04.07.2017

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА

парламент назорати янада кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракция­сининг навбатдаги йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланганини инобатга олсак, бу масала партиямиз учун принцпиал аҳамиятга эга.

Йиғилишда қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳани ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашга қаратилган 1 та фармони ҳамда 7 та қарори қабул қилинди.

Фракция аъзоларининг қайд этишича, соҳада ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш ҳамда улар устидан халқ назорати ва парламент назоратини ўрнатиш бўйича тизимли механизмлар амалиётга жорий этилмоқда. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникалари раҳбарларининг ҳар 15 кунда маҳаллалар йиғилишларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳар ойда ҳамда ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари раҳбарларининг ҳар чоракда маҳаллий Кенгашлар сессияларида ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилди. Мазкур йиғилиш ва сессияларда парламент вакиллари, тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари раҳбарлари ҳамда маҳалла фаолларининг иштироки таъминланмоқда.

Шу орқали тиббиёт муассасаларининг фаолиятидаги муаммолар, жумладан, айрим жойларда шифокорларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ҳал этишга амалий кўмак берилмоқда.

— Очиғи, сайловчилар билан учрашувларда соғлиқни сақлаш тизимига оид кўплаб мурожаатлар бўлмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — ­Шундан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари соҳада амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда. Жумладан, депутатлар томонидан ҳокимликлар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилди. ҚВП биноларида аҳолига профилактика-патронаж хизматини амалга ошириш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эмлаш, муолажа, патронаж ҳамшираси учун алоҳида хоналар ташкил этилмоқда. Шунингдек, ҚВП сифатида сақлаб қолинаётган 819 муассаса, ҚВПлар негизида янгидан тузилаётган 793 қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам подстанцияси, 658 уй-жой сифатида фойдаланиладиган собиқ ҚВП биноларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақлаб туриш давом эттирилади.

Тўғри, ўрганишлар натижалари Қонунчилик палатаси ҳузуридаги комиссияда доимий равишда умумлаштирилиб, таҳлил қилиб борилмоқда ҳамда аниқланаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар белгиланмоқда. Биз фақат бу билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Маҳаллий Кенгаш сессияларида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жараёнида аниқ натижаларга эришиш талаб этилади.

— Президентимизнинг шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ ком­плекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Баҳром Обиджонов. — Бу ишлар тез тиббий ёрдамнинг тезкорлигини, сифати ва ундан фойдаланиш даражасини ошириш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-текник базасини яхшилашда долзарб аҳамиятга эга.

Фракциямиз ушбу масала юзасидан ҳам ўз фаолият йўналишини аниқ белгилаб олган. Қарор ва фармонлар ижроси изчил ўрганиб борилади ва жойларда учраётган муаммолар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари, жамоатчилик, электорат вакиллари иштирокида атрофлича муҳокамадан ўтказилади.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш масалалари юзасидан фракция олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.