Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
05.01.2017

ИЖТИМОИЙ ХИЗМАТЛАР СИФАТИ

давлат ва жамоатчилик назоратида бўлади

Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлашни, шу билан бирга, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантиришни ҳам қамраб олади. 

Айтайлик, кимгадир иш шароитида енгиллик яратиш керак. Ёки кимдир соғлиғини тиклаш учун ёрдамга муҳтож. Жисмоний имконияти чекланганларга эса таълим соҳасида қулайлик керак бўлади. Эҳтиёжманд инсонларга ҳуқуқий, иқтисодий, психологик, таълимга оид, тиббий, реабилитация хизматларини кўрсатиш орқали уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратиш муҳим масала ҳисобланади. Демак, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.

Шу жиҳатдан олиб қарасак, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги Қонун­нинг қабул қилиниши катта ҳаётий аҳамиятга эга экани маълум бўлади.

Қонун 2016 йилнинг 26 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, кучга киради. Қонуннинг мазмун-моҳия­ти, аҳамиятли жиҳатлари ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳар қандай давр­да ҳам давлат ва жамият олдида турган энг муҳим, долзарб вазифалардан ҳисоб­­ланади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Чунки одамларнинг турмуш тарзи, кайфияти, амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қандай бўлиши, аввало, улар қай даражада ижтимоий ҳимояланганлиги билан бевосита боғлиқ. Ушбу Қонун бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари кимлар? Аввало, ана шу саволга жавоб беришимиз керак. Ўзгаларнинг парваришига муҳтож кексалар ва ёлғиз яшовчи кексалар, I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган фуқаролар, ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахс­лар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар эҳтиёжманд кишилар ҳисобланади.

Қонунда аҳолининг ушбу қисмига ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг комплекс тизими яратилиши кўзда тутилган. Ижтимоий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини ошириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган.

Унга кўра, давлат сиёсати аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш ва ҳисобга олиш ҳамда уларга ушбу хизматлар кўрсатилишини ташкил этиш орқали амалга оширилади. Шунингдек, ижтимоий хизмат олувчиларнинг оила ва жамият билан алоқаларини сақлаш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва ижтимоий хизматлар стандарт­ларига риоя этилишини таъминлаш, соҳада ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларига киритилган.

— Инсон манфаатини олий қадрият, деб биладиган давлат ва жамият ўз фуқароларининг фаровон турмуши ва саломатлигини муҳофазалашга алоҳида эътибор қаратади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилмурод Саъдуллаев. — Мамлакатимизда кексаларни ижтимоий муҳофаза қилиш, ногиронларнинг ҳамма қатори яшаши, таълим олиши ва ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Ушбу Қонун орқали уларга алоҳида имтиёзлар белгиланди.

Қонуннинг 3-бобида ижтимоий хизматлар кўрсатиш шакллари ва турлари белгиланган. 13-моддага асосан, ижтимоий хизматлар кузатув ва маслаҳат бериш, уйда парваришлаш, кундузги ёки қисқа муддат бўлиш муассасалари ҳамда интернатларда кўрсатилади.

Масалан, ижтимоий кузатув ва маслаҳат бериш хизматларини олайлик. Булар ижтимоий хизматлар бўйича маслаҳатлар бериш, шунга алоқадор органлар ва ташкилотларга юбориш, ишга жойлашишда кўмаклашиш каби хизматларни ўз ичига олади. Қонунда ҳомийлик ва васийликни белгилаш, фарзандликка олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбиялаш (патронат), болалар интернати муассасаларига жойлаштиришга кўмаклашиш масалалари ҳам белгиланган. Шунингдек, болалар интернати муассасалари тарбияланувчисини оилага қабул қилишга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни тайёрлаш, уй-жой ва моддий ёрдам олишда кўмаклашишдек долзарб вазифалар эътиборга олинган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, бу борадаги ишлар тизимли йўлга қўйилиши партиямизнинг дастурий мақсадлари амалга ошишига, электорат манфаатлари ҳимояси таъминланишига хизмат қилади.

— Қонун моҳият эътиборига кўра, инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Зулайҳо Акрамова. — Аҳамиятли томони, ушбу Қонун ижтимоий ҳимоя тизими жамоатчилик назорати учун очиқ бўлишини кафолатлайди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини мустақил ёки фаол ҳимоя қилолмайдиган фуқароларнинг манфаатларини таъминлашда бу масала принципиал аҳамиятга эгадир.

Қонунга кўра, ижтимоий хизматлар кўрсатувчи орган ва ташкилотлар очиқ фаолият юритади. Бу борада мунтазам мониторинг ўтказилади.

 Мониторинг натижасида олинган очиқ маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирилади. Ижтимоий хизматларни баҳолаш қонун ҳужжатларининг ижроси, кўрсатилаётган хизматлар сифати, самарадорлиги ва бехатарлигини таҳлил қилиш орқали амалга оширилади.

Ушбу соҳада жамоатчилик назорати ҳам жуда муҳим, албатта. Қонунда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа инс­титутлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий хизматлар бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириши кафолатланган.

 Давлат органлари ва ташкилотлари жамоатчилик назорати ўтказилишига қарши чиқмай, балки кўмаклашиши лозим. Жамоатчилик назорати натижалари улар томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Буларнинг барчаси кўрсатилаётган хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, тизим фаолиятининг очиқ-ошкоралигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур Қонунда ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан боғлиқ долзарб масалалар қамраб олинган. Шу боис партиямиз ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, фуқаролик жамияти инс­титутлари билан ҳамкорликда Қонунни кенг тушунтириш бўйича тарғибот ишларини кучайтиришимиз талаб этилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: