28.09.2017

САВОЛ ВА ЖАВОБ

Мамлакатимизда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш долзарб вазифалар сифатида белгиланди. Яқин йилларда бу борада қандай ўзгаришлар кутиляпти? Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз...

Зулфия ОСТОНОВА, Боғот туманидаги оилавий поликлиника бош шифокори.

 

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ҳақиқатдан ҳам, сўнгги йилларда юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг янги тизимини яратишга жиддий эътибор бериляпти. Хусусан, шу йилнинг 20 июнь куни Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Бу орқали соҳада замон талабларига жавоб берадиган самарали тизимни шакллантириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини такомиллаштириш, аҳолига, шу жумладан, минтақаларда юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни тубдан такомиллаштириш мақсад қилинган.

Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 январгача аҳолига пулли тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) соғлиқни сақлаш тизими давлат тиббиёт ташкилотларини солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жам­ғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан, шунингдек, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган янги тиббиёт ускунаси, бутловчи буюмлар, тиббиёт ускунасига эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан озод этиш назарда тутилган. Бўшаган маблағлар тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббий, муҳандислик-техника ускунаси билан жиҳозлашга ҳамда унга сервис ва техник хизмат кўрсатишга, эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа тиббий буюмларни харид қилишга йўналтирилади. Бундан ташқари, ушбу маблағларга янги бино ва иншоотлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳам мумкин.

Қарорда даволаниш учун чет элга жўнаб кетаётган мамлакатимиз фуқароларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, маҳаллий мутахассисларнинг амалий ва назарий кўникмаларини ошириш, хорижлик етакчи олимлар, врачлар ва мутахассисларни шартнома асосида республикамизга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Яна бир аҳамиятли томони, 2018 йил 1 январгача имтиёзли тоифа алоҳида ҳисобга олинган ҳолда, тегишли ихтисослаштирилган тиббий хизматлардан, шу жумладан, юқори технологик тиббий ёрдамдан фойдаланишга муҳтож бўлган беморларнинг доимий янгиланадиган ягона электрон маълумотлар базаси шакллантирилади. 2019 йил 1 январгача бўлган муддатда барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан ёзилиш имконини берадиган электрон дастур жорий этилади.

Бир сўз билан айтганда, бу борада олиб борилаётган кенг кўламли тадбирлар нафақат республикада, балки вилоятлар ва туманлар даражасида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга кенг йўл очади.

 

 

Ўз мустақил ишини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратаётган партиядошларимиз, тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Савдо-саноат палатаси қандай ёрдам бериши мумкин?

Асрор НУРБОЕВ (Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани)

 

Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Тадбиркорлик соҳасига кириб келаётган юртдошларимизнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашда савдо-саноат палатасининг ўрни беқиёс. Бу ташкилот тадбиркорларга ҳар томонлама ёрдам беради.

Президентимизнинг «Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бизнеснинг қонуний манфаатлари муҳофазасини, шунингдек, Савдо-саноат палатаси фаолияти тубдан такомиллаштирилишини назарда тутади.

Фармонда Савдо-саноат палатасининг энг муҳим вазифалари, фаолият йўналишлари белгилаб берилган. Биринчидан, палата тадбиркорлик субъектларини ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, соҳанинг жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз туман ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фао­лиятига кенг жалб қилиш билан шуғулланади.

Ваколатли органлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилиши ҳолатини таҳлил қилади ҳамда унинг натижаларини тизимли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Вазирлар Маҳкамаси ва бош­қа ваколатли органларга тақдим этади. Қонунчиликнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши устидан жамоат назоратини ўрнатиш, уларнинг фаолияти бўйича мустақил баҳолаш мезонини ишлаб чиқади ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим қилади.

Шунингдек, давлат, хўжалик бош­қаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари ва ходимларига нисбатан шикоят аризалари билан мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини ҳимоя қилади.

Тадбиркорлик субъектлари фао­лия­ти мониторингини амалга ошириш жараёнларида Палата аъзолари иштирок этади.

 

Лазиза ШОМИЛОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.