25.11.2020

ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ПАРТИЯСИ: «МЎЙНОҚҚА ЁРДАМ»

Ўзбекистон ХДП фракцияси, Марказий Кенгаши, партиянинг Қорақалпоғистон Республика кенгаши ҳамкорлигида Мўйноқ туманида икки кун давомида “Мўйноққа ёрдам” хайрия акцияси ўтказилди.

Дастлаб, “Дўстлик”, “Бўзатов”, “Орол”, “Талли ўзак” маҳаллаларида кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинди.

Ишчи гуруҳ ўтказган самимий мулоқотлар давомида “Дўстлик” маҳалласи Носиров кўчасида яшовчи Манзура Бердишева ногиронлиги сабабли йиллар давомида тўшакка михланиб қолганини билдирди. Партия вакиллари Манзура аяга ногиронлик аравачаси топширишди.

«Орол» маҳалласида истиқомат қилувчи Бахитгул Коблашова эса карантин даврида вақтинча ишсиз қолганини айтди. Натижада оилавий шароити оғирлашганини маълум қилди. Халқ демократик партияси вакиллари ва депутатлар Бахитгул опага моддий ёрдам кўрсатишди. Иш билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этиладиган бўлди.

Шунингдек, ҳомийлар ёрдами билан ногиронлиги бўлган юртдошларимизга махсус аравачалар, муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, рўзғор буюмлари, болаларга эса 500 дан ортиқ китоб совға қилинди.

Юртимизнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Мўйноқ туманида 17 та мактаб бор. Уларда ўқувчилар билим ва кўникмаларни пухта эгаллаши учун шароит яратиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис депутатлар умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг ҳолати, моддий-техник таъминотини ўрганди. Жараёнда камчиликлар аниқланиб, маҳаллий Кенгаш сессиясига муҳокамага олиб чиқилиши белгиланди.

Акция давомида тумандаги 10-мактабгача таълим ташкилотида партиянинг боғи ташкил қилинди. МТМ ҳудудида 100 дан ортиқ манзарали ва бутали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Депутатлар туман ҳокимлигига туризмни йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасидаги улкан имкониятлардан самарали фойдаланилмаётганини айтишди. Зарур инфратузилма, жумладан, йўл-транспорт объектлари ва сервис хизматлари талаб даражасида йўлга қўйилмаганини таъкидлашди. Шунингдек, маҳаллалардаги ички йўллар қумликлардан иборат эканлиги, уларни асфальтлаш лозимлиги билдирилди.

Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа тор соҳалардаги ихтисосликлар бўйича малакали мутахассисларга эҳтиёж катталиги аниқланди. Бу эса ўз-ўзидан ҳудуд ривожланишига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ўрганишлар давомида мактабларда математика, информатика, кимё ва биология фанларидан педагогларнинг етарли эмаслиги ҳам маълум бўлди. Мазкур масала муҳокама қилиниши белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: