30.12.2020

КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ ВА АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ОШИРИШ

ислоҳотларнинг пировард мақсади бўлади

— Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда давлат бошқарувини модернизация қилиш бўйича кўплаб янги механизмлар жорий этилишига бош-қош бўлиб, жамиятнинг барча соҳаларини илғор демократик мезонлар асосида ислоҳ этиш бўйича стратегик вазифаларни белгилаб бермоқда.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаш институти ҳам давлат ва жамият имкониятларини ягона мақсадга жипслаштиришда ўзига хос таянч вазифасини ўтамоқда. Нафақат парламент аъзолари, ҳукумат ва вазирликлар, балки касби ва қизиқишидан қатъи назар, барча юртдошларимиз Президент Мурожаатномасини кутадиган, қизиқиб тинглайдиган бўлди.

Бу йилги Мурожаатнома миллий телерадиокомпания тизимидаги ва хусусий телеканалларда, ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри эфирга узатилгани ҳамюртларимизнинг давлат етакчиси илгари сурган ғоя ва ташаббуслар, белгилаган устувор вазифалардан бевосита хабардор бўлишини таъминлади.

Мурожаатномани давлатимиз ҳамкорлари, хорижий давлатлар етакчилари ва жамоатчилиги, халқ­аро ташкилотлар ва халқаро даражадаги мутахассислар ҳам катта қизиқиш билан тинглаганига шубҳа йўқ.

Юқоридаги жиҳатларга кўра, Мурожаатнома давлат тизимини тубдан ислоҳ этиш, фуқароларда янги ислоҳотларга нисбатан тушуниш ва сафарбарликни оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш керак, турли синовларга бой бўлган 2020 йилда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича “темир дафтар”, кейинчалик аёллар ва ёшлар дафтарлари жорий этилди. Бу дафтарларга киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга, уларни камбағалликдан чиқариш жараёнларига бутун давлат ва жамият тизими, маҳаллий ҳокимликлардан тортиб, вакиллик ҳокимиятигача тўлиқ сафарбар этилди.

Экспертларнинг хулосаларига кўра, ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ ислоҳотлар жуда кенг қамровли ёндашувни талаб қилади, ўзгариш ва янгиликларни бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳа ва тизимда амалга оширишга тўғри келади. Чунки ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли бир қатор тоифаларга бўлинади. Уларнинг ҳар бирига мос ёрдам кўрсатиш давлатдан катта вақт, ресурс ва узвий саъй-ҳаракатни талаб қилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаро аввало ҳақ-ҳуқуқи ҳимояланишига эҳтиёж сезади, унинг сўзи, мурожаати ваколатли раҳбарлар ва идораларга етиб боришини истайди. Инсоннинг қўли калталиги ёки бошқа имкониятлари чеклангани унинг ҳуқуқлари чекланишига олиб бормаслиги зарур. Ижтимоий ҳимоя бўйича энг катта ўзгариш мана шу масалада бўлди.

Тизимли ислоҳотлар ва қатъий саъй-ҳаракатлар натижасида якунига етаётган йилда 527 минг фуқаро бандлиги таъминланди, 500 минг фуқаронинг фаолияти расман қайд этилиб, қонуний йўлга тушди.

Халқ демократик партияси дастурий мақсадлари устуворлиги ва электорат манфаатларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ этиш борасидаги ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватлайди.

Президентимиз бу йилги Мурожаатномасида Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалаларга алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг ечими бўйича аниқ йўналишларни белгилаб берганини ҳам таъкидлаш жоиз. Дастлабки таҳлилларга кўра, партиямиз Сайловолди дастурида ғоя сифатида илгари сурилган 10 дан ортиқ вазифа юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва турмуш фаровонлигини ошириш ислоҳотларнинг пировард мақсади бўлиши, аҳолининг минимал харажатлари бу йилдан эълон қилиниши, вақтинча ишсизлик нафақаси оширилиши, биринчи марта чин етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм ажратилиши, чекка қишлоқ ёки мутахассислар танқис ҳудудларга бориб ишлайдиган ёш кадрларга 100 фоизгача устама ҳақ тўланиши, бошқа шароитлар яратилиши, боғча ёшидаги болаларни тўлиқ мактабгача таълимга қамраб олиш ҳаракатлари изчил давом эттирилиши, бу йилги марра 65 фоиз этиб белгиланиши, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиши, ногиронликни белгилаш бўйича ижтимоий моделга ўтилиши билан боғлиқ вазифалар партиямиз дастурий мақсадлари билан узвий ва ҳамоҳангдир.

Президентимиз келаётган 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном беришни таклиф қилгани бир қанча аниқ омилларга кўра, партиямиз учун катта ижтимоий аҳамиятга эга.

Биринчидан, мактабгача таълим ва мактаб таълими тизими тубдан такомиллаштирилади. Биз бу масаланинг муҳимлигини Сайловолди дастуримизда алоҳида қайд этганмиз.

Иккинчидан, касб-ҳунар ва олий таълим тизимида замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиш бўйича илғор стандартлар жорий этилади. Бу ёшларнинг рақобатбардош кадр бўлиб етишиши, бандлиги таъминланиши билан боғлиқ имкониятларни оширади.

Учинчидан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига тиббий хизматлар сифати ошади, беморларни дори-дармон ва бошқа тиббий воситалар билан давлат томонидан кафолатли таъминлаш механизми яхшиланади. Мазкур масалалар кам даромадли аҳолининг саломатлиги муҳофаза этилишига, уларнинг бу борадаги ҳуқуқлари таъминланишига хизмат қилади.

Шунинг учун Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар амалга ошиши, натижадорликка эришилиши келгуси йилда партиямиз ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятида устувор йўналишга айланади. Бу масалада партиямизнинг алоҳида чора-тадбирлар дастурини қабул қиламиз.

Улуғбек ИНОЯТОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: