Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
10.01.2017

СОЛИҚ ВА БЮДЖЕТ СИЁСАТИ

аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилган

Бюджет сиёсати мамлакат тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун уни режалаштиришда ҳеч қайси соҳани назардан четда қолдириб бўлмайди.

Жорий йилга мўлжалланган давлат бюджети сиёсатининг асосий йўналишлари нималардан иборат? Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фарҳод Умаров шу ва бошқа саволларимизга жавоб берди.

Аввало, давлат бюджети нима, деган саволга жавоб беришимиз керак, деб ўйлайман. Бюджет давлат олдидаги вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадида пул маблағларининг жамғарилиши ва сарф қи­линишидир. Бюджет сиёсати эса мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик, бюджет тизимидаги мувозанатни сақлаган ҳолда, давлат тасарруфидаги маблағларни келгусида унинг молиявий имкониятларини ошириш мақсадида ўта самарадорлик билан ишлатиш, демакдир.

2017 йилги солиқ ва бюджет сиёсати аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилган. Бундай ёндашув мамлакатимизда амалга ошириб келинаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатга ҳар томонлама мувофиқдир.

Бу йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жам­ғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиё­сатининг асосий йўналишлари макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Хусусан, ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми эса 9,6 фоизга ўсиши тахмин қилинмоқда.

Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган харажатлар ял­пи ички маҳсулотга нисбатан 2,2 фоиз миқдорида бўлиши кутилмоқда. Шу тариқа бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 19,5 фоизга ошади.

Давлат бюджетида асосий эътибор ижтимоий соҳани ривожлантиришга, яъни таълим, соғ­лиқни сақлаш, аҳолини мақсадли ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш хақи, пенсия, стипендия ва нафақалар ҳам­да бошқа биринчи даражали тўловларни ўз вақтида молия­лаштиришга йўналтирилган. Бу, ўз навбатида, аҳоли реал даромадларининг ўсиши, турмуш даражаси ва харид қобилиятининг янада ошишига хизмат қилади.

Бугун дунёнинг кўп­лаб мамлакатларида давлат бюджетини режалаштиришда солиқ сиёсатига алоҳида эътибор қаратилади. Иқтисодиёт барқарорлиги ва рақобатбардошлигини оширишда бу масала муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода жорий йилда солиқ сиёсатида қан­дай ўзгаришлар бў­лади?

— Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжатида чуқур таркибий ислоҳотларга, муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришга, шунинг­дек, минтақаларнинг даромад базасини ошириш орқали бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса ҳудудларда инфратузилма янада тараққий этишини, йўлларнинг яхшиланиши ҳамда туман ва шаҳарларнинг иқтисодий ­салоҳияти юксалишини кўрсатиб турибди.

Солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизга камайтиришни, солиқ маъмурчилигининг шаффофлигини таъминлаш орқали уни яхшилашни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлашни назарда тутади.

Солиқ тизимининг бар­қарорлигини таъминлаш мақсадида асосий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг (фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов) ставкаларини сақлаб қолиш белгиланган.

— Маълумки, ҳар ­йи­ли мамлакатимизда Дав­лат бюджети харажатларининг катта қис­ми ижтимоий соҳага йўналтирил­япти. Бу йил ушбу масалага қандай ёндашиш кўзда тутилмоқда?

Ушбу масалани фракциямиз йиғилишида ҳам атрофлича муҳокама қилдик. Чунки бу партиямиз дастурий мақсадлари билан боғлиқ принципиал масаладир.

Айтиш керакки, Давлат бюджетида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошириб борилмоқда. 2016 йилда бундай маблағлар бюджет харажатларининг 59,2 фоизини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 59,7 фоизгача кўпайтирилиши белгиланган.

Таълим муассасаларини жорий сақлаш харажатлари бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ҳамда Олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармаси харажатларини ҳисобга олмаганда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 6,8 фоизни ташкил этади. Демак, мазкур соҳага ажратилаётган салмоқли маблағлар таълим-тарбия масканларида билим олиш шароити ва имкониятларини яхшилаш учун кенг йўл очади. 

Давлат мақсадли жам­ғармалари, жумладан бюджетдан ташқари Пенсия жам­ғармаси, Республика йўл жамғармаси, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жам­ғармаси, Давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жам­ғармаларининг даромадлари аниқ ҳисоб-китоб­ларга асосан етарли манба билан таъминланиши кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, Давлат бюджетида белгиланган асосий кўрсаткичлар мамлакатимизда инсон омили ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига эъти­бор йил сайин ортаётганидан далолат беради.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: