21.09.2017

ТИНЧЛИК, ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОНЛИК

йўлидаги ҳамкорликдан бутун дунё халқлари ва мамлакатлари бирдек манфаатдор

Хабарингиз бор, 12 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси ўз ишини бошлади. 19-25 сентябрь кунлари Бош Ассамблеянинг олий сиёсий музокаралари бўлиб ўтади.

19 сентябрь — Ассамблея Олий музокараларининг илк кунида БМТ Бош котиби, АҚШ, Арманистон, Афғонистон, Бразилия, Исроил, Польша, Франция давлатлари президентлари қаторида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам нутқ сўзлади.

Ушбу нутқда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанг эканига урғу берилди. Шунингдек, халқаро ҳамжамиятни бирдек ташвишга солаётган глобал муаммоларга қарши курашиш борасида таклифлар билдирилди.

Президентимизнинг кенг қамровли, айтиш мумкинки, тарихий нутқида кўтарилган масалалар сессия иштирокчилари, дунёнинг етакчи олим ва мутахассислари, халқаро ташкилотлар вакиллари, етук сиёсатчилар эътиборини тортди. Ушбу нутқ кенг жамоатчилигимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди ва чуқур ўрганилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракцияси, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ташкилоти фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда шу ҳақда фикр юритилди.

Дастлаб нутқнинг видеотасвири намойиш этилди. Шундан сўнг депутатлар ҳамда партия фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясидаги нутқи дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Чунки давлатимиз раҳбари ўта қисқа вақт давомида юртимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини дунё аҳлига таништира олди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз бугунги кунда Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш йўлида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Минтақада тинчлик ва бар­қарорликни таъминлаш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида ечимини кутган масалалар ҳал этиляпти. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда. Чунки минтақанинг умумий сув захираларидан тўғри фойдаланиш Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг ажралмас қисми саналади.

Шу маънода, БМТ Бош котибининг «сув, тинчлик ва хавфсизлик муаммолари ўзаро чамбарчас боғлиқ», деган позициясини Ўзбекистон тўла қўллаб-қувватлайди. Зотан, сув муаммосини ҳал қилишнинг минтақа мамлакатлари ва халқлари манфаатларини тенг ҳисобга олишдан бошқа оқилона йўли йўқ.

Президентимиз мана шу масалаларга тўхталар экан, мамлакатимиз БМТнинг превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё ҳавзалари сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенциялар лойиҳаларини қўллаб-қувватлашини эътироф этди.

Албатта, сув ҳаёт манбаи экан, у билан боғлиқ масалалар долзарблиги ҳамда аҳамиятини йўқотмайди. Ўйлаймизки, нутқда билдирилган фикр ва таклифлар бугунги куннинг энг ўткир экологик муаммоларидан бири – Орол фожеаси билан боғлиқ оқибатларни бартараф этишга ҳам катта ҳисса қўшади.

Шунингдек, нутқда шу йилнинг ноябрь ойи­да Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманни ўтказишдан мақсад ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтаришга қаратилгани қайд этилди.

Ушбу анжуман якунида БМТ Бош Ассам­блеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавф­сизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи киритилиши режалаштирилган. Ташкилот раҳбарияти ва халқаро ҳамжамият бу таклифни қўллаб-қувватлашига ишонч билдирилди.

 

Феруза ЭШМЕТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз нут­қини чинакам тарихий воқелик сифатида баҳоласак, тўғри бўлади. Чунки унда юртимизда рўй бераётган ўзгариш ва ислоҳотлар, тинчлик, барқарорлик, бағрикенглик масалалари, яқин қўшничилик алоқалари ва яна кўплаб мавзулар қамраб олинган. Муҳими, улар БМТ ҳужжатларидаги мақсад-вазифаларга ҳар томонлама ҳамоҳанг.

Нутқда эътиборимни тортган жиҳат шу бўлдики, ёшлар ҳамда диний эътиқод борасидаги фикрлар залдагиларни ўзаро муҳокамага чорлади. Чиндан ҳам, дунёда сўнгги йилларда кучайиб бораётган терроризм таҳдидларига қарши куч ишлатиш йўли билан курашиш усули ўзини оқламаяпти. Чунки кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, уларнинг оқибатларига қарши курашиш билан чекланиляпти. Аслида халқаро терроризм ҳамда экс­тремизм илдизини бошқа омиллар, шунингдек, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини давлатимиз раҳбари ишонч билан таъкидлади.

Шунинг учун ёшларни маърифатли қилиб тарбиялаш, уларда ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантиришимиз керак. Бундан таш­қари, йигит-қизлар ўз салоҳия­тини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғоялари тар­қалишининг олдини олиш ҳаётий вазифамиздир. Ўйлайманки, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқ­аро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклиф қўллаб-қувватланади. Натижада ёшларга оид сиёсатни шакл­лантириш ва амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат юзага келади. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф бутун дунё болалари ва уларнинг ота-оналарини қувонтиради, деб ҳисоблайман.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзига хос халқаро тамойиллар асосида фаолият юритади. Аввало, глобал муаммоларга қарши курашиш, дунёдаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича турли конвенциялар қабул қилинган. Лекин бугунги кунга келиб, кўпгина давлатларда Женева конвенцияси талабларига беписанд­лик билан қаралмоқда. Қуролли тўқнашувлар натижасида унинг меъёрлари бузил­япти. Буни дунё ўзини ўзи вайрон қилмоқда, деб баҳолаш мумкин. Чунки маънавий бойликлар, кутубхоналар ёқиб, йўқ қилинмоқда. Ёшлар онги буз­ғунчи ғоялар таъсирида қоляпти.

Ана шундай таҳликали паллада Президентимиз таъкидлаган фикрлар жуда ҳам ўринли бўлиб, чуқур ўрганилиши ҳамда чора қўлланилиши зарур бўлган масалаларни қамраб олди. Яъни Ўзбекистон БМТнинг босқичма-бос­қич ислоҳ этилиши тарафдори экани, Хавфсизлик Кенгашини бугунги кун талабларига мос равишда кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Зеро, БМТ бундан кейин ҳам халқ­аро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади. Ташкилотни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар қўллаб-қувватланди. Давлатимиз БМТнинг тузилмалари билан ҳамкорликни бундан кейин ҳам изчил давом эттиради, де­йилди.

Нутқда алоҳида эътибор қаратилган миллатлараро, динлараро бағрикенглик тушунчасини дунёга кенг ёйиш аслида тинчликпарвар сиёсатнинг асосини ташкил этади. Чунки ер юзида биргина миллат ёки дин вакиллари истиқомат қилувчи мамлакат йўқ. Яхшилик ва ёмонлик миллат танламайди. Ёшлар ўртасида содир этилаётган турли кўнгилсизликлар, талафотлар келажагимизга ҳам бирдек салбий таъсир кўрсатади. Демак, БМТнинг нуфузини ошириш, унинг таъсир кучини янада мустаҳкамлаш борасида ислоҳотларга изчил тус бериш даври келди. Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик йўлида ҳамкорликни кенгайтиришдан эса бутун дунё халқлари ва мамлакатлари бирдек манфаатдордир.

Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари Бунёд Эшонқулов, Шуҳрат Турсунбоев, Баҳром Обиджонов, партия Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Нутқ мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.