Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 31 1 2 3 4
28.12.2017

ҚОНУНЛАР ИЖРОСИ ТАЛАБ ДАРАЖАСИДАМИ?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг Ўзбекистон ХДП фракцияси билан ҳамкорликда «Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонунлар ижроси бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Йиғилишда ногиронликни эрта аниқлаш ва олдини олиш, махсус интернат-уйларида истиқомат қилувчиларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

— Андижон ҳамда Тошкент вилоятларида назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Зулайхо Акрамова. — Бир қатор масалалар вазирлик ва идоралар мутасаддилари, соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида муҳокама қилинди. Ҳудудларда қонун ижроси бўйича амалга оширилган ишлар билан бирга, қатор камчиликлар йиғилиб қолганининг гувоҳи бўлдик.

Хусусан, Андижон вилоятидаги «Чувама» аёллар мурувват уйи биносига жорий ва капитал таъмирлаш учун зарур маблағларнинг ўз вақтида ажратилмагани туфайли муассаса бугунги кун талабларига мутлақо жавоб бермайди. У ерда яшовчиларнинг истаклари, эҳтиёжлари ўрганилиб, таклифлар тайёрланди. Муассаса раҳбарияти мурувват уйида истиқомат қилувчилар учун алоҳида тиббий бўлим қуриш таклифини билдирди. Мазкур масаланинг ечими юзасидан ҳам вазифалар белгилаб олинди.

— Партия фаоллари билан ҳамкорликда Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги «Саховат» уйига борганимизда қатор муаммоларга дуч келдик, — деди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Муассасанинг 255 ўринга эга иккинчи бўлими капитал таъмирланиб, шу йилнинг июнь ойида фойдаланишга топширилиши керак бўлган. Аммо ҳанузгача таъмирлаш ишлари ниҳоясига етмаган, турли сабабларга кўра тўхтаб қолган.

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги «Мурувват» уйи 350 ўринга эга. 2013 йилда реконструкция қилинган муассаса биносига иссиқлик қувватини етказиб берадиган қувурлар эскирган. Куз-қиш мавсумида хоналар яхши исимайди. Бундан таш­қари, руҳшунос, невропотолог каби мутахассислар етишмайди. Беморлар йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтказилади. Агар улар пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида текширувдан ўтадиган бўлса, транспортдан қийналишади. Чунки махсус автотранспорт ажратилмаган, борлари эса таъмирга муҳтож.

Фракциямиз фикрича, мана шу масалаларга янада жиддий эътибор қаратиш керак. Махсус дастурлар асосида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз вақтида ниҳоясига етказилмагани маҳаллий ҳокимиятнинг эътиборидан четда қолмоқда. Масъулларга интизомий чоралар қўлланилса, бу каби нохуш ҳолатларнинг олди олинади, деб ўйлаймиз. Фракциямиз аъзолари Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг қўшма қарорига бу борада ўз таклифларини берди.

— «Мурувват» ҳамда «Саховат» уйларида ишлайдиганларнинг манфаатини ҳимоя қилиш ҳам долзарб масалалардан биридир, — деди Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов.

— «Саховат» ҳамда «Мурувват» уйларида яшовчилар учун санитария кийим-кечаклар ажратиш тартибини ҳам эътиборга олиш керак. Бугунги кун талаби асосида қонунчиликка қўшимча ва ўзгартишлар киритилишини таклиф қиламиз. Жойларда дори-дармон миқдори, протез-ортопедия маҳсулотлари ҳамда реабилитация воситалари ҳам талаб даражасида эмаслиги ҳақида мурожаатлар бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, фракциямиз тегишли вазирликларга ўз таклифларини берди. Бугун дунё тиббиётида «экзоскелет» атамаси кенг қўлланилмоқда. Яъни мазкур бионик костюм мус­таҳкам корсет асосида яратилган бўлиб, уни кийган одам нафақат тик туриш, балки мустақил ўтириш, юриш ҳаттоки зиналардан кўтарилиш имконига эга бўлади. Демак, бу тажрибани юртимизда ҳам жорий қилишни ўйлаб кўриш керак. Албатта, мавжуд эҳтиёж ва талаблардан келиб чиқиб.

Йиғилишда ногиронликни келтириб чиқараётган омилларга қарши курашиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ кўпайиб кетгани натижасида юзага келаётган касалликлар сони ўсиб бораётгани таъкидланди. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлар оқибатида 60-80 фоиз болалар ногиронлик билан туғилади. Шунинг учун тушунтириш-тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари томонидан Оила кодексининг 16-моддаси иккинчи қисмига «...насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ва уларнинг фарзандлари ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ва уларнинг фарзандлари ўртасида ниқоҳ тузишга йўл қўйилмайди», деган қўшимча киритиш тавсия этилди. Бунда ҳам халқаро нормалар ва инсон ҳуқуқларига оид меъёрий ҳужжатларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ногирон болалар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида фаолият олиб бораётган «Она ва бола» ва ҳудудий скрининг марказлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил этилди. Тизимдаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ўртага ташланди. Президентимизнинг «2018-2022 йиллар даврида болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Давлат дастури соҳадаги муаммолар ечимига хизмат қилиши таъкидланди. Бундан буён саотлаб навбат кутишларга барҳам берилиб, ҳомиладор аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш имкони юзага келиши эътироф этилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов кун тартибидаги масала юзасидан сўзга чиқиб, келгусида жойларда қонунлар ижросини ўрганиш жараёнида депутатларда талабчанлик ва ташаббускорлик устувор бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш якунида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда бу ҳақда қарор қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: