25.11.2020

АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИГА ЕЧИМ ТОПИЛСА, ПАРТИЯГА ИШОНЧ ОШАДИ

Ўзбекистон ХДПни аҳоли билан боғлаб турган муҳим воситалардан бири бу — жамоатчилик қабулхоналаридир. Уларга келиб тушаётган мурожаатларнинг ечими эса одамларнинг партияга ишончини оширади.

— Ҳал этилмаган кичик масалалар жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин, — дейди Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши бўлим бошлиғи Рустам Саъдуллаев. — Жорий йилнинг ўтган ўн ойи мобайнида жамоатчилик қабулхоналарига вилоят бўйича 369 та мурожаат келиб тушган. Шундан 303 таси халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари аъзолари ҳамда ҳамкор ташкилотлар кўмагида ижобий ҳал этилди. Қолганлари эса назоратга олиниб, аксариятига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ҳудудда жамоатчилик қабулхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Дастлаб, йил бошида янги сайланган депутатлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилди. Фуқаро мурожаати билан ишлаш, ташкилотларга хат чиқазиш, депутатлик сўрови жўнатиш борасида тушунтиришлар берилди. Олдинги чақириқда сайланган депутатлар тажрибасидан фойдаланилмоқда.

— Бу йил барчамиз учун синовли ва оғир келди, — дейди Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Раҳимберган Юсупов. — Пандемия одамларнинг ҳаёт тарзи, оилаларнинг иқтисодий ҳолатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Буни 12 та жамоатчилик қабулхоналарига тушган мурожаатлар сонида ҳам кўриш мумкин. Яъни, 101 мурожаатда иш билан таъминлаш ва яна шунчасида моддий ёрдам сўралган. Тўғри, мазкур вазият депутат ва партия ташкилотларини ҳам бироз шошириб қўйди. Аммо ишонч билан айта оламанки, ҳар бир депутат бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилди. Ўз ишини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга кўмаклашилди, янги иш ўрни яратмоқчи бўлган ёшлар қўллаб-қувватланди.

Айтишим мумкинки, ҳудудда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида яхшигина тажриба бор. Ҳар бир масала партия ходимлари ҳамда фаоллари ва депутатлар билан биргаликда чуқур ўрганилиб, муҳокама этилади. Шундан сўнггина камчиликни бартараф этишга киришилади.

— Рости, бугунги ўзгаришлар, ободонлик ишлари одамнинг ақлини шоширади, — дейди Боғот тумани “Ҳуррият” маҳалласида истиқомат қилаётган Элвира Артиқова. — Айниқса, телевизордан тенгдошларимнинг бир ишнинг бошини тутиб, ўз тадбиркорликларини бошлаганини кўриб чексиз қувонаман. Мен ҳам ишбилармон аёл бўлишни, тенгдошларимни иш билан таъминлашни ният қилардим. Бир куни бизнес режа тайёрлаб, кредит олиш мақсадида банкка бордим. Орзулар ўйлаганимдек, осонгина амалга ошмас экан. Анча вақт нима қилишни билмай юрдим. Дугонамнинг маслаҳати билан Халқ демократик партияси жамоатчилик қабулхонасига мурожаат қилдим. Улар менга керакли ҳужжатларни тайёрлашда, кредит олишда амалий кўмак беришди. Бундан жуда хурсандман.

— Сув келтирган элда азиз, деган нақл бор, — дейди Т. Сулаймонов. — «Камолат Онахон» фермер хўжалиги раисиман. Шукр, ҳалол меҳнат қилиб, кам бўлмаяпмиз. Ўзингизга маълум, экин ўз вақтида суғорилса, ишлов берилса, ҳосил ҳам шунга яраша бўлади. Бироқ Хива-Хазорасп йўлидан жануб томонида жойлашган экин майдонлари ҳамда аҳоли томорқаларига сув ўтказиш имконияти чекланиб қолган эди. Ушбу ариқни бузиб, янги ариқ қазишга эҳтиёж туғилди. Маслаҳатлашиб, шахсий маблағларимиздан буни амалга оширишга келишиб олдик. Аммо техника масаласида бизга ёрдам керак эди. Бу масалада халқ депутатлари Боғот туман Кенгаши депутати Икрам Юсуповга мурожаат қилдик. Депутат туман ирригация бўлимига депутатлик сўрови жўнатди. Ташкилот томонидан экскавотор ажратилиб, ариқлар лойқадан тозаланди. Йўлнинг ички ариқ билан кесишган қисмидаги қувур таъмирланди.

— Яшаб турган уйимизнинг ҳовлисидан юқори кучланишли электр узаткич симлари ўтганди, — дейди фуқаро Рустам Ҳасанов. — Шу боис доим хавотирда эдик. Бу масалада қўшним депутатлар, партия ходимларига мурожаат этишим мумкинлигини айтди. Аввалига уларнинг биз билан нима иши бор, деб ўйладим. Чиқмаган жондан умид, дея Ўзбекистон ХДП жамоатчилик қабулхонасига бордим. Ҳолатни тушунтирдим. Бир куни Халқ демократик партиясиданмиз, деб бир неча киши уйимизга кириб келди. Муаммо тез орада ижобий ечим тпишини билдиришди. Шундан сўнг туман электр тармоқлари давлат корхонаси қатор чора-тадбирларни амалга оширди. Бугун кўнглимиз хотиржам бўлиб, ором оляпмиз. Шуларнинг борига шукр.

— Қиш яқинлашгани сари бизга ўйлов тушарди, — дейди “Беруний” МФЙ раиси С. Худейберганов. — Чунки мактабга олиб борадиган яқин йўл таъмирталаблиги сабабли болаларимиз узоқ масофадан мактабга қатнашга мажбур бўлишарди. Албатта, бир нечта ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Кўнгилдагидек жавоб ололмагач, ҳафсаламиз пир бўлганди. Буни қарангки, ЎзХДП депутатлари аралашгач, “Наврўз” ва «Феруз» кўчаларини туташтирувчи 0,3 километр узунликдаги йўл таъмирланди. Тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Ўйлайманки, ҳар бир депутат, партия ходими халқ дарди билан ёниб яшаса, одамлар ҳам уларга ишонишади, уларнинг ортидан боришади.

— Сайловолди учрашувларида жуда кўп масалалар ўртага ташланганди, — дейди халқ депутатлари Гурлан туман Кенгаши депутати, ЎзХДП туман кенгаши раиси Шокир Худаяров.­ — Тўғрисини айтаман, депутат бўлсам, бу ваъдаларни қандай бажараман, деб бироз чўчидим. Сайловдан кейинги илк учрашувданоқ ваъдаларни эслатишди. Яъни, “Янгибоғ” маҳалласидаги газ қувурларини куз-қиш мавсумигача янгилаш кераклигини айтишди. Бугун “Шодлик”, “Навбаҳор”, “Ўрикзор”, “Севинч”, “Гулзор”, “Истиқбол” ва “Зироатчи” кўчаларидаги жами 233 хонадонда 700 метр масофадаги кучли босимли газ тармоғига улаш ишлари бошлаб юборилди.

Депутатга осон эмас, муаммо кўп, энг асосийси, сайловчилар талаби ошган. Демак, депутат ҳаловат билмай изланиши, муаммолар ечимига жавоб топиши керак. Акс ҳолда ўзига ҳам, партиясига ҳам обрў келтирмайди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: