16.12.2020

ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎЗ САМАРАСИНИ БЕРАДИ

Хабарингиз бор, газетамизнинг ўтган сонларидан бирида «Сиртқи қабул соатлари» деб номланган янги рукн эълон қилган эдик. Бу билан юртдошларимиз ўзларини қизиқтирган ва ўйлантираётган савол ва муаммолар билан раҳбар қабулига вақт, маблағ сарфлаб, овора бўлишининг олдини олишни мақсад қилгандик.

Шунингдек, ариза ва саволлар асослантирилган ҳолда таҳририятимизга ёзиб юборилса, мурожаатларни тегишли ташкилот раҳбарига етказиб, жавобларини газетамизда чоп этишимизни билдиргандик.

Дастлаб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси, партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов билан «Сиртқи қабул соатлари»ни ўтказишни эълон қилган эдик. Бугун эса таҳририятга келиб тушган саволларга Улуғбек ­Иноятовнинг жавобларини ҳавола қиламиз.

Зилола ХУДОЙБЕРДИЕВА, журналист:

— «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламентда қизғин муҳокама этилди. Қонун лойиҳаси электорат манфаатлари нуқтаи назаридан фракция томонидан қандай таҳлил қилинди? Келгуси йил учун давлат бюджети лойиҳасини муҳокама этиш жараёнида фракция қандай натижаларга эришди?

– Халқ демократик партияси фракцияси «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини электорат манфаатларидан келиб чиқиб, пандемия ва инқироз билан боғлиқ дунёдаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ҳар томонлама муҳокамадан ўтказди.

Бу йил Бюджет муҳокамаларида парламент, хусусан, партиямиз фракцияси ҳукумат, вазирлик-идоралар билан самарали ишлади, бир-бирини тушуниш бўйича янгича мулоқот муҳити юзага келди, дейиш мумкин. Қонун лойиҳаси электорат манфаатлари нуқтаи назаридан фракциямиз томонидан чуқур таҳлил қилинди. Бюджетни режалаштиришда ижтимоий йўналтирилганлик тамойилига алоҳида эътибор қаратдик. Албатта, бу борада аниқ, партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган асослар, рақамлар бор. Хусусан, 2021 йилда Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига жами 86 трлн. 379 млрд. сўм, 2020 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан 15 фоиз кўп режалаштирилмоқда.

Яна бир муҳим масала. Фракциямиз таклифи асосида халқ таълими тизимидаги муассасаларни жиҳозлаш учун бюджет лойиҳасида кўзда тутилган маблағ оширилди. Бюджетда дори-дармон харажатларини аниқ кўрсатиш, бюджет ижроси шаффофлигини таъминлаш бўйича берилган концептуал таклифлар ҳам ҳисобга олинди.

Шунингдек, фракциямиз бюджет муҳокамаларида мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун катта маблағлар йўналтирилаётган пайтда бюджет интизомини қатъийлаштириш, очиқликни таъминлаш тартибига амал қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

Жорий йилда 58 вазирлик ва идоралардан 33 таси бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни ўз сайтларига умуман жойлаштирмай, 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан белгиланган талабни бажармаган. 200 га яқин туман, шаҳар ҳокимият органларидан эса ҳеч бири 2020 йил бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни веб-сайтларига жойлаштирмаган. Биз бундай ҳолат билан умуман муроса қилиб бўлмайди, бюджет шаффофлиги бўйича мансабдорларга жазо чораларини кучайтириш шарт, деган позицияда турдик.

Шу асосда “Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳасига таклифлар тайёрладик.

Аъзам ТЎХТАМУРОДОВ, талаба:

— “Ўзбекистон овози”ни бир неча йилдан бери ўқиб бораман. Бир нарсага аҳамият бердим, парламент Давлат бюджети ижросини муҳокама қилган кунларда газетада доим катта маблағлар ўзлаштириб юборилгани ёки ишлатилмай қолиб кетгани ҳақида маълумотлар берилади. Яқинда ҳам шундай маълумот чиқди. Парламент давлат бюджети ижроси ҳақида ҳукуматдан ҳисоб сўрайди, лекин ҳар йили бир-бирига ўхшаш камчиликлар бўлади. Буларни тузатишнинг ҳеч иложи йўқми?

– Фракциямиз аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлангани масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ҳисобот даврида ўтказилган назорат тадбирлари давомида 129,1 млрд. сўм бюджет ижросида камомад ва асоссиз харажатлар аниқлангани депутатлар томонидан танқид қилинди.

Ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган коронавирусга қарши курашиш учун жалб этилган тиббиёт муассасаларида Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг 70,7 млрд. сўми қоидаларга амал қилмаган ҳолда сарфлаб юборилган.

Бюджет ижросидаги сусткашлик ва масъулиятсизликлардан асосан Халқ демократик партияси электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли азият чекади. Фракциямиз юқорида қайд этилган ва бошқа бир қатор йўналишларда бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтириш, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклаш, ҳукумат эса юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиши, очиқ ва таъсирчан чоралар кўриши зарур, деб ҳисоблайди.

Тўғри айтасиз, вазирлик-идоралар, ҳукумат фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатиш масалаларида камчиликлар кўзга ташланяпти. Бу борада таъсирчанлик кутилган даражада сезилмаяпти. Парламент қуйи палатасининг ўзида ҳам ҳукумат, вазирликлар фаолиятига демократик нуқтаи назардан таъсирни ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдириляпти. Масалан, “Ҳукумат соати” институтини такомиллаштириш бўйича таклифлар депутатлардан, мутахассислардан таклифлар олиняпти. Парламент вазирларни чақириб, 2-3 марта савол-жавоб қилгани билан ёмон вазият яхши томонга ўзгаряптими ёки ўз ҳолича қоляптими, деган саволларга жавоб аниқ бўладиган тизим яратилиши зарур. Шу бўйича ишланяпти.

Саодат ОДИЛОВА, ўқитувчи:

— Пандемия бошланганидан кейин ўқитувчиларнинг ойлигига устамалар тўланиши тўхтаб қолди. Мана энди аста-секин мактабларда ўқув жараёнлари анъанавий ҳолатга қайтяпти.  Янги йилдан устамалар ҳам қайтса керак? Жонкуяр ўқитувчиларни рағбатлантириб бориш масаласи нима бўлади буёғига?

– Жуда тўғри масалани кўтардингиз. Биламизки, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантириш, мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам бериш мақсадида директор жамғармаси ташкил этилган эди. Унга кўра, умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларининг базавий тариф ставкасига ҳар ойлик устама белгилаш йўли билан уларни моддий рағбатлантириш кўзда тутилган.

Лекин пандемия даврида педагог ва ўқитувчиларга ҳар ойлик устама тўлаш, уларни қўшимча рағбатлантириш масаласи тўхтаб қолди.

2021 йил учун мўлжалланган Давлат бюджети лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида ЎзХДП фракцияси аъзолари бунга қатъий эътироз билдирди. Парламент қуйи палатаси ялпи мажлисида Ҳукумат олдига шу масалани қўйди. Ҳукумат расмийлари келгуси йилдан директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тикланишини маълум қилди.

Бу 2021 йилдан бошлаб халқ таълими тизимида ўрнак кўрсатган педагог, психолог ва кутубхона ходимларининг 50 фоизига 40 фоизгача ҳар ойлик устама белгилаш имконияти қайтади деганидир.

Бекзод САЙФУЛЛАЕВ, хусусий тадбиркор:

— Биринчи марта Меҳрибонлик уйи битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 30 миллиард ажратилиши кўзда тутилгани, тўғриси, қанчадан-қанча кўнгли кемтик, Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни беҳад қувонтирди. Очиғини айтиш керак, Меҳрибонлик уйидан чиққан болаларнинг кўпчилиги уй-жойсиз, таниш-билишиникида, ишлайдиган жойида тунаб юрибди. Бунга ўзим ҳам кўп гувоҳ бўлганман. Наҳотки, шундай болаларни ижтимоий ҳимояга олишнинг имкони йўқ?

— Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш масаласи — ниҳоятда долзарб вазифа. Халқ демократик партияси фракцияси депутатлари ва фаоллари бу масалани республика миқёсида чуқур ўрганиб, бир неча марта кўтариб чиққан эди. Муаммонинг асосий сабаби молиявий жиҳатга боғлиқ экани таъкидланганди.

2021 йилда Давлат бюджетидан Меҳрибонлик уйларининг уй-жойга муҳтож битирувчилари учун 30 миллиард сўм ажратилиши белгиланаётгани ҳар томонлама тўғри иш бўлди. Чунки жойларда бу борадаги ҳолат яхши эмас. 2011-2019 йилларда Меҳрибонлик уйларининг жами 2300 нафардан кўпроқ битирувчисидан 1000 нафардан кўпроғи турар жойга муҳтож деб топилган бўлса, уларнинг ярмидан кўпи ҳалигача уй берилишини интизорлик билан кутаётган эди. Давлат бюджетидан маблағ ажратилиши режалаштирилганини эшитиб, улар ҳаммамиздан кўпроқ қувониши аниқ.

Халқ демократик партияси ҳукуматнинг бу қарорини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Келгуси йилларда бундай маблағлар миқдорини ошириш чораларини кўриш керак, деб ҳисоблайди. Маблағ ажратилади, бу қувонарли, лекин унинг сарфланиш механизми қандай бўлади? Адолат ва шаффофлик таъминланадими? Бу саволларга жавоб топишимиз зарур. Фракциямиз аъзолари мазкур йўналишдаги ишлар қандай ташкил этилишини назорат қилишга келишиб олдик.

Озода РЎЗИЕВА, 1-гуруҳ ногирони (Навоий шаҳри):

— Маълумки, яқинда мамлакатимизда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Кўпчилик буни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи, деб эътироф этди. Янги йилдан кучга кирадиган ушбу қонун билан нималар ўзгармоқда? Тизимда қандай янгиликлар бўлади?

– Албатта, ҳар бир соҳанинг ривожланиши, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, аввало, қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этади. Шу нуқтаи назардан кейинги йилларда қонунчиликка муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу масала ҳуқуқий томондан тўлиқ қамраб олинди.

Шу йилнинг 15 октябрь куни Давлатимиз раҳбари “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунни имзолади. 2021 йилдан эътиборан кучга кирадиган мазкур Қонун орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича мутлақо янги тизим яратиладиган бўлди.

Қонун асосида ногиронлиги бўлган шахсларни энг кўп қийнаб келаётган масала – тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар  амбулатор ва стационар тартибида имтиёзли даволанади, протез-ортопедия анжомлари билан таъминланади.

Биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар жойлаштирилади. Таълим олишнинг барча босқичларида шароит яратилиб, касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади.

Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан, уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.

Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.

Бир неча йиллар давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган жамоат ташкилотларини давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлаш масаласи кўтариб келинарди. Бундай ташкилотлар фаолияти ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Лекин уларнинг моддий-техника базаси, ваколатлари, имкониятлари чекланиб қолган эди. Шунинг учун биринчи марта мана шу ташкилотларга давлат томонидан 1 миллиард сўм субсидия ажратилди. Бу ёрдам орқали Ўзбекистон Ногиронлар жамияти ва Ногиронлар ассоциацияси ўз фаолиятини тўғри йўлга қўйиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини, манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

ТАҲРИРИЯТДАН:

ЎзХДП Марказий Кенгаш раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси раиси Улуғбек Иноятовга келган саволлар орасида ХДП аъзоларининг шахсий саволлари ва айрим партия ташкилотларидаги кадрлар масаласига оид саволлар ҳам бор эди. Бу каби саволлар эгаларига ёзма равишда жавоблар юборилади.

Навбатдаги «Сиртқи қабул соатлари» қайси раҳбар билан бўлиши газетамизнинг кейинги сонида эълон қилинади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: