01.07.2017

ЯНГИЧА ЁНДАШУВЛАР

бандликни таъминлаш соҳасида муҳим қадам бўлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида қатор вазирлик ва ташкилотларнинг раҳбарлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят кенгашлари масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Президентимизнинг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, фракция олдида турган устувор вазифалар муҳокама этилди.

Маълумки, мамлакатимиз иқтисодиётини ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили кўплаб иш ўринлари яратилмоқда.

Иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар, ўқишни битириб, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётган ёшлар, жисмоний имконияти чекланганлар, шунингдек, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари, ёш болали аёллар бандлик дастури орқали ўз ишига эга бўлмоқда. Бу Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари амалга ошиши йўлида принципиал аҳамиятга эгадир.

Маълумки, фармонда бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишда ҳалигача эскирган иш шакллари ва услубларидан фойдаланилаётгани, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳоллари сақланиб қолаётгани, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашув ҳолатлари учраётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу маънода мазкур фармон банд­лик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазасини кучайтириш, аҳоли бандлигини таъминлашда давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари масъулиятини тубдан кучайтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, дейишди депутатлар.

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Айтиш керакки, бандлик соҳасида янгича ёндашувлар жорий этилмоқда. Жумладан, давлат ва хусусий бизнес ўртасидаги ҳамкорликка асосланган ҳолда меҳнат бозори инфратузилмаси ривожланмоқда, ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муас­сасаларининг биринчи маротаба ишга жойлашган битирувчилари (агар улар таълим муассасасини тамомлаган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса) ишга жойлашганидан кейин биринчи йил давомида иш ҳақидан олинадиган даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкасини 50 фоизга, уларнинг иккинчи ва учинчи йил давридаги иш фаолияти бўйича 25 фоизга камайтириш белгиланди. Бу имтиёз бюджет ташкилотлари, монополист ташкилотлар, устав жамғармасида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларга ишга жойлаштирилганларга нисбатан татбиқ қилинмайди.

Ушбу норма орқали тадбиркорлар, корхона-ташкилотларнинг битирувчиларни ишга жойлаштиришдан манфаатдорлиги ошади. Шу билан бирга, имтиёз асосида бўшайдиган маблағларни ёш кадрларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирларга йўналтириш имкони кенгаяди.

Бандлик даражасини ошириш, битирувчиларни иш билан таъминлаш партиямиз учун асосий масаладир. Шунинг учун фракциямиз аъзолари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз билан бирга назорат-таҳлил ишларини кучайтиришга, умумий гаплардан амалий ишларга ўтишга интилмоқда.

Хусусан, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда ҳақ­қонийликка қатъий риоя қилиниши, бу борада мутасадди идоралар, иш берувчилар масъулияти ҳамда жавобгарлигини кучайтириш масалаларида қатъий позиция кўрсатишимиз зарур.

 

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Аҳолини ишга жойлаштиришда илғор замонавий технологиялар жалб этилади. Масалан, 2019 йилдан бошлаб ходимларнинг меҳнат фаолияти даври, махсус стажи ва давлат ижтимоий суғуртасига тўлаган тўловлар миқдори бўйича ишонч­ли маълумотни ҳамда ходимнинг касбий ўсишига доир бошқа маълумотларни ўз ичига олган «элек­трон меҳнат дафтари» тизимини бос­қичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Умуман олганда, Президент фармони муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш бўйича ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Асосий вазифа эса унда белгиланган чора-тадбирлар ижросини самарали назорат қилишдан иборат. Бунда парламент депутатлари зиммасида ҳам катта масъулият турибди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини ҳар ой якуни бўйича сессия йиғилишларида танқидий муҳокама қилиб, мавжуд муаммо ва камчиликларни жойида ва ўз вақтида бартараф этишни таъминлаш керак. Бу жараёнда манзилли рўйхатларга киритилган корхоналарга бино, ер ажратиш, кредитлаш, хом­ашё таъминоти, коммуникацияларга уланиш масалаларига жиддий ёндашиш зарур, деб ҳисоблайман.

Ҳар ойда фракциямиз аъзолари сайлов округларида фаолият олиб бориш жараёнида бандликни таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратишмоқда. Биз бу борадаги фаолиятимизни фақат назоратдангина иборат, деб ўйламаслигимиз лозим. Янги иш ўринлари яратишда барча даражадаги депутатлар фаол иштирок этиши, иш қидириб юрган одамлар билан юзма-юз гаплашиб, уларга ёрдам бериш йўлларини топишимиз керак.

Йиғилишда, шунингдек, бандлик соҳасидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳоли орасида тушунтириш, тизимда бўладиган ўзгариш ва янгиликлардан сайловчиларни кенг хабардор қилиш муҳим масала экани қайд этилди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида фракция олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.