1960 йил 25 ноябрда Доминикан Республикаси раҳбари буйруғи билан уч опа-cингил Мирабаллар республиканинг Инқилобий ҳаракат курашида иштирок этгани учун қатл қилинган. Орадан бир йил ўтмай, зўравон раҳбар қўлга олиниб, отиб ташланган ва унинг тузуми қулаган.
Патрия, Минерва ва Мария-Тереса бугунги кунда мамлакат қаҳрамонлари ҳисобланишади. 25 ноябрь — Хотин-қизларга қарши зўравонликларга барҳам бериш Халқаро куни ана шу опа-сингиллар ўлдирилган кунни ёд этиш шарафига белгиланган.
Бугунги кунда ҳам дунё бўйлаб аёлларга турли тазйиқлар, оилавий зўравонликлар, жинсий ва бошқа таҳқирлашлар ўтказиб келинаётганини инкор этиб бўлмайди. Маълумотларга кўра, дунёдаги хотин-қизларнинг учдан бир қисми умри давомида лоақал бир марта бўлса-да, зўравонликка дуч келар экан. Афсуски, бунга қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мазкур глобал муаммонинг кўламини чуқурроқ англаш бутун инсоният учун долзарб масалалигича қолмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1999 йил 17 декабрда қабул қилинган резолюцияга биноан бир неча давлатларда 25 ноябрдан бошлаб “16 кун зўравонликсиз!” деб номланган акция ўтказилмоқда. Бундан мақсад — бутун дунёда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши олдини олиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялашдан иборат.
Тўғриси, бу нозик масала ҳисобланади. Опа-сингилларимиз зўравонликка учраганда ҳам уйнинг гапини кўчага олиб чиқмай, деб дардини ичига ютишади. Бунинг оқибатини эса барчамиз ҳаёт давомида кўряпмиз. Яъни, фарзандларнинг руҳий ҳолати, аёлнинг ўзининг ёки ўзганинг жонига қасд қилиш ҳолатлари борасидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Юқоридаги ҳолатларни инобатга олиб, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши доимий равишда кураш, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, ишонч телефонлари ҳам ишлаб турибди. Айниқса, одам савдосидан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш учун зарур барча чоралар қўлланилмоқда. Ўтган йил сентябрь ойидан Ўзбекистонда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун кучга кирди. 197 та туманда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Малакали мутахассислар билан таъминланди.
Ушбу марказларнинг мақсади тазйиқ ва зўравонликка учраган, одам савдосидан жабрланганларга ижтимоий-психологик кўмак бериш ва уларни ҳаётга қайтаришдан иборат.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, яқин бир йилдан буён давом этаётган Covid-19 пандемияси даврида аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг барча турлари, хусусан, оиладаги зўравонликлар сезиларли даражада ортди. «Баъзи мамлакатларда ишонч телефонларига бу масала бўйича қўнғироқлар сони беш баробаргача ошди, — деб хабар беради БМТ расмий сайти. – Бу пандемия соясида кескин ўсаётган инқироздир ва уни тўхтатиш учун глобал жамоавий ҳаракатга ҳар қачонгидан ҳам муҳтожмиз».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Гендер тенгликни таъминлаш қўмитаси раиси Танзила Норбоева “Аёллар ҳуқуқлари ҳақида гапирар эканмиз, бу шунчаки сўзлар эмас, бу – оналар, азиз қизларимиз, севимли опа-сингилларимизнинг ҳуқуқлари. Ҳар ким зўравонликнинг ҳар қандай турига тоқат қилмаслиги шарт. Фақатгина кучларни бирлаштириш орқали биз аёллар учун хавфсиз жамиятга эришишимиз мумкин”, дея мурожаат қилди.
Юқоридагилардан хулоса чиқарган ҳолда, ҳар биримиз аёлларни эъзозлашни, уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни ўрганишимиз лозим.
Гулшан АСАТОВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.