13.07.2017

ФУҚАРОЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ

Зангиота туманида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, туман ҳокимлиги, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши, бандлик бош бошқармаси, прокуратура ва ИИБ, «Соғлом авлод учун» халқ­аро хайрия жамғармаси масъул ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Зангиота туман аҳолиси ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллари билан юзма-юз мулоқот қилди.

— «Мустақиллик» маҳалласида истиқомат қиламан, — дейди Алишер Бобоқулов. — Маҳалламиздаги кўча анча пайтдан бери асфальт қилинмай келинмоқда. Шу масала ҳал этилса, яхши бўлар эди.

— Сиз айтаётган кўча ички йўлларни таъмирлаш дастурига киритилган, — деди туман ҳокими Салим Шерматов. — Масаланинг яна бир томони борки, барча йўлларни бир вақт­нинг ўзида таъмирдан чиқариш имконияти йўқ. Шунинг учун маҳалла фуқаролар йиғини билан кўчаларнинг қайсисини биринчи навбатда таъмирлаш бўйича келишиб олинса, тўғри бўлади. Барча йўлларни бос­қичма-бос­қич таъмирлаб борамиз.

— Қизим болаликдан ногирон, — дейди Манзура Носирова. — Операция қилдиришга маблағим йўқ, шунга ёрдам сўраб келгандим.

— Мазкур операцияни Тошкентда амалга ошириш мумкин, — дейди «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси масъул ходими Муҳаббат Йўлдошева. — Керакли ҳужжатларни олиб келсангиз, фарзандингизни бепул операция қилиш учун йўлланма берамиз.

— «Истиқбол» кўчасида яшайман, кун ора икки соат сув келади, — дейди Феруза Каримбердиева. — Сув учун пулни вақтида тўлаймиз, лекин сув йўқ. Бизда яна бир муаммо борки, сув кам келишига қарамай, аҳоли ўртасида ундан ноўрин фойдаланиш ҳолатлари кўп кузатилади. Мисол учун, тоза ичимлик суви билан томорқани суғоришади, машина ювишади. Натижада сув аҳолига етмайди.

— Осиё тараққиёт банкининг кредити эвазига Қибрай, Зангиота, Янгийўл туманларини сув билан таъминлаш бўйича махсус қарор қабул қилинди, — дейди туман ҳокими Салим Шерматов. — Унга асосан 2017-2018 йиллар давомида мазкур туманлардаги тегишли иншоотлар тубдан янгиланиб, сув таъминоти яхшиланади.

Туманимизда ичимлик сувига ўрнатилган ҳисоблагич 5 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Ҳисоблагич бўлмагандан кейин фуқаро сувни бетартиб ишлатаверади. Шу сабабли барча хонадонлар бир ой муддат ичида сув ҳисоблагич ўрнатиши бўйича таклиф бераман. Нархи қиммат эмас, сув таъминоти ходимлари ўрнатиб беришади. Сувни ҳисоб-китоб қилмайдиган бўлсак, кимгадир сув етиб, кимгадир етмай қолиши мумкин.

Очиқ мулоқот давомида коммунал соҳадаги баъзи бир муаммолар аҳолининг қарздорлигига бориб тақалаётганлиги аниқ мисоллар билан келтириб ўтилди.

— Туманимизнинг электрдан 257, газдан 130 миллиард сўм қарзи бор, — деди туман ҳокими. — 2016 йил бўйича туман аҳолисининнг мол-мулк бўйича қарзи 9,5 миллиард сўмни ташкил қилади.

— Юқорида фуқароларнинг қарздорлик масаласи бўйича айтиб ўтдингиз. Лекин биз газ учун тўловни ҳар ой ўз вақтида тўлаб борамиз, — деди Феруза Каримбердиева. — Шунга қарамай, яқинда ўғлимнинг ишхонасига газдан 900 минг сўмлик қарз­дорлик қоғози келибди.

— Бу ерда англашилмовчилик юз берган бўлса керак. Агар мазкур ҳолатга ўхшаган воқеалар шу ерда йиғилган бош­қа фуқароларда ҳам бўлса, рўйхатга олиб қўямиз ва газ бўйича вакилларга топшириқ берамиз, масалага ойдинлик киритишади, — деди туман ҳокими.

 — «Гулистон» қишлоқ фуқаролар йиғинида 22 минг аҳоли истиқомат қилади, — деди Каромат Тешабоева. — Лекин поликлиникамиз талаб даражасида эмас, шифокорлар етишмайди. Борлари ҳам пенсияга чиқиш арафасида. Беморларимиз узоқ ҳудудда жойлашган поликлиникада даволаниб келишмоқда. Замонавий шароитларга эга поликлиника қуриб бериш бўйича режа борми?

— Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда вилоят ҳокимлигига Гулистон поликлиникасини қишлоқ оилавий поликлиникасига айлантириш мақсадида хат ёзганмиз, — деди «Гулистон» қишлоқ фуқаролар йиғини «Қашқарлик» маҳалласи раиси вазифасини бажарувчи Эркин Пўлатов. — Агар дастурга киритилса, бу ерда 20 ўринли кундузги стационар ташкил қилиш имконияти бўлади. Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг битирувчиларини ишга таклиф қилганмиз. Улар ўқишни битиргандан сўнг, август ойидан бошлаб поликлиникада иш бошлайди, деган умиддаман. Уларни уй-жой билан таъминлашга ёрдам берамиз.

Очиқ мулоқот давомида яна кўплаб мурожаат ва саволлар бўлди. Уларни ҳал қилиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

— Сайёр қабуллар ташкил қилганимизда бир нарсага амин бўлдимки, кўпгина муаммоларнинг илдизи маҳаллага бориб тақалар экан, — дейди Зангиота тумани ҳокими Салим Шерматов. — Бундан хулосамиз шуки, маҳалла раисларининг фаоллигини оширишимиз зарур. Шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкам қиладиган бўлсак, кўпгина муаммолар вужудга келишининг олдини олган бўламиз.

Аҳолини қийнаётган муаммоларни чуқурроқ билиш мақсадида «Telegram» ижтимоий тармоғида саҳифа очганмиз. Ҳар куни 30-40 нафар фуқаро ўзини қийнаётган муаммолар ёки саволлар юзасидан мурожаат қилади. Уларни ҳал қилиш учун тегишли жойларга топшириқ бериляпти.

— Очиқ мулоқотда мутасадди ташкилот раҳбарлари фуқароларнинг мурожаатларини тўғридан-тўғри эшитди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси Акмал Умаралиев. — Унда туман аҳолисининг уй-жой, йўл масаласи бўйича муаммолари кўплиги маълум бўлди. Ўйлайманки, туман ҳокимлиги ва партия ташкилотлари аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ҳамкорликни кучайтиради. Кўтарилган масалаларни кечиктирмасдан ҳал этиш бўйича аниқ чора қўллайди. Бу борада депутатлик назоратини кучайтириш, ижросини ўрганиб бориш вазифаси зиммамизга юклатилган. Чунки шунчаки мулоқот ўтказиш билан чекланиб қолмай, аниқ натижа учун ишлашимиз, сайловчиларнинг мурожаатлари, муаммоларига ечим топиш устида изланишимиз, интилишимиз, курашишимиз керак.

 

Шаҳбоз САИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.