21.01.2017

ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ

парламент назоратини кучайтиришнинг энг муҳим омилларидан биридир

Президентимизнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида мутасадди раҳбарлар, давлат идоралари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши кераклиги таъкидланди.

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида Президентимиз томонидан билдирилган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар яна бир бор ўрганиб чиқилди. Шу асосда депутатлар томонидан фракция фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашга доир таклифлар билдирилди.

Кун тартибидаги долзарб масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Хатамжон Кетмонов сўзга чиқди.

 — Президентимиз маърузасида ўтган йили мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга умумий баҳо берилди, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил этилди, деди фракция раҳбари. — Шунингдек, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширишимиз лозим бўлган энг муҳим вазифалар, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Халқимизнинг хоҳиш-иродаси, замон шиддати олдимизга янги ва янада мураккаб вазифаларни қўймоқда.

Президентимиз маърузасида таъкидлаб ўтилганидек, айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан узилиб қолмоқда. Тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепциялари ва дастурларини ишлаб чиқишда юзаки ёндашувга йўл қўйилмоқда. Бу борадаги асосий камчилик — аксарият раҳбарларнинг мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, иқтисодиёт тармоқлари, ҳар бир корхонадаги, шаҳар ва туманлардаги, айниқса, қишлоқ жойлардаги ишлар қандай аҳволда эканини чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолгани билан боғлиқдир.

Президент маърузасида ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, оилавий бизнес, касаначиликни ривожлантириш, аҳолини дори воситалари билан ишончли таъминлаш, қариялар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларни фракциямиз долзарб ҳамда принципиал аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиқиб, олдимизда турган вазифаларни белгилаб олдик.

Маърузада илгари сурилган яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман, деди партия етакчиси. Фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги самарали усул ва механизмларини ҳаётга татбиқ қилиш, жумладан, барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар идоралари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, шу мақсадда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бугунги куннинг талабидир.

Хусусан, вилоят, туман, шаҳар прокурорларининг маҳаллий Кенгашларда ҳисоб бериш механизми жорий этилиши муносабати билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга тегишли нормаларни киритиш, Кенгашларнинг назорат фаолиятини яхшилашга қаратилган ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш тақозо этилади.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай катта-кичик раҳбар, қолаверса, барча даражадаги депутатлар ҳозирги шароитда фақат кабинетда ўтириб яхши натижаларга эришолмайди, халқимизнинг меҳри ва ишончини қозона олмайди. Биз қанчалик одамларга яқин бўлсак, улар билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлсак, ишимизда самара кўринади. Жойларда давлат ҳокимияти органлари ҳисоботини эшитиш жараёнида депутатлар фаол қатнашиши зарур. Бу парламентда муҳокама этиладиган қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади. Ушбу механизмнинг ҳаётга жорий этилиши қонунларнинг иж­ро ҳокимия­ти томонидан қай даражада амалга оширилаётганини ўр­ганиш, тегишли тартибда баҳо бериш, шу билан бир қаторда, яна қандай қонунчилик ташаббуслари зарурлигини ўрганишга имкон яратади.

Бизнинг фикримизча, тиббиёт йўналишидаги таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда мутахассис кадр­ларга бўлган талабни инобатга олиш керак. Маҳаллий ҳокимларга мазкур масалалар юзасидан тегишли ҳуқуқлар бериш, яъни ҳокимларнинг тавсия­сига асосан олий ўқув юртларида кадр­лар тайёрлаш механизмини яратувчи ҳуқуқий нормани «Таълим тўғрисида»ги қонунга киритиш лозим. Бундан таш­қари, ушбу қонунга ўқув юрт­ларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган ногирон болалар учун ин­клюзив таълим бериш мақомини белгилайдиган норма киритишни таклиф этамиз.

Мажлисда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Марказда Ҳукуматнинг, жойларда маҳаллий ҳокимларнинг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун ижроси бўйича ҳисоботларини тегишли вакиллик органларида эшитиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлади, деди партия етакчиси.

Хатамжон Кетмонов барча даражадаги депутатлар қонунлар ижросини ўрганишда танқидий таҳлилга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини, фракциянинг электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларини тубдан кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг фракция аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

— Мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Собитхон Тур­ғунов. — Агар чуқурроқ ўйлаб, мулоҳаза юритсак, бир одамни ишга жойлаштириш ўз-ўзидан амалга ошмаслиги аён бўлади. Иш ўрни яратилиши масаласи кўплаб омилларга боғлиқ. Бунинг учун, аввало, иш жойлари яратишнинг янги механизмларини ҳаётга жорий этиш керак бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида ушбу долзарб вазифа юзасидан муҳим фикрлар илгари сурилди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича уч томонлама шартномаларни амалга ошириш борасида қўшиб ёзиш ҳолатлари бартараф этилмагани таъкидланди. Юртимизда йилига 1,5 миллион одамни ишга жойлаштиришга эҳтиёж бўлса-да, ўтган йили Бандликка кўмаклашиш марказлари атиги 248 минг кишини ёки 16,5 фоизини ишга жойлаштиргани қаттиқ танқид қилинди.

Очиғини айтиш керак, биз бу масалани парламент назорати тартибида ўрганиб чиққанимизда кўплаб хато ва камчиликларга дуч келганмиз. Ишга жойлашган, деб маълумот берилган битирувчилардан муайян қисми аслида ишга олинмаган, уларга меҳнат дафтарчалари очилмаган бўлиб чиқмоқда.

Президентимиз «бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур», деб уқтириб ўтди.

Қонунчилик палатасида ҳукумат вакиллари ҳамда давлат бошқаруви органлари мансабдор шахсларининг ахборотларини эшитиш, ҳудудларда қонунлар, бандлик дастури ижроси бўйича олиб борилаётган назорат-таҳлил ишларини тубдан кучайтиришимиз зарур.

Бандликка кўмаклашиш марказлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиш ва уларнинг фаолиятини ривожлантириш масаласини қатъий кўриб чиқиш, шунингдек, уч томонлама шартномалар бўйича ота-оналар масъулиятини ошириш юзасидан қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш керак, деб ўйлайман.

— Маърузада аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама этилди, тизимдаги камчиликлар очиқ айтилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Президентимиз, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолини дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғ­лом авлодни камол топтириш борасидаги вазифаларга алоҳида урғу берди. Ўтган йиллар мобайнида соғ­лиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғини, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларини ислоҳ қилиш самарадорлиги таъминланмагани, уларда 2 минг 500 нафар врач етишмаётгани, ушбу масканларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва дори воситалари билан таъминлаш даражаси жуда паст эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Бу камчиликларни бартараф этишда биз, депутатлар ҳам фаол қатнашишимиз керак. Ушбу долзарб масалалар юзасидан нафақат эшитувлар ўтказиш, балки туманма-туман, қишлоқма-қишлоқ юриб, врачлик пунктларидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишимиз зарур.

Қишлоқларда истиқомат қилаётган муҳтож кишиларнинг имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминланиши, дорихоналарда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши устидан давлат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳаёт талабидир.

Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси олдида турган муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.