29.08.2017

ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ЯНАДА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛАДИ

— Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ­Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат ­жам­ғармаси ташкил этилар экан. Унинг асосий вазифаларига нималар киради?

Тоҳиржон ЙЎЛДОШЕВ,

хусусий тадбиркор.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг 2017 йил 17 августдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори хусусий тадбиркорликни, авваламбор, микрофирма ва кичик корхоналарни молия­вий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уларнинг жадал ривожланиши учун қўшимча шарт-шароит яратиш, имкониятларни кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли, албатта.

Қарор асосида ташкил этилаётган Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жам­ғармаси зиммасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш мақсадида қатор вазифалар юклатилди.

Аввало, таъкидлаш керакки, ушбу жамғарма давлат муассасаси шаклида ташкил этилади ва кичик тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам кўрсатади.

Жумладан, тижорат банкларига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш учун миллий ва хорижий валютада, хорижий кредит линияларини жалб қилиш ҳисобидан ресурслар тақдим этилади. Жамғарманинг тижорат банклари томонидан берилаётган кредит миқдорининг 50 фоизигача (кредит миқдори 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган тақдирда) ёки унга эквивалент ҳажмдаги кредитлари бўйича кафил бўлиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, жамғарма тижорат банкларининг қиймати 1 мил­лион АҚШ долларидан ошмайдиган миқдордаги кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун миллий валютада – қайта молиялаштириш ставкасидан ошмайдиган фоиз ставкасида – Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасининг 40 фоизигача бўлган миқдорида ҳамда хорижий валютада – тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 40 фоизи, аммо 3 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда эквивалентда компенсация беради.

Жамғарма бош битимлар асосида тижорат банклари орқали миллий ва хорижий валютада кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлайди ва тижорат банкларига ресурсларни тақдим этади.

 

 

— Яқинда Президентимизнинг «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинганидан хабарим бор. Унда туризм соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қандай имконият ва имтиёзлар бериш кўзда тутилган?

Асқар ПИРНАЗАРОВ,

тадбиркор.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Албатта, ушбу қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, унинг туризм соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилганидир. Шу мақсадда тадбиркорлик субъектларига янги меҳмонхоналар ва туризм инфратузилмасининг бошқа ин­шоотларини қуриш, мавжудларини модернизация қилиш учун узоқ муддатли (15 йилгача) кредитлар ажратиш амалиёти жорий қилинмоқда. Бунда кредит ва фоизларни қоплаш учун меҳмонхоналарнинг молиявий тушуми ва мавсумий шароитидан келиб чиқадиган талаблар тақдим қилиняпти.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларига чет эл валютасидаги маблағларни ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар, терминаллар ижараси, эркин конвертация қилинадиган валютадаги нақд пулларни инкассация қилиш ва чет эл вал­ю­­­­­­­­тасида операциялар амалга ошириш билан боғлиқ бошқа хизматлар учун йиғимларнинг (комиссия тўловларининг) мақбул миқдорлари белгиланмоқда.

2022 йил 1 январга қадар меҳмонхоналар бош­қарув ходими сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан, шунинг­дек, меҳмонхоналарга бошқарув ходими сифатида жалб қилинадиган малакали хорижлик мутахассисларнинг даромадлари жисмоний шахс­ларнинг даромад солиғидан озод этилмоқда.

Кўриниб турибдики, ушбу қарор мамлакатимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, тармоқда янги иш ўринлари яратиш асосида аҳолининг бандлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.