25.11.2020

ЧЕККА ОВУЛНИНГ ТАШАББУСКОР ДЕПУТАТ АЁЛИ

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутат Насиба Милтиқбаева Бухоро вилоятининг чекка ҳудуди Ромитан туманининг Қизилравотида истиқомат қилади. Ўз ишини тиббиёт соҳасидан бошлаган Насиба Милтиқбаева айни дамда хотин-қизларнинг яқин ҳимоячиси сифатида сиёсат майдонига кирган. У билан бугунги суҳбатимиз депутатлик масъулияти хусусида бўлди.

— Насиба опа, бугунги фаолиятингиз ҳақида икки оғиз гапириб ўтсангиз.

— Ўзингизга маълум, Қизилравот асосан чўл ҳудуди бўлганлиги сабаб, аҳолининг кундалик ҳаёти қўйчилик ва қорамолчиликни ривожлантиришга асосланган. Ота-онам ҳам ширкат хўжалигида ветеринар врач бўлишган.

Болалигимидан хаста инсонни кўрсам, унга ёрдамлашгим, оғирини енгил қилгим келарди. Дадам ниятимни қўллаб-қувватлади. Дастлаб Охунбобоев номидаги тиббиёт билим юртини, сўнгра Самарқанд давлат тиббиёт институтини тамомладим. Оқ халат кийганимга ҳам 25 йил бўлибди. Бугунги кунда Қизилравот қишлоқ врачлик пункти мудираси сифатида фаолият олиб боряпман.

Овулдошларимнинг тор мутахассисликка ихтисослашган тиббиёт ходимлари етишмагани боис туман, вилоят марказига югурганларини кўрганман. Бу ерда, марказдан жуда узоқ манзилда жойлашган чўл ҳудудида шифокорларга эҳтиёж катталигини англадим. Бугунги кунда юртимизда мазкур соҳага берилаётган эътибор, аҳолининг дардини англаб, қарор ва фармонлар қабул қилаётганидан хурсандимз. Чекка ҳудудларда кадрларга эҳтиёж катта бўлган соҳаларга ўқиш, ишлаш истагидаги ёшларга имконият берилаётгани бунга бир мисол.

— Сиз она, рафиқа, раҳбар аёлсиз. Шу вазифалардан ташқари депутатлдик масъулиятини ҳам ўз зиммангизга олдингиз. Буларнинг барчаси оғирлик қилмаяптими?

— Бугун депутатларга ҳар қачонгидан катта талаб қўйилмоқда. Ўйлайманки, бу барча депутатларда масъулиятни, жавобгарлик ҳисси ва ҳушёрликни оширди.

Депутатлик фаолиятимга келадиган бўлсак, 2004 йил илк бор бу шарафга муяссар бўлганман. Шўрча вилоят сайлов округида 2004-2014 йилларда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан вилоят кенгаши депутати бўлганман. 2019 йилги сайловда ҳам ишонч билдиришди, вилоят Кенгаши депутати бўлдим.

Мана, 16 йилдирки, халқ вакили сифатида одамларнинг дарду ташвиши, муаммоларини енгиллатиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилмоқдаман. Овулимиз кичик, дўппидеккина, шу ерда туғилиб ўсганим учун бу ернинг аҳолиси турмуш тарзи, яшаш шароити ва даромад манбаини яхши биламан. Албатта, ўз навбатида муаммолар ечими бўйича ҳам ўз таклифларим бор. Бу борада масъулларнинг эшигини тақиллатишдан ҳеч чўчимайман.

Депутатлик фаолиятим мобайнида қўлимдан келган баъзи ишларни қилишга уриндим. Ичимлик суви муаммоси овул аҳолисини узоқ йиллардан буён ўйлантириб келарди. Бу масалага тегишли ташкилот раҳбарлари, мутасаддиларнинг эътиборини жалб қилдим. Тўғри, биргина мурожаат билан масала ҳал бўлиб қолмади. Ойлаб туман, вилоят марказига қатнашга тўғри келди. Бироқ одамлар менга ишонишганди. Бу менга куч бериб турди. Ниҳоят, овулдошларим тоза суви ичадиган бўлди.

Шунингдек, аҳолини газ билан таъминлаш масаласини ҳам кўтардим. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан ҳам доимий равишда хабардор бўлиб тураман. Биласизми, одамларга яхшилик илинганим сари кучимга куч қўшилади. Биргина мисол келтирсам. Нурлан Умаров тақдир тақозоси билан ҳасталаниб қолган. Унинг тўрт нафар фарзанди бор. Мазкур оилага яқиндан кўмаклашдим. Оиласини доимий равишда ўз қарамоғимга олиб, уларнинг муаммосини кўлдан келганча ҳал этишга ҳаракат қилдим. Аввалига турмуш ўртоғини ишга жойладик. Янги уй олишида ҳам кўмаклашдик. Хурсанд бўладиган томони оила яқинда кам таъминланганлар рўйхатидан чиқарилди.

— Бухоро вилоятининг Ромитан тумани марказидан 265 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган “Қизилравот” қишлоғида яшаб, депутатлик фаолиятини олиб бориш осон бўлмаса керак?

— Қизилравот аҳолиси 500 нафардан ортиқроқ. Одамлар асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилади. Қизиқлқум даштларининг иқлими, шароити нисбатан оғир, албатта. Ўзбекистон ХДП депутатларининг деярли барчаси уйма-уй юриб, аҳолининг ҳолидан хабар олди. Саховатли инсонлар бу борада бизга елка тутишди. Қийналган оилаларга биргаликда ёрдам қўлини чўздик. Фарзандларимизнинг on line таълим олишини назорат қилдик. Бироқ ечимини кутаётган масалалар ҳамон мавжуд. Бирлашсак, қўлни-қўлга берсак, барча қийинчиликни енгиб ўтишимизга ишонаман.

Бу йилги куз-қиш мавсуми аввалгиларига қараганда оғирроқ келиши башорат қилиняпти. Пандемия билан боғлиқ қийинчиликлар, нарх-наво ошиши, муҳим истеъмол маҳсулотларига талаб кўпайиши ва бошқа омиллар бунга қўшимча равишда таъсир кўрсатади, албатта. Ҳукумат аҳолини мураккаб вазиятга тушиб қолишдан ҳимоялаш, чораларини кўриш билан бирга, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиб олиш чораларини кўрмоқда. Бу муҳим вазифаларни амалга оширишда, ҳудудда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда биз депутатлар ҳар томонлама фаол бўлишимиз керак. Шахсан ўзим доимо ишимга виждонан ёндашишга ҳаракат қиламан. Тан олиш керак, депутатнинг югур-югури, ташвишлари кўп. Уйма-уй юриш, сайловчиларни тинглаш, давлат идоралари эшигини такрор-такрор тақиллатишга тўғри келади. Депутат одамлар ташвиши билан ёниб югурмаса, ҳеч кимга фойдаси тегмайди, ўз бурчини ўтай олмайди. Ўзи-ку обрў-эътибор топмайди, аммо партия обрўсини ҳам тушириб юборади. Агар депутат жонкуяр бўлса, аввало ўзи ҳурмат топади, партия нуфузи ҳам ошади.

Мен ана шундай фикрдаман. Шу фикр мени доим назорат қилиб туради, ғайратимга ғайрат қўшади.

Шаҳло БАҚОЕВА

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: