24.12.2016

ЮРТГА ХИЗМАТ ҚИЛАМАН, ДЕГАН ДЕПУТАТ

энг аввал ўз сайловчилари билан мулоқотда бўлади

Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз томонидан депутатлар, парламент фаолиятини кучайтириш бўйича билдирилган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар яна бир бор ўрганиб чиқилди. Шу асосда фракция фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашга доир таклифлар, хулосалар билдирилди.

Йиғилишда, аввало, мамлакатимизда парламент ислоҳотлари изчил амалга оширилаётгани, давлат бошқарувини ташкил этишда сиёсий партияларнинг ўрни, ваколатлари кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда парламентнинг таъсир кучини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Шу боис демократик ислоҳотларни янги ва янада юқори бос­қичга кўтариш, парламент фаолиятини замонавий талабларни инобатга олган ҳолда тубдан кучайтириш, қонун ижодкорлигини такомиллаштириш, парламент назоратининг сифатини ошириш, депутатларнинг сайловчилар билан доимий мулоқотда бўлишини таъминлаш бугунги куннинг талабидир.

Президентимизнинг Конституция­миз кунига бағишланган тантанали маросимдаги ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаларида бу борадаги асосий вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Президентимиз томонидан депутатлар, парламент фаолиятини кучайтириш бўйича билдирилган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазалар яна бир бор ўрганиб чиқилди. Шу асосда фракция фаолиятининг устувор йўналишларини белгилашга доир таклифлар, хулосалар билдирилди.

Йиғилишда, аввало, мамлакатимизда парламент ислоҳотлари изчил амалга оширилаёт­гани, давлат бошқарувини ташкил этишда сиёсий партияларнинг ўрни, ваколатлари кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимизда парламент ислоҳотларини кучайтиришга жиддий эътибор берилмоқда. Шу жумладан, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар ваколатлари янада кенгайди, улар профессионал асосда фаолият юритиши, ўз фикри, позициясини билдириши ҳамда ҳимоя қилиши учун етарли имкониятга эга бўлди.

Шунга қарамай, парламентдаги фракциялар, қолаверса, депутатларда талабчанлик, фаоллик етишмаяпти. Президентимизнинг маърузаларида бу масала ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинди, парламент олдида турган ўта муҳим вазифалар кўрсатиб берилди. Мамлакатимизда парламент ислоҳотларини ке­йинги босқичга кўтаришда, депутатлар масъулиятини оширишда ушбу вазифаларни астойдил бажариш долзарб аҳамиятга эга.

Фракция аъзолари Президентимиз таъкидлаб ўтган ҳар бир масалани чуқур таҳлил қилишга, керакли хулосалар чиқаришга алоҳида эътибор қаратди.

Қонунларни ҳар томонлама пишиқ ва пухта тайёрлаш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, шунингдек, қонун ижодкорлиги жараёнида электорат манфаатларини ифодалаш йўналишларида камчиликлар яққол кўзга ташланаётгани қайд этилди. Қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини ошириш, уларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини янада кучайтиришга алоҳида эътибор бериш кераклиги таъкидланди.

Рустам КОМИЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз маърузаларида парламент олдида турган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилиш асосий масала экани алоҳида қайд этилди. Ҳар биримиз бу масаланинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ниҳоятда чуқур тушуниб олишимиз зарур бўлади.

Чунки бугун биз, депутатлар сайловчиларнинг, халқимизнинг талабига муносиб жавоб бериш учун фақат таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш билан чекланмаслигимиз керак. Амалдаги қонунларнинг жамият ҳаётидаги аҳамияти, таъсирини мунтазам ўрганиб, уларнинг аҳоли манфаатларига уйғунлигини таҳлил этиб бориш талаб этилади. Бунинг учун депутат кўпроқ халқнинг ичида юриши, парламент назоратини изчил олиб бориши зарур, деб ўйлайман. Иш шу тартибда изчил йўлга қўйилсагина натижаси ижобий бўлади.

Ҳеч қачон парламент аъзоси, халқ вакили эканимизни ёддан чиқармаслигимиз керак. Зиммамизда мамлакат миқёсидаги масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, қонунлар сифатини ошириш, халқ ишончини оқлашдек улкан масъулият турибди. Шунинг учун фракциямизнинг ҳар бир аъзосидан фидойи меҳнат ва фаоллик, кечаю кундуз одамлар дарди билан яшаш талаб этилади.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида ўзи сайланган ҳудудга бориб, у ердаги ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ. Бу таклифни сайловчилар ҳам фаол қўллаб-қувватлаяпти.

Очиғи, сайловчилар билан бир йилда икки-уч марта, қисқа муддатли учрашувлар ўтказиб қайтардик. Учрашувларда аҳоли томонидан турли муаммолар айтилиб, уларни бартараф этишга доир таклифлар ўртага ташланарди. Лекин бир нарсани тан олишимиз керак, сайловчилар кўтарган масалаларнинг илдизига етиб бориш, келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этишда айрим ҳолларда улгура олмасдик, айрим ҳолларда эса бизга фидойилик, қатъият етишмасди. Парламент­да, оддий тилда айтганда, хонада ўтириб, туман ва шаҳарларнинг ҳақиқий ҳолатини билмасдан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Бунинг учун ўша ҳудуд аҳолиси билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлиш керак. Бу тажриба тўғри ва аниқ хулосага келиш, масалага адолатли муносабат билдириш, энг асосийси, сайловчилар оғирини енгил қилишга кенг йўл очади. Яна бир муҳим томони, шу орқали ижроия ҳокимият органларининг масъулияти ошади, ишга ёндашуви ўзгаради.

Аксавли ТУМИШОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Одамларнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аввало, қонун устуворлиги билан белгиланади. Биз бугун юртимизда демократик давлат, фуқаролик жамияти қураётган эканмиз, албатта, қонунларимиз сифатини ошириш билан бирга, уларнинг жойлардаги ижросига ҳам жиддий эътибор беришимиз керак. Бу — замон талаби.

Президентимиз парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш бўйича жуда долзарб таклиф берди. Бу борада доимий ишлайдиган механизм яратилиши қонунлар ҳаётга самарали татбиқ этилиши, адолат тамойиллари устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.

Маҳаллий Кенгашларда изчил муҳокамалар ўтказиш тизими жорий этилса, бундай йиғилишга депутатлар ҳам, ҳокимлар ҳам жиддий тайёргарлик кўради. Депутат сессияда кўриладиган масалага таклиф тайёрлаш учун ўша ҳудуд одамлари билан суҳбатлашади, муаммоларни ўрганади. Ҳоким, прокуратура ва ички ишлар органи раҳбарлари эса эртага ҳисоб беришини ўйлаб, мушоҳада билан иш юритади, масъулиятни чуқур ҳис қилади. Шу тариқа муаммоларни ечиш бўйича аниқ механизм ишга тушади. Фуқароларнинг давлат ва жамиятга ишончи мустаҳкамланиши, инсон манфаатлари ҳимоя қилинишида бу муҳим аҳамиятга эга.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракция­си аъзоси:

— Албатта, олдимизда турган муҳим вазифалардан бири — парламент назоратини кучайтириш ҳисобланади. Қўшма мажлисда ҳам депутатларнинг сайловчилар билан ишлашини тубдан яхшилаш, палаталар фаолиятига парламент назоратининг замонавий усулларини татбиқ қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Парламент назорати самарадорлигини таъминлашда асосий масъулият сиёсий партиялар фракциялари зиммасига тушади, деб ўйлайман. Чунки ҳар бир сиёсий партия фракциясидаги депутатлар ўз сайловчиларини ўйлантираётган муаммо ва масалаларни чуқур тушунади, асосланган таклифлар бера олади. Парламент назорати кучайиши қонунларни ҳаётга тўла-тўкис жорий этиш, ижтимоий-иқтисодий дас­турларнинг вақтида, самарали бажарилишини таъминлашга хизмат қилади. Жойларда ечимини кутаётган муаммоларни ўрганиш, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятини кузатиб бориш, қонунчилик ташаббуслари сифатини ошириш имконини беради. Шундай экан, бугун ҳар бир депутат зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши, ўз ишини мутлақо янгича асосда, замонавий усулларда ташкил этиши зарур.

Парламент назоратини самарали олиб бориш учун партиямиз бошланғич ташкилотлари, маҳаллий кенгашлар ва партия гуруҳлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатишимиз керак. Шу орқали қонун ҳужжатларининг жойларда қандай бажарилаётганини ўрганиш, одамлар қандай ­муаммоларга дуч келаётгани, қайси қонунларга эҳтиёж борлиги ҳақида таклиф ва тавсиялар олиш имкони ортади.

2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини кучайтириш, мурожаатларни ўз вақтида ва ижобий ҳал этиш, бу борада имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2017 йилга мўлжалланган иш режасига таклифлар тақдим этишга келишиб олинди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.