23.12.2020

ЎЗБЕКИСТОН ТАШАББУСЛАРИ ФАОЛ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлисида халқимиз фаровонлигини таъминлаш, минтақада янгича мулоқот муҳитини юзага келтириш бўйича стратегик таклифлар, ташаббуслар билдирилди.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу олий доирадаги анжуманга Ўзбекистон биринчи марта раҳбарлик қилди. Мажлисда МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва устувор йўналишлари кўриб чиқилди, шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги режалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор таклифларни, ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббусларни МДҲ давлатлари раҳбарлари юқори баҳолади, уларнинг ижтимоий аҳамиятини қўлловчи фикрлар билдирилди.

Хусусан, бугунги шароитда мамлакатларимиз иқтисодиёти, савдо ва кооперация алоқаларини жадал суръатларда қайта тиклаш устувор вазифа экани таъкидланди. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар билан товар айирбошлаши барқарор ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Айрим шериклар билан савдо жорий йилда 20 фоиздан зиёдга кўпайди. Бу катта ютуқ ҳисобланади, шунинг билан бирга, улкан имкониятлар борлигини англатади, албатта.

Саммит иштирокчилари самарали фаолияти учун пухта тайёрланган таклиф, ташаббуслар учун, ҳамкорликни кучайтиришда долзарб аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар, лойиҳалар учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорлик билдиришди. Ўзбекистон Президенти МДҲ доирасида ижтимоий-иқтисодий алоқаларни янги даражага олиб чиқиш, мамлакатлар ўртасида иқтисодий интеграцияни кучайтириш, меҳнат ҳуқуқлари имкониятлари ва кафолатлари юзасидан муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Ҳозирги инқироз шароитида, дунёда мураккаб иқтисодий ҳолат бўлиб турган бир пайтда МДҲ давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги ҳар томонлама аҳамиятлидир. Чунки ушбу давлатларнинг иқтисодиёти бир-бири билан боғланган, одамларда бир-бирини тушуниш имконияти юқори, узоқ йиллар давомида шаклланган алоқалар бор. Мустаҳкам алоқалар ва ишончли муносабатлар ҳудудларда ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, манфаатли битимлар имзоланиши учун катта имконият беради. Шунинг учун давлатимиз раҳбари саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди.

Ҳақиқаттан ҳам, саноат кооперацияси бўйича дастур ишлаб чиқиладиган бўлса, барча ҳудудларда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти ортади. Шу мақсадда агросаноат, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Бу лойиҳа маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишда, барқарор иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга.

Яна бир асосий масала. Сир эмаски, дунёнинг ривожланиши жараёнида меҳнат миграцияси бўлиши табиийдир. Бу жараёнга етарли шароит яратиш энг устувор масала бўлиб турибди. МДҲ мамлакатларининг Ҳамдўстлик давлатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш вақти келганини қайд этди.

Очиғини айтиш керак, ҳозир мигрантларни ҳужжатлар, уларни расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар қийнаяпти. Агар ўзаро ҳужжатларни тан олишнинг ягона механизми яратилса, мамлакатимиз ташкилоти томонидан берилган ҳужжат бошқа давлат ташкилоти томонидан ҳам тан олинади. Яъни, меҳнат мигрантлари меҳнат ҳуқуқини амалга ошириш учун эмин-эркин ҳаракатланиб, бемалол ва бехавотир ишлаш имкониятига эга бўлади.

Парламент депутатлари жойларда сайлов округларида кўплаб учрашувлар ўтказмоқда. Аҳоли билан мулоқотлар давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тушунтиришлар олиб бориляпти. Айтиш керакки, ислоҳотларга нисбатан одамларнинг кайфияти ижобий, улар Ўзбекистондаги кенг қамровли янгиланиш ва ўзгаришларни юқори баҳоламоқда, аҳамияти тўғрисида ўз фикрини билдиряпти.

Саммитда илгари сурилган ғоялар, ташаббуслар халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Айниқса, фарзандлари, яқинлари чет элда ишлаб юрган оилалар, ота-оналар миграция бўйича мураккаб ҳужжатлаштириш тизимининг соддалаштирилиши билан боғлиқ таклифларни хурсандчилик билан қабул қилди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг МДҲ саммитидаги нутқи иқтисодий шериклар билан алоқаларни мустаҳкам йўлга қўйиш, мамлакатимиз ва халқимиз манфаатини ифода этган яна бир муҳим ташаббус бўлди.


Улуғбек ИНОЯТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: