08.07.2017

МУАММОЛАР ЖОЙИДА ЎРГАНИЛГАНДА

ҳақиқий аҳвол яққол намоён бўлади

Бугун халқ билан мулоқот қилиш, ҳар бир масалага очиқ-ойдин, таҳлилий ёндашиш ҳар бир соҳа вакили, айниқса, депутатлар учун энг асосий мезон қилиб белгиланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг ҳар ойда 10 кун давомида ўзлари сайланган вилоятнинг бирор туманида бўлиши, ҳақиқий аҳволни қуйига тушиб ўрганиши, фуқароларнинг мурожаатларига қулоқ тутиши, муаммоларни таҳлил қилиши кўп масалаларга ойдинлик киритмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат НОРБОЕВ июнь ойида депутат ва сенаторлар билан биргаликда Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида бўлиб, ҳудуддаги ҳақиқий аҳволни ўрганди.

— Айтингчи, одамлар депутатларнинг ҳудудларга чиқишини қандай қабул қилаяпти? Қандай масалалар кўтариляпти?

— Ҳақиқатан ҳам, бугун фуқароларимизда ўзининг ҳақ-ҳу­қуқлари, қонуний манфаатлар таъминланишини талаб қилиш, жамият ҳаётига эътиборли бўлиш каби фазилатлар шаклланиб бораяпти. Бу жуда яхши. Одамлар ўзи сайлаган депутат келишини кутаяпти, унинг олдига жиддий вазифаларни қўя олаяпти. Буни депутатлар ва сенаторларнинг Шеробод туманидаги аҳоли, шу жумладан, ёшлар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари билан бўлган учрашувлар жараёнида ҳам кузатдик. Ўн кун давомида 750 дан ортиқ хонадонда бўлдик, 4 мингдан зиёд фуқаролар билан суҳбатлашдик. Уларни ўйлантираётган муаммо ва камчиликлар, орзу-интилишлари, режалари хусусида фикр алмашдик.

Ўрганишлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой-коммунал, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш, транспорт ва йўл қурилиши, таълим, экология ва атроф-муҳит, банк-кредит, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, савдо ва маиший хизмат, тадбиркорлик, маданият ва спорт соҳаларига тўғри келади. Мазкур масалалар юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 50 га яқин муаммо жойида ҳал этилди.

Шунингдек, туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган қатор масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Уларнинг бажарилиши назоратга олинди.

Ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган 61 вилоят, 6 республика даражасида ҳал қилиниши талаб этиладиган масала депутат ва сенаторлар томонидан ўрганилмоқда ва таҳлил қилинмоқда.

Бир нарсага алоҳида урғу бермоқчи эдим. Депутатларнинг жойларга чиқиши муаммоларни аниқ ўрганиш, илдизига етиш ва шу аснода миллий қонунчиликдаги камчиликларни тузатиш имконини ҳам бермоқда. Қолаверса, бундай ўзига хос механизм туфайли депутатларнинг жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимиятига таъсир кучи ҳам ошди.

— Шеробод туманида аҳоли бандлиги, таълим тизими сифати билан боғлиқ масалаларда қандай муаммолар аниқланди? Уларни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар белгиланмоқда?

— Очиғини тан олиш керак, бугунги кунда чекка ҳудудлар, айниқса, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш ўткир муаммолардан бири ҳисобланади. Бандлик дастурларига асосан туманда жорий йилда 3650 га яқин янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Январь-апрель ойларига мўлжалланган режа бажарилган. Бироқ яратилган иш ўринларининг ҳаммаси ҳам ҳақиқийми? Ишга жойлашган одам қанча вақт давомида ишлаяпти? Бу саволлар олдимизда кўндаланг турибди.

Туманда бўш иш ўринлари бўйича 160 корхона ва ташкилот ҳисобот топшириши белгиланган. Лекин 1 май ҳолатига кўра, 79 та корхона ва ташкилот бўш иш жойи тўғрисидаги маълумот берган бўлиб, уларда 370 та бўш иш ўрни мавжудлиги кўрсатилган. Бироқ уларнинг кўпчилигида ойлик маошлари кам бўлгани боис ҳеч ким бормайди ёки йўналишлар бўйича мутахассислар етишмайди.

Шеробод туманида 69 та умумий ўрта таълим мактаби, 23 та мактабгача таълим муассасаси, Баркамол авлод болалар маркази ҳамда ихтисослаштирилган мактаб интернати фаолият юритиб келмоқда. Тумандаги мактабларда 1-9 синфларда 26 минг нафардан ортиқ ўқувчи таълим олади. Мактабгача таълим муассасасида 90 та гуруҳ мавжуд бўлиб, 1800 нафарга яқин бола қамраб олинган.

Шеробод туманининг Тароғли, Чағатой, Бойбулоқ, Қишлоқбозор, Меҳробод, Зарабоғ, Истиқлол, Майдон, Пошхурт ва Нуртепа маҳаллаларида мактабгача таълим муассасалари йўқ. Бугун ёшлар тарбияси давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу биз учун ҳаёт-мамот масаласи бўлгани боис ушбу ҳудудларда янгидан мактабгача таълим муассасалари қурилишини давлат инвестиция дастурига киритиш мақсадга мувофиқдир.

Агар яна аниқ факт ва рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Шеробод туманида капитал таъмирлаш режасига атиги 4 та мактабгача таълим муассасаси биноси киритилган. 12 та мактабгача таълим муассасаси эса давлат дастурига киритилмай қолган. Тумандаги 69 та ўрта таълим мактабларининг 54 таси замонавий биноларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Қолган 15 та мактаб мослаштирилган бинода жойлашган. Ушбу мактаблар бинолари капитал реконструкция қилинишга муҳтож.

Туманда 16 та мактаб филиали мавжуд бўлиб, улар 19 та бинода жойлашган. Ушбу филиалларнинг бинолари ҳозирги замон талабларига жавоб бермайди. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида 70 нафарга яқин ўқитувчи етишмайди. Жумладан, рус тили ва адабиёти, тарих, физика, кимё, биология ва инглиз тили фанлари бўйича мутахассисларга эҳтиёж мавжуд. Мазкур йўналишдаги масалаларни ҳал қилиш учун олий ўқув юртларига мақсадли қабул тизимидан самарали фойдаланиш зарур.

Шеробод туманидаги мактабгача таълим муассасалари ошхоналарида балонли газдан ёки махсус электр печлардан фойдаланиш, бунинг учун бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш масаласини ҳал қилиш зарур.

Айрим мактабларда ичимлик суви ташиб келтирилади. Тиббиёт хонаси мавжуд эмас, ҳамшира ажратилмаган. Мактабларда ўқув устахоналари зарур ускуналар билан таъминланмаган. Буларнинг барчаси ўқувчиларнинг сифатли таълим олишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллардир.

— Туманда уй-жой, коммунал хизмат кўрсатилиши ва аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласида қандай муаммолар борлиги аниқланди?

— Туман газ таъминоти корхонаси истеъмолчилар билан ўрнатилган тартибда ҳар ой якунида ишлатилган газ, тўланмаган қарздорлик учун пеня ҳисоби бўйича таққослама далолатномалар тузилмаганлиги сабабли вужудга келган нореал қарздорликдан аҳоли норози. Жумладан, аҳоли билан тузилган шартнома нусхалари газ корхонасида тўлиқ мавжуд эмас, назоратчилар томонидан аҳолига тарқатилган огоҳлантириш хатларидаги қарздорлик миқдори ҳақидаги маълумотлар ҳақиқий ҳолатга тўлиқ мос келмайди.

Ўрганишлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда қўшимча 7691 дона суюлтирилган газ баллонларига, газ баллонлари ташувчи иккита ISUZU автомашинасига ва газ тўлдирувчи станцияга эҳтиёж мавжуд. Чунки ҳозирги вақтда Бойсун, Музрабод ва Термиз туманларидан газ баллонларининг тўлдириб келиниши натижасида таъминотдаги узилишлар аҳоли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шеробод туманида 48 та кўп қаватли уй-жой бўлиб, уларга 3 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. Дўстлик ширкати ҳудудидаги кўп қаватли уй-жойлар ўрганилганда, уларнинг атрофидаги ноқонуний қурилган иншоотлар бузилаётгани ва уйларнинг томларини ёпишга тайёрлаш ҳамда профнастил ёпиш ишлари олиб борилаётгани, жумладан, 4 та уйнинг томини ёпиш тугалланганига гувоҳ бўлдик.

Шунинг билан бирга, қуёш энергиясидан фойдаланиш учун зарур қурилмаларни истеъмол кредити асосида харид қилишга амалий ёрдам сўралди.

«Сувоқова» давлат унитар корхонаси Шеробод туман филиали аҳолини ичимлик суви билан таьминлашда асосан ҳудуддан ташқаридаги манбалар ҳисобидан фойдаланади. Хусусан, Хўжаипок манбаидан қувурлар орқали 33 фоиз аҳоли, ерости артезан сувларидан 12 фоиз, булоқ ва коризлардан 32 фоиз ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш канал ҳамда ариқлардан 23 фоиз аҳоли фойдаланади. Шу билан бирга, хонадонларга ичимлик суви қувурлар билан тармоқлашмаган ҳудудларда сув махсус тран­спорт­­­лар орқали тар­қатилади.

Аҳоли томонидан тумандаги кўп йиллардан буён хизмат кўрсатиб келаётган ва ҳозирги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолган сув қувурларини янгиларига алмаштириш масаласини давлат инвестиция дастурига киритиш таклифи билдирилди. Ҳозирда мазкур таклифлар ўрганилиб, ҳал қилиш учун тегишли ташкилотларга юборилмоқда.

Умуман олганда, ўтган ой давомида Шеробод туманида ўрганилган камчилик ва муаммолар мамлакатимизнинг аксарият бош­қа ҳудудлари учун ҳам хосдир. Шу боис уларни тизимли ҳал этиш — долзарб масала.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.