05.10.2017

АҲОЛИ БАНДЛИГИ ДАСТУРИ ИЖРОСИ:

Ўзбекистон ХДП фракциясининг позицияси қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Банд­лик ва меҳнат муносабатлари вазирининг «2017 йилда аҳоли банд­лиги дастури» ижросининг бориши тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда саноат, хизматлар ва сервис соҳасида уй-жой қурилишида янги объектларни ишга тушириш, кичик бизнесни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 521,5 минг кишининг бандлиги таъминлангани таъкидланди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари амалга оширилган ишларни тан­қидий баҳолашди. Ўрганишлар давомида соҳага оид қонунлар ижроси суст экани, маҳаллий давлат органлари, ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш билан шуғулланадиган муассасалар етарли даражада фаолик кўрсатмаётгани айтиб ўтилди. Маълумотга кўра, 34 туманда ишсизлик даражаси ўсган.

ЎзХДП Сайловолди дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар муносиб ҳақ тўланадиган ва бар­қарор иш ўрнига эга бўлишлари учун кўмаклашиш бўйича вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, партия фракцияси аъзолари аҳоли бандлиги билан боғлиқ муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдиришди.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш, банд­лик муаммосини самарали ҳал этишга жиддий эътибор қаратиляпти. Бироқ бу масала ҳамон долзарблигича қолмоқда. Дастурий мақсадларимиздан келиб чиқиб, жойлардаги аҳволни ўрганяпмиз. Назорат-таҳлил давомида ҳудудларда одамларни ишга жойлаштириш, ўз ишини йўлга қўймоқчи бўлган юртдошларимизга қулай шароит яратиб бериш масалаларида камчиликлар кузатиляпти. Бу камчиликларнинг асосий сабаблари нимада? Бизнингча, ҳали-ҳануз айрим раҳбарларнинг масъулияти сустлиги оқибатида белгиланган режалар ижроси кечикяпти. Масалан, қурилиш ва инфратузилма объектлари лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 57,8 минг иш ўрни яратилган. Бу режага нисбатан 91,0 фоизни ташкил этади. Шунингдек, корхоналар фаолиятини тиклаш, бўш турган давлат объектларини ижарага бериш ёки хусусийлаштириш ҳисобига 20,9 минг иш ўрни очилган. Ушбу режа 86,2 фоиз бажарилган.

Фракциямиз қишлоқларда яшовчи аҳолининг меҳнат бозоридаги эҳтиёжини қондиришнинг таъсирчан чораси сифатида кичик бизнес, касаначилик (уй меҳнати) ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш зарур, деб ҳисоблайди.

Бандлик дастури ижросини авваламбор қуйи бўғинларда, яъни туман, шаҳар, вилоят Кенгашлари сессия­ларида тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиб, аниқ хулоса ва таклифларни парламентдаги партия фракциясига етказиш ишларини фаоллаштириш зарур.

Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим. Якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги тўловлардан озод этиш йўли билан уларни рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бундай ёндашув ёшлар бандлигини таъминлашда, уларнинг руҳиятини кўтаришда катта аҳамиятга эга бўлади.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Агар инсон меҳнат қилса, кўнгли хотиржам, ўзига ишончи мустаҳкам бўлади. Шунингдек, у маълум бир ижтимоий таъминотга эга бўлади. Чуқурроқ ўйлаб мулоҳаза юритсак, иш ўрни яратиш масаласи кўплаб омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, иш жойлари яратишнинг янги механизмларини ҳаётга жорий этиш, мутасадди ташкилотларнинг масъулиятини янада кучайтириш долзарб аҳамиятга эга.

Таҳлиллар жисмоний имконияти чекланган кишилар бандлигини таъминлаш алоҳида эътиборга муҳтож масала эканини кўрсатмоқда. Қонунчилигимизда ҳар бир муассаса ва ташкилотдаги ишчилар сонининг камида уч фоизи ногиронлар учун банд этиб қўйилиши белгиланган. Айни пайтда бу масалани чуқурроқ ўрганиш, қайта кўриб чиқиш талаб этилмоқда. Хусусан, бу борадаги қарорларни бажармаганлиги учун корхона-ташкилотлар мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш механизмларини такомиллаштириш муҳим, деб ўйлаймиз. Албатта, бу жуда чуқур масала. Лекин муаммоларни босқичма-босқич ҳал қилиш чоралари кўрилиши керак. Бу ногиронларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий адолат тамойилини қарор топтиришда катта аҳамиятга эга.

Бандлик дастури ижроси юзасидан маҳаллий ҳокимликлар қошидаги ишчи комиссияларнинг масъулиятини ошириш ва жавобгарлигини кучайтириш масаласи ҳам ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Ҳудудларда ишсиз фуқаролар, жумладан, уюшмаган ёшларни жамоат ишларига жалб этиш тадбирларини мунтазам ташкил этиш зарурати юқори. Шунингдек, ўз ишини бошлаш истагида бўлганлар, «Start up» лойиҳаси орқали ташаббус билан чиқаётган умидли ёшларга кредитлар ажратилишига кўмаклашиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бандлик нафақат ижтимоий, айни чоғда маънавий, ҳуқуқий, сиёсий масаладир. Бунга эътиборсиз қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.