29.07.2017

ҲАР БИР ҚОНУН ЛОЙИҲАСИГА

таклифлар берилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Ушбу ҳужжат тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини янада мустаҳкам ҳимоялаш, уларнинг фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асоссиз аралашувининг олдини олиш, шунингдек, вакил фаолиятининг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган.

Депутатлар тадбиркорликни янада ривожлантириш орқали янги иш ўринлари яратилишини алоҳида таъкидлашди. Иш берувчилар томонидан ходимларга мавжуд норма ва талаблар асосида меҳнат шароитлари яратилиши билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

— Тадбиркорликнинг давлат даражасида ҳимоя қилиниши кам таъминланган фуқароларнинг манфаатларига ҳам мос келиши лозим, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Хайрулла Рўзметов. — Фракциямиз қонун лойиҳасига жисмоний имконияти чекланган фуқаролар меҳнат қилишлари учун мўлжалланган иш ўринлари яратган тадбиркорларга вакилнинг алоҳида ёндашувини назарда тутувчи нормаларни киритиш керак, деб ҳисоблайди. Бу меҳнатга лаёқатли жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларни ишга жойлаштириш, умуман олганда, ҳаётга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.

Қонун лойиҳасига кўра, вакил тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан назорат олиб бориши, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Биз вакилнинг зиммасига юклатилаётган вазифаларни умумлаштириш керак, деб ҳисоблаймиз. Фракциямиз фикрича, вакилнинг асосий иши тадбиркорларнинг мурожаатлари билан ишлаш, уларни бевосита Президентга етказиш ва шу орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиши лозим. Ушбу масала ҳақида ҳам чуқур ўйлаб кўриш керак.

«Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Ушбу қонун ло­йиҳаси Президентимизнинг жорий йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган режа асосида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида болаларнинг соғлиғи ва камол топишига зарар етказадиган ахборот бўйича асосий тушунчалар, бундай ахборот турлари аниқлаб берилган. Шунингдек, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Қонун лойиҳасини фракция аъзолари партия дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, атрофлича таҳлил қилди ҳамда қатор таклифлар билдирди.

— Болаларни бузғунчи, ахборот таъсирларидан ҳимоя қилиш долзарб масала, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Саттор Раҳматов. — Қонун лойиҳасида болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, бу борада қонунчилик ижроси юзасидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш кўзда ­тутилган. Фикримизча, айрим моддаларга янада аниқлик киритиш ва такомиллаштириш керак.

Жумладан, қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган чекловлар келгусида мамлакатимизда эркин ахборот майдонини ривожлантириш, фуқароларнинг конституциявий ахборот эркинлигига бўлган ҳуқуқлари чекланишига олиб келмаслиги керак. Лойиҳада болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотни таснифлаш ва ахборот маҳсулотининг ёш тоифаларини аниқлаш нормалари белгиланган. Мана шу ўринда болаларнинг руҳан ва жисмонан бир хил эмаслигини инобатга олиш керак. Айтайлик, имконияти чекланган ўғил-қизлар 30 ёшга кирганда ҳам болаларча фикрлаши мумкин. Фракциямиз, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини инобатга олган ҳолда, қонун лойиҳаси такомиллаштирилишининг тарафдори.

Фракция аъзолари «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди. Унда қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз вақтида ижрочиларга етказиш, аҳолига уларнинг мазмун-моҳияти сифатли тушунтирилишини таъминлаш, ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг самарали, яхлит тизимини яратиш масалалари акс эттирилган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар қонун лойиҳасига бир қатор таклифлар билдиришди.

— Қонун лойиҳасида аҳолининг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар ўрин олган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Бу масалаларда фракциямиз ўз позициясига эга. Яъни ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишнинг асосий принципларини белгилашда бундай ахборотдан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлигига ҳам эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, ҳуқуқий ахборотнинг ошкоралиги ва очиқлиги, қидириш ва олишнинг эркинлиги каби хусусиятларга бетарафлик ва холислик принципларини ҳам қўшиш керак.

Фракция йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди ҳамда фракция фаолиятига доир бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.