28.09.2017

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ: ҚОНУН ЛОЙИҲАСИДА ҚАНДАЙ КАМЧИЛИК БОР?

Шу кунларда парламент қуйи палатасида «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ҳам мазкур қонун лойиҳасини партия ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб атрофлича муҳокама қи­лишди. Шунингдек, йиғилишда қатор вазирлик ва ташкилотларнинг раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари ходимлари ҳам иштирок этди.

Маълумки, 2014 йил 16 апрелда Конституциямизнинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган эди. Хусусан, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирок этиш ҳуқуқини ифодаловчи 32-модда қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилди: «Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларини фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади».

Қонунчиликдаги мазкур янгилик жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институт­ларининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини фаоллаштириш имконини бермоқда.

«Жамоатчилик назорати тўғ­рисида»ги қонун лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегия­сини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

— Қонун лойиҳаси 21 моддадан иборат бўлмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилмурод Саъдуллаев. — Лойиҳа билан жамоатчилик назорати субъектлари, объекти, асосий принциплари ва шакллари белгиланмоқда. Хусусан, унинг субъекти сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва омма­вий ахборот воситаларини белгилаш таклиф этиляпти.

Қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратини бир неча шаклларда амалга ошириш назарда тутилмоқда. Унга кўра, назоратнинг ушбу тури давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш, уларнинг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари томонидан ижро этувчи ҳокимият органларининг, бош­қа ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳисоботларини эшитиш шаклида олиб борилади. Бундан ташқари, у жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизаси ва фикрини ўрганиш тартибида ҳам амалга оширилади.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун лойиҳасида жамоатчилик назорати шакллари тушунчаси ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари тўлалигича очиб берилмаган. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида мазкур жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш керак. Чунки қонунда ҳамма масала очиқ-ойдин ифодаланмаса, эртага турли англашилмовчиликлар келиб чиқиши муқаррар.

Фракция йиғилишида алимент­лар тўловини таъминлашга доир амалдаги қонун ҳужжатларидаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, кейинги пайт­ларда Ўзбекистон Республикасининг Виртуал қабулхонасига алиментлар ўз вақтида тўланмаслиги билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунингдек, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар сони ҳам ошиб бормоқда.

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонун чет элга чиқишга доир чекловни олиб ташлаш учун алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент­ларни тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш имконини берувчи норма билан тўлдирилмоқда. Яъни, алимент тўлаши шарт бўлган шахслар хорижга чиқиш шароити учун яратилмоқда.

Фракция аъзолари, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди. Унга асосан судлар ва ФҲДЁ органлари ўзларининг иш юритувида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар мавжудлиги тўғрисида яраштириш комиссияларини хабардор қилиши кераклигига доир қоида киритилмоқда. Бу яраштириш комиссияларига ажралишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП фракциясининг яқинда ўтган йиғилишида фракция ташаббуси билан ишлаб чиқилаётган «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама этилди.

Фракция аъзолари психиатрия ёрдамида молиявий таъминот, бу борадаги тиббий хизматларнинг сифат ва хавфсизлиги, фуқароларнинг психиатрия ёрдами олиш ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш масалаларида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Ушбу қонун лойиҳаси жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликлар муаммоларнинг қонуний ечимини топишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шундан сўнг депутатлар Президентимизнинг жорий йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти хусусида сўз юритишди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, сиё­сий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишининг маънавият соатида Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи, унда билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифларнинг нақадар долзарб эканини таъкидлади.

— Бу нутқ тарихий ва оламшумул воқеа бўлди, — деди у. — Ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмагани таъкидланмоқда. Давлатимиз раҳбари бутунжаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлади. Буюк алломаларимиз, хусусан, Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқ­аро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини маълум қилди.

Президентимиз Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади. Бунинг исботини сентябрь ойининг бошида Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланишида яққол кўриш мумкин.

Президентимиз шунингдек, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди, терроризм муаммосига алоҳида эътибор қаратиб, унинг туб сабабларига барҳам беришга чақирди.

Ҳақиқатан ҳам, бугун дунёда терроризм таҳдидлари тобора кучайиб бормоқда. Уларга қарши асосан куч ишлатиш йўли билан курашиш эса ўзини оқламаяпти. Шунинг учун ёшлар, фарзандларимизнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда Президентимизнинг нутқи ва унинг тарихий аҳамиятини очиб бериш бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини янада кенгайтириш бўйича келишилиб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.