14.09.2017

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИ:

сохта маълумотлар, кеч қолаётган тез ёрдам машиналари

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг нав­батдаги йиғилишида дастлаб соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш масаласи муҳокама этилди.

— Давлатимиз раҳбари бошчилигида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз соҳа вакиллари билан 4 марта видеоселектор йиғилиши ўтказишининг ўзиёқ мазкур йўналишдаги вазифалар нақадар муҳим ва долзарб эканини англатиб турибди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Соҳанинг ҳуқуқий асосларига эътибор қиладиган бўлсак, 2016 йил сентябрдан буён соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган 1 фармон, 16 қарор ва 10 фармойиш қабул қилинди. Бу ислоҳотлар замирида энг аввало халқ вакиллари манфаати ётганини эътироф этиш жоиз. Шу билан бирга, уларнинг самарасини таъминлаш бевосита халқ вакиллари назоратига ўтказилди.

Тўғри, жойларда амалга оширилаётган ишлардан одамлар хурсанд. Соҳада улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликлар босқичма-босқич бартараф этиляпти. Аммо ечимини кутаётган масалалар, чуқур ўрганилиши керак бўлган муаммоларнинг ҳамон борлиги депутатлардан, айниқса, фракция аъзоларидан янада ташаббускор бўлишни талаб қилмоқда, дейилди йиғилишда.

— Айрим ҳудудларда сохта маълумотлар бериш ҳолати кузатилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Бунёд Эшонқулов. — Масалан, Фарғона вилояти туманларига борганимизда ҚВПларда тунги нав­батчилар йўқлиги, марказий поликлиника август ойида тантанали равишда очилган бўлса-да, ҳали ишга тушмаганини кўрдик. Бундан ташқари, қишлоқлардаги хусусий дорихоналар исталган вақтда очилиб, бошқа пайтда ёпиқ туради. Унинг назорати ҳам мутасаддиларнинг назаридан четда қолганга ўхшайди.

— Шу ўринда бир қўшимча қилмоқчиман, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Ангрен шаҳрида бир неча кун давомида шошилинч тез тиббий ёрдам марказларининг ишини ўргандик. Тез ёрдам чемоданлари маънан эскиргани, ишлатишга ноқулайлигига қарамасдан улардан имкон қадар фойдаланилмоқда. Танометрлар ҳам ҳар 6 ойда янгиланиб турилиши керак. Лекин бу масала ҳам эътибордан четда қолган. Шу каби камчиликлар одамларнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, ҳудуддаги 170 минг аҳолига 7 бригада хизмат кўрсатади. Аслида 15 минг нафар аҳолига бир гуруҳ ажратилиши керак. Ана шунда чақирувдаги кеч қолишлар кузатилмаган бўлар эди.

— Ҳақ гапни айтдингиз. Чақирувга кечикиб бориш масаласи ҳудудларда ҳали ҳам учраб турибди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Бунинг турли сабаблари ўрганил­япти. Кўчаларга, кўп қаватли уйлар олдига аҳоли томонидан қўйилган тўсиқлар натижасида тез ёрдам машинаси бошқа жойлардан айланиб ўтишига тўғри келяпти. Бу ҳам вақтни олади, албатта. Шунингдек, кунлик ёқилғи лимити ҳам беморнинг ёнига ўз вақтида етиб бора олмасликка сабаб бўлмоқда. Бизнинг вазифамиз ҳар бир муаммо юзасидан тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда ечим излашдан иборатдир.

Фракция аъзолари кадрлар масаласи, бинолар ҳамда тиббиёт ускуналарини янгилаш борасида жойларда ўрганилган камчиликларни ҳам муҳокама қилишди. Уларни ҳал этиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди. Асосийси муаммонинг илдизига етиб бориш, уларни келтириб чиқараётган муаммоларни бартараф этиш кераклиги таъкидланди.

Мазкур жиҳатлар инобатга олиниб, «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг ижроси бўйича парламент назорати институтини қўллаш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу таклиф фракция аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланиб, бу борада аниқ вазифалар бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди. Алоҳида ишчи гуруҳ тузиб, билдирилган таклифлар асосида тадбирлар режаси ишлаб чиқишга келишиб олинди. Унда қишлоқ врачлик пункт­ларини мақбуллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилди.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармоннинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган Ўзбекистон ХДП фракцияси олдида турган устувор вазифалар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Фармон миллий давлатчилигимиз ривожланиши ва такомиллашишида янги даврни бошлаб бераётгани билан муҳим тарихий, сиёсий воқелик экани эътироф этилди. Таъкидландики, мазкур фармон асосида ишлаб чиқиладиган концепция ислоҳотларнинг янада халқчиллигини таминлайди. Зотан фармонда белгиланган вазифалар «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғояни ҳаётга тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилади. Бу, аввало, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами манфаатини акс эттирувчи Ўзбекистон ХДП учун алоҳида аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, мазкур тарихий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини оддий, содда тилда тушунтириб беришга хизмат қилувчи мақола ва муносабатларни тайёрлаш, ОАВда эълон қилиш, жойларда кенг жамо­а­тчилик вакилларига тушунтириш, бир сўз билан айтганда, фармонни ҳаётга татбиқ қилишда фаол иштирок этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.