Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.02.2017

АҲОЛИНИ ЎЙЛАНТИРАЁТГАН МУАММОЛАР ИЗЧИЛ ЎРГАНИЛЯПТИ

Таклиф ва мулоҳазаларни тинглаш, халқ билан бамаслаҳат иш тутиш, муаммоларни ҳал қилиш одамларнинг давлатга, қонунларга ишончини мустаҳкамлайди. Тараққиётга кенг йўл очади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзоларининг ҳудудларда бўлиши, жойлардаги муаммоларни ўрганиши, хонадонларга кириб, халқ билан мулоқот қилиши ҳам ана шу эзгу мақсадга қаратилган.

Аҳоли ва электорат вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда ижтимоий инфратузилма ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит ташкилотлари фаолиятини самарали ташкил этиш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Қабул қи­л­инган қонунлар, бош­қа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини яқиндан ўрганиш, аҳолининг талаб, таклифларини эшитиш, маҳаллий ижро ҳокимияти фаолиятини тан­қидий таҳлил этиш келгуси вазифаларни белгилаб олишда долзарб аҳа­мият касб этади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ­Спикери ўринбосари ­Хатамжон Кетмонов бир гуруҳ депутатлар ҳамда Сенат аъзолари билан Шаҳрихон туманида бўлди. Қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинлари, муассаса, корхона ва ташкилотларда аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувларда, аввало, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мақсад-моҳияти хусусида сўз юритилди. Давлат ҳокимия­ти органлари ва ташкилотлар раҳбарларининг мулоқотлар чоғида бевосита иштирок этиши муаммолар ўз вақтида ечим топишига хизмат қилиши таъкидланди.

Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзоларининг ташаббуси билан Шаҳрихон туман Кенгаши қошида ишчи гуруҳи штаби тузилди. Аниқланган камчиликлар, муаммолар туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар билан ҳал қилинади. Айрим мурожаатлар назоратга олиниб, баъзи масалалар бўйича таклифлар тайёрланади.

— Давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳаллалар, таълим, тиббиёт муассасалари фаолиятини батафсил ўрганишга ҳаракат қиляпмиз, — деди Хатамжон Кетмонов. — Хонадон соҳиблари билан суҳбатлашяпмиз. Уларнинг кўнглидаги режаларига аҳамият беряпмиз, амалга ошишига кўмак кўрсатяпмиз.

Ичимлик сув таъминоти, экология билан боғлиқ масалалар кўтариляпти. «Сувоқава» давлат унитар корхонаси мурожаатларни ҳал қилишга киришди. Фуқаролар айрим ҳудудларда «калифорния» тераклари кўкламда момиқ чиқариб, аллергик касалликларни қўзғатаётгани ҳақида гапиришди. Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси мутахассислари ушбу масалани ўрганишга жалб этилди.

Шаҳрихон тумани вил­оя­т­дагина эмас, балки мамлакат миқёсида аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан бу ерда бандликни таъминлаш долзарб вазифалар қаторида туради.

Шаҳрихон ҳунармандчилигининг дон­ғи дунёга кетган. Уста бешикчилар, пичоқчилар, мисгар, кандакорлар самарали меҳнат қилмоқда.

Туманда мустақиллик йилларида автомобиллар ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларига филтрлар, замонавий андозадаги пойабзаллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар, бир қанча масъулияти чекланган жамиятлар фаолияти йўлга қўйилди. Янгидан-янги бинолар қуриляпти. Қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган кўплаб замонавий уй-жойлар фойдаланишга топширилди.

Холдевонбек қишлоғидаги 53-умумтаълим мактабидаги таълим-тарбия, фанларни ўқитиш тажрибаси ибратлидир. Мактаб директори, ЎзХДП фаоли, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров бошчилигидаги малакали ўқитувчилар ўқувчиларга пухта билим беришяпти.

Шаҳрихондаги ибратли ишлар кўламининг кенглиги ҳамма муаммолар ҳал этилди, дегани эмас. Бу парламент вакиллари билан аҳоли ўртасидаги мулоқотларда аён бўлмоқда.

Депутатлар «Номозгоҳ» маҳалласидаги Анвар Абдуллаев хонадонида бўлишди.

— Президентимиз одамларнинг тадбиркор бўлишига кўмаклашиш зарурлиги ҳақида жуда ўринли гапирди, — деди хонадон соҳиби. — 10 бош қўй боқамиз. Агар чорва учун озуқа етиштиришга ер ажратилса, юзта қўй боқишни уддалаймиз. Рўзғоримизга барака киради.

Депутатлар масалани ўрганиб, ёр­дам кўрсатилишини айтишди.

Шу маҳаллалик Одилжон Исмоилов электр энергияси тизимидаги узилишлар масаласини ўртага ташлади. Туман электр тармоқлари корхонасига масалага аниқлик киритиш хусусида маълумотнома тақдим этилди.

Қўш қаватли, 24 хонадонли уйда яшовчи Ёқутхон Ҳожибоева турар-жой томи ва оқава тармоғи таъмирга муҳтож эканини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Хатамжон Кетмонов билан бирга Шаҳрихон туман Кенгаши депутати Орифжон Турсунов, вилоят Кенгаши депутати ­Дурбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Қаҳрамони ­Камолиддин Ғопиров ҳам аҳоли хонадонларидаги суҳбатларда қатнашишди. Бу муаммоларни биргаликда ҳал этишга хизмат қилади.

— Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган қатъий талабнинг амалдаги исботини кўряпмиз, — деди меҳнат фахрийси, ЎзХДП фаоли Анорхон Мўминова. — Одамлар депутатлар билан мулоқотларда муаммолар ечим топишига катта умид билдиряпти, янги режалар тузяпти. Биз бундан жуда хурсандмиз.

 

Аҳмадилло СОЛИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.