08.12.2020

Мурожаатда ҳам меъёр бор ёхуд боқимандалик балоси…

Халқ билан мулоқот бугун давлат идоралари ёхуд ижро ҳокимиятининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Қайси давлат идораси бўлмасин, мақсад битта, у ҳам бўлса — одамларнинг дардини тинглаш, аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш ва уларни ўз вақтида ҳал этиш.

Юртимизда сўнгги йилларда бу борада жиддий ўзгаришлар юз берди. Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Вазирлик ва идоралар, мансабдор шахсларга электрон мурожаат қилиш имкониятлари яратилди. “Ишонч телефонлари” самарадорлиги оширилди. Мансабдор шахслар ижтимоий тармоқларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишни бошлашди.

Айни вақтда шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш, муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик имкониятларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда ва бу ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Албатта, фуқаро мурожаатларига эътибор — биринчи галдаги вазифа. Негаки, ҳар бир масала ортида инсон тақдири ётади.

Аммо бу имкониятни суиистеъмол қилаётган шикоятчилар борлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Турли идораларга кети узилмай келаётган асоссиз шикоятлар-у мурожаатлар раҳбарни ишдан чалғитиб, вақтини олаётгани баъзан юракда оғриқ уйғотади.

Тўғри, мурожаат ва шикоят қилишга ҳар бир фуқаронинг қонуний ҳаққи бор. Ҳеч ким буни чеклай олмайди. Лекин қайси идорага бўлмасин, мурожаат қилишда баъзи меъёрларни унутмаслик керак.

Яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар билан бирга фуқаролар мурожаатларини ўрганиш мақсадида маҳаллалардан бирига бордик. Ўрганишларимиз чоғида маълум бўлишича, фуқаролардан бири коммунал тўловлардан қарзи кўпайиб кетиб, моддий ёрдам сўраб маҳалла фуқаролар йиғинига ариза билан мурожаат қилади. Маҳалла раиси эса унга моддий ёрдам бера оладиган ҳомий топиш мақсадида Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгашига хат билан чиқади. Депутатлар саъй-ҳаракати билан мазкур оилага ёрдам қилинди. Фуқаро эса пулни олади-ю, “Бу менга депутатнинг ёрдами, маҳалла эса алоҳида ёрдам бериши керак”, деб раиснинг олдига қайта-қайта бораверган. Хўш, маҳалла пулни қаердан олсин? Мақсади ҳосил бўлмай, рад жавобини олган фуқаро маҳалла устидан бошқа ташкилотларга шикоят қилган. Хуллас, бу ёғига “ёзди-ёзди” бошланади.

Хўш, бу ношукурликми ёки боқимандалик? Яна бир фуқародан келган мурожаатни ўргандик. Мурожаатда ёзилишича, оила моддий жиҳатдан жуда қийналган, уйи таъмирталаблиги боис амалий ёрдам сўраган.

— Эрим ҳеч қаерда ишламайди, чунки ўқимаган, — дейди уй бекаси. — Мен уйда болаларга қарайман. Ишга чиқишимга имкон йўқ. Моддий томондан жуда қийналиб қолганмиз. Уйимизни таъмирлашимиз керак.

Хонадонга разм соламиз: унчалик ҳам таъмирталаб эмас, нари борса, уйнинг эркаги қўл меҳнати билан бир кунда қилинадиган иш, аммо кўриниб турибдики, оила аъзоларида бунинг учун ҳафсала йўқ. Ундан кўра, ариза билан мурожаат қилишса, ёрдам гуруҳи келиб, рисоладагидай таъмирлаб беради...

Аёлнинг турмуш ўртоғи билан суҳбатда бўлдик. Чамаси 35 ёшлардаги, тоғни урса толқон қиладиган йигит уялмай ёрдамга муҳтожман, дея юзимизга боқиб турарди. Бир неча жойдан иш борлигини билдириб, ишлашни таклиф қилдик. “Маоши қанча экан? Қурилишдан иш бўлса керакмас, мен қурилишда ишламайман. Менга 4 миллион сўмлик маоши бор жойдан, интеринжинерингми, шунга ўхшаш корхоналардан иш топиб беринглар”, дея ерга қараб ўтираверди.

— Ёрдам бермасаларинг нега келдинглар? Биз моддий ёрдам сўраб мурожаат қилгандик! — дея ғазабини сочишдан ҳам тап тортмади.

— Бир кекса отахон биздан ёрдам сўраб келди, — дейди ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимова. — “Ўғлимни уйлантириш учун моддий ёрдам кўрсатинглар, менинг имконим етмаяпти”, деганига ишониб, тўй харажатларига кўмаклашиш мақсадида бир тўйхона эгаси билан гаплашиб, саховат учун шу оилага бепул ёрдам кўрсатишини илтимос қилдик. Отахонни 7 миллион сўмлик харажатдан халос қилдик. Унга хушхабарни етказдик. Бироқ отахон “Мен сизларга тўйхонани гаплашиб беринглар, деганим йўқ, менга пул керак, 4 миллион сўм топиб беринглар, тамом, бошқаси билан ишингиз бўлмасин”, деди. Кейинчалик маълум бўлишича, отахоннинг ўғлига бошқа масала бўйича пул керак бўлган экан. Отахондан хафа бўлдик, ростини айтиб тушунтирса бўларди-ку, дея кўнглимиз оғриди.

Бундай мисоллар оз эмас. Сўнгги пайтларда пандемия баҳона уйга кириб олган эркаклар аёлларини боласи билан идорама-идора югуртиришдан тап тортишмаяпти. Нега мени “темир дафтар”га киритмадинглар, деб жанжал қилаётганлар кўпайиб боряпти.

Шукурки, пандемия шароитида бошқа давлатларга қараганда бизда вазият яхши. Аёнки, мамлакат юкига елка тутадиган, юртга мададкор бўладиган фурсат ҳозир.

Президентимиз таъкидлаганидек, биров балиқ келтириб берса, ейман, деб эмас, қармоқни қўлга олиб, ўзим балиқ овлашим, рўзғоримни бут қилишим керак, дейдиган, яъни, ҳалол меҳнат билан неъмат яратиб, ҳаётини изга қўядиган кунлар келди.

Ҳар бир нарсада меъёр бўлса, инсоф бўлса, мувозанат бузилмайди. Айниқса, мурожаатлар борасида. Бир-икки марталик асоссиз ёрдам оламан деб, киши ўз қадри ва шаънини оёқости қилмаслиги керак.

 

Шаҳло БАҚОЕВА,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: