади

ЎзХДП фракциясининг йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар ҳамда Ёш­лар масалалари бўйича комиссиялар тузиш масаласи муҳокама этилди.

Комиссияларнинг мақсади оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиш, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аёллар, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларида кўмаклашишдан иборат бўлади.

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия­си вазифалари ҳам шу мақсадларга қаратилган. Хусусан, аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, оилавий ажримлар сабабларини таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларида иштирок этиш, аёллар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик, айниқса, қонунга зид равишда чет элга чиқиб кетиш ҳолатларининг олдини олишга доир самарали механизм­ларни жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш масалалари комиссия эътиборида бўлади.

Маълумки, аёлларни иш билан таъминлаш ҳамиша долзарб аҳамият касб этади. Мазкур комиссия хотин-қизларнинг касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Жойларда ўтказиладиган назорат-таҳлил тадбирлари ва ўрганишлар давомида қонунчиликдаги оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича камчилик ва ­муаммолар аниқланади. Комиссия уларни таҳлил қилган ҳолда, тегишли давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларига аниқланган қонун бузилишлари ҳамда уларни келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар киритади. Шуни­нг­­дек, оила ва хотин-қизлар масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда бу соҳадаги халқаро шарт­нома­ларнинг бажарилишини таъминлашга кўмаклашади.

 

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Ёшлар масалалари бўйича ташкил этиладиган комиссиянинг асосий вазифалари уюшмаган, иш билан банд бўлмаган йигит-қизларнинг касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар яратиш, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишдан иборат бўлади.

Ёшларнинг ҳуқуқий, тиббий ва экологик маданиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни ривожлантириш, интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтириш масалалари ҳам асосий эътиборда бўлади.

Шунингдек, ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар ҳам амалга оширилади.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи, оила муқаддаслиги ғояларини кенг тарғиб қилиш, эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ажралишининг олдини олиш ҳамда ёшлар масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича комиссия томонидан таклифлар ишлаб чиқилади. Ана шу тадбирларнинг самараси ўлароқ ёшлар масалаларига оид конунларнинг ижроси бўйича парламент ва депутатлик назорати амалга оширилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти вазирлик ва идоралар экспертлари иштирокида муҳокама қилинди.

Хусусан, Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлисдаги ваколатли вакили лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

— Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ҳамда ­Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш масалалари мазкур қарорнинг асосини ташкил этади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Абдуғаффор Қирғизбоев. — Ваколатли вакил лавозими жорий қилиниши қонун ижодкорлиги жараёнида ва ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Натижада қонунларни кўриб чиқиш, муҳокама этиш ва қабул қилиш жараёнларида парламент палаталари ҳамда ҳукумат ўртасида яқин ҳамкорлик юзага келади. Муҳими, қонунлар, давлат дастурларининг бажарилиши ва бош­қа йўналишлар бўйича парламент назоратини амалга оширишда ҳукумат иштироки таъминланади. Бу эса фаолиятимизда ўзига хос бурилиш ясайди.

Йиғилишда Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги Президент қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамия­ти ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.

— Мазкур қарор таълим тизимини ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этади, — деди Ўрта махсус касб-ҳунар маркази ­бош­қарма бошлиғи Ўткир ­Алижонов. — Унга кўра, фаолияти қониқарли эмас, деб баҳоланган академик лицейлар қисқартирилиб, уларнинг бинолари ўқув жараёнида мақсадли фойдаланилади ёки маҳаллий ҳокимият балансига ўтказилади. Бу йилги тажриба натижасига қараб, янги таҳрирда ўқув-услубий қўлланмалар жорий қилинади, дарс бериш тизими такомиллаштирилади. Лицейга ўқувчи ва ўқитувчилар янги механизмдаги танлов асосида ўқишга, ишга қабул қилинади. Айни пайтда дарс 600 соат қилиб белгиланмоқда. Албатта, бу кўрсаткичлар талабга қараб ўзгартирилиши мумкин.

Бундан ташқари, барча лицейлар тўлиқ инвентаризация қилинади. Бола келгусида олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган тақдирда унинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида икки йил давомида мураккаб бўлмаган касб-ҳунар ўргатилади.

Муҳокамалар давомида фракция аъзолари томонидан турли таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, бошқарувдан то кадрлар масаласигача жиддий эътибор қаратиш кераклиги таъкидланди. Яъни, турли кўнгилсизликларнинг олдини олиш учун, аввало, раҳбар ва педагогларнинг маънавияти, касб маҳорати юксак бўлиши лозимлиги қайд этилди. Партия электорати манфаатлари билан боғлиқ саволларга мутахассислар жавоб берди.

Маънавият соати тадбирида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ҳусан Шарипов ҳам иштирок этди. У Президентимизнинг ижодкор ва зиёлилар вакиллари билан ўтказган учрашувида билдирилган фикрлар, таклифларнинг аҳамияти хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.