23.12.2020

ДЕПУТАТЛАР ФАОЛ БЎЛСА, МУТАСАДДИЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ОШАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари 17-21 декабрь кунлари сайлов округларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилди. Жараён давомида ҳудудлардаги муаммолар ўрганилиб, қонунчиликка таклифлар олинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова Узун туманида бўлиб, сайловчиларнинг мурожаатларини ҳал этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатди. Хусусан, Узун тумани 2-сектор ҳудудида ўтказилган учрашувда фуқароларнинг таклиф-мулоҳазалари, муаммолари тингланди.

«Янги йўл» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муродулло Нозимов кўп қаватли уйларда табиий газ тармоғига уланиш муаммоси бўйича амалий ёрдам сўради. Шунингдек, «Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғини Носир Рамазонов кўчасида яшовчи фуқаро Бобоназар Пўлатов, Жўра Тилаков ҳам табиий газ тармоғига уланиш, трансформаторни таъмирлаш, электр симёғочларни алмаштириш ҳамда «Гулистон» кўчасига қум-шағал тўкиш бўйича мурожаат қилди. Мазкур масалалар жойига чиқиб ўрганилди. Натижада трансформатор таъмири бўйича туман электр корхонасига тавсия берилди. Мазкур масалалар ижобий ҳал этилди. «Баҳористон» маҳалласида янги трансформатор ўрнатилди. «Гулистон» кўчасига қум-шағал тўкиш масаласи бўйича тумандаги 4-сектор мутасаддилари шуғулланадиган бўлди.

Депутат Мавжуда Ҳасанова «Оқ остона» маҳалласида ҳам бўлди. Аҳоли унга ичимлик суви масаласи кўпдан буён қийнаётганини билдиришди. Мурожаат ўрганилгач, мавжуд сув қудуғига сув минораси ўрнатиш дастур асосида амалга оширилиши учун таклиф берилиши тушунтирилди.

Депутат «Обод юрт» маҳалласининг Отчопар қишлоғига борганида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30-июлдаги 459-сонли қарори асосида 30 та хонадонни ўз таркибига олувчи 35 гектар ер майдонида 270 метр сув қудуғи қазилганини кўрди. Унга инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 120 миллион сўм субсидия берилиши режалаштирилган экан. Бироқ мазкур масала охирига етказилмаган. Сайловчилар шу масалалар юзасидан ҳам депутатдан ёрдам сўради.

Шунингдек, Узун туман марказий шифохонасини капитал таъмирлаш ишлари режага киритилган. Аммо амалда маблағ ажратилмаган.

«Қарашиқ» маҳалла йиғини раиси Ҳикматилло Бобоев 32 та аҳоли яшаш хонадонларида зах сувларни тортиш, 2 км. деренажни тозалаш ишларини олиб бориш кераклигини таъкидлади. Мурожаат бўйича республика ташкилотларига депутатлик сўрови юборилиши тушунтирилди.

Учрашувларда тегишли ташкилотлар масъуллари ўз йўналишлари бўйича бўлган мурожаатларни назоратга олишларини билдиришди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Анвархон Темиров ҳам Косонсой туманидаги ижтимоий масалаларни ўрганди. Тумандаги 28-сонли ҳамда депутат томонидан 2020 йил 19-ноябрь санасидаги Халқ таълими вазирлигига инвестиция дастурига киритилиши сўралган 22-сонли умумий-ўрта таълим мактаблари фаолияти таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, иккала таълим муассасасида ҳам пандемия шароитида таълим-тарбия жараёни яхши ташкил этилган. Шунингдек, ўрганиш жараёнида мактабларда қатор муаммолар борлиги аниқланди. Улар юзасидан мутасадди ташкилот вакилларига кўрсатмалар берилди. Ечими назоратга олинадиган бўлди.

Тумандаги «Сой бўйи», «Гузар», «Боғ», «Чак», «Булоқбоши», «Хонқўрғон», «Узунқишлоқ» каби маҳалла фуқаролар йиғинларидаги қарийб 57 минг фуқарога хизмат кўрсатадиган «Тергачи» шифохонасининг бугунги кундаги ҳолати яқиндан ўрганилди, шифокорлар билан суҳбатлашилди.

Ушбу шифохона 1989 йилда туман марказий шифохонаси бўлиб, иш бошлаганидан буён жорий ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмаган. Шифохона биносида иссиқлик билан таьминлаш ва таъмирлаш ишлари бир бошланиб, тўхтаб қолган. Сув таъминоти тизими мавжуд эмас. Бўлимлардаги шароитларни қониқарли, деб бўлмайди. Депутат бу муаммоларнинг туб илдизи билан қизиқди. Мутасадди ташкилотлар билан боғланди. Туман ҳокимлиги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида 2021 йилда туман бюджети манзилли рўйхати асосида таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова Бўстонлиқ туманига борди. Туман ҳокимлиги биносида сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Қабул қилинган қонунлар қандай ишлаяпти? Жамиятимизда қандай қонунларга, қайси қонуннинг қандай меъёрларини мустаҳкамлашга эҳтиёж юзага келмоқда? Сайловчилар, хусусан, электорат вакилларининг муаммолари ҳал бўлиши учун нима қилмоқ керак? Депутат учрашув мобайнида ушбу масалаларга эътибор қаратди.

Шундан сўнг сайлов округларида аҳолини ўйлантираётган муаммолар таҳлил этилиб, уларни ҳал этишга амалий ёрдам кўрсатилди.

Депутат ва ҳокимлик вакиллари Бўстонлиқ туманидаги “Чорбоғ” ҳудудида қурилиши тўхтаб қолган касалхона ва поликлиникага боришди. ТТБ бошлиғи ва вилоят ССБнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ва бошқа мутасаддилар билан шу ҳақида атрофлича гаплашилди, муаммони ҳал этишга эътибор қаратилди.

— Ушбу шифохоналар ишга тушса, қанчадан-қанча одамларнинг оғири енгил бўлади, узоқ йўл босиб, касалхонага боришга ҳожат қолмайди. Аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошади. Муаммони яқин орада ҳал этиш чораларини кўришимиз керак. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари чала қолган ишларни тугатишга, шифохонани жиҳозлаб, яқин кунларда топширишга ваъда беришди, – дейди депутат.

Туман ҳокими Жўрабек Аҳмедов ҳамда депутат Қизилгул Қосимова ёшлар билан учрашув ўтказди. Унда ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш тадбиркорлар учун кредит бериш, ногиронликни белгилаш, уй олишда субсидиялар ажратиш, йўл ва коммунал масалалардаги муаммолар очиқ-ойдин айтилди. Йиғилишда ёшларнинг ушбу йўналишлардаги мурожаатларини ҳал этиш бўйича туман мутасаддиларига қатор топшириқлар берилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Зуҳра Шадиева Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги марказий поли­клиникада яратилган қулайликлар, кадрлар таъминоти, хизматлар сифатини яхшилаш масалалари билан танишди.

Ўрганиш жараёнида бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси таҳил қилинди. Муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриладиган бўлди.

Шунингдек, депутат тумандаги ақлий ривожланишда нуқсони бор болалар интернатидаги яшаш шароити, ўқиб-ўрганиш учун ўтиладиган махсус машғулотлар жараёни, моддий-техник таъминот ҳолати билан бевосита танишди.

Интернат фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга депутат мунтазам равишда ёрдам кўрсатадиган бўлди.

Айтиш керакки, ҳар бир депутат сайлов округидаги вазиятдан мунтазам равишда хабордор бўлиш мақсадида ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатмоқда.

Фарғона туманидаги Халқ қабулхонасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамаджанова, туман ҳокими ҳамда масъул раҳбарлар иштирокида ташкил этилган қабулда ҳам аҳолини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар жойида ечимини топди.

Мисол учун, учрашувда Фарғона тумани «Саноат» МФЙда яшовчи Ирода Мўйдинова кўзи ожиз фарзандини Россия Федерациясида даволатиш учун 30 миллион сўм маблағ ажратиш масаласида ёрдам сўради. Туман мутасаддилари ёрдами билан ҳомийлар кўмагида мурожаатчининг пластик картасига керакли маблағ ўтказиб берилди.

Шунингдек, «Ёрдон» МФЙда яшовчи фуқаро Мафтунахон Саллаева ногирон фарзандига машғулот учун махсус велосипед сўради. Ҳомийлар томонидан велосипед олиб берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Лоғон қишлоғи, Хуршиди Тобон МФЙ да бўлган учрашувларда фуқаро Омонали Аҳмедов, Мўминжон Мўйдиновнинг ҳудудаги сув минорасини таъмирлаш ҳамда Ризо, Ўзбек кўчаларини ичимлик суви билан таъминлашда кўмак кераклигини билдирди. Мурожаатларига жавобан вилоят «Сувоқава» ташкилоти раҳбари амалий ёрдам беришини маълум қилди.

Депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан ўтказилган учрашувлари ва аҳоли мурожаатларини ўрганиш жараёнида жойлардаги кўплаб муаммолар аниқланди. Уларнинг бир қисми жойида ҳал этилди. Қолганлари назоратга олинди.

 

Ўзбекистон ХДП

Марказий Кенгаши Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: