27.04.2017

ЭЛЕКТРОН МУРОЖААТ

давлат ва халқ ўртасидаги алоқаларнинг муҳим механизми

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан шу мавзуда семинар ташкил этилди.

Мурожаат қилиш ва ахборот олиш фуқароларнинг асосий ҳуқуқларидан бири бўлиб, инсон манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боис миллий қонунчилигимизда фуқаролар мурожаатлари масаласига алоҳида ўрин берилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғри­сида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги қонунларда бу борадаги тартиб ва қоидалар белгиланган.

Шулар асосида электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ҳозир жисмоний ва юридик шахслар белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли идора ёки мансабдор шахсларга мурожаат қилмоқда. Шунингдек, давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига тўғридан-тўғри электрон мурожаат қилиш имконияти яратилиб, «виртуал қабулхоналар» ташкил қилинди. Бу орқали фуқароларнинг электрон мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш тизими янада такомиллашди. Ушбу мурожаатларга тезкор жавоб бериш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтларида зарур сервислар яратилиб, келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш ва жавоб бериш мониторингини юритиш бўйича ахборот тизимлари жорий этилгани таъкидланди.

— Бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳаларига ахборот ва коммуникация технологиялари шиддат билан кириб келмоқда, — дейди Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Нўъмон Акбаров. — Бу борада 2015 йилда «Элек­трон ҳукумат тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга асосан, эндиликда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларига ўзларининг хизматларини ахборот ва коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш масъулияти юклатилди. Бу орқали жисмоний ва юридик шахслар электрон шакл­даги мурожаатларни бевосита давлат органи расмий веб-сайтига ёки интерактив давлат хизматлари портали орқали йўллаш имкониятига эга бўлишди.

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахснинг мурожаатида унинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг мурожаатида унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва мурожаатнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

Тадбир давомида давлат органлари томонидан фуқароларнинг электрон мурожаатлари билан самарали ишлашга қаратилган норматив ҳужжатларни кўриб чиқиш, элект­рон мурожаатларни қайта ишлаш борасидаги қоидаларни бирхиллаштириш каби масалаларга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу асосида қўмита аъзоларига тегишли вазифалар юклатилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.