Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
18.11.2020

МУСТАҚИЛ ФИКРЛАЙДИГАН АВЛОДНИ ҚАНДАЙ ВОЯГА ЕТКАЗАМИЗ?

Янги Ўзбекистон остонасига қадам қўяр эканмиз, фикрлаши, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгача бўлган, муаммолардан қўрқмайдиган, руҳияти тетик янги авлодни вояга етказишдек тарихий бурч, улкан масъулиятли вазифа зиммамизда турибди. Бурчни адо этиш, вазифани бажариш учун таълим-тарбия тизимини тубдан ўзгартиришимиз зарур. Бу қандай амалга оширилади?

Президентимиз қабул қилган “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда бу саволга батафсил жавоб бор.

Бутун дунёда барча соҳада рақобат кучайиб бораётган вазиятда мамлакатда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тўғри белгилаш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Мақсад тўғри бўлмаса, чора-тадбирлар самара бериши қийин. Фармон билан бевосита танишиб чиққан инсон ҳужжатда мақсад жуда аниқ қўйилганига амин бўлади.

Хусусан, Фармонга кўра, янги ташаббус ва ғоялар билан майдонга чиқиб, уларни амалга оширишга қодир бўлган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш таълим-тарбия ҳамда илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Халқ демократик партияси таълим-тарбия тизимига бундай ёндашувни тўғри, деб ҳисоблайди ва уни рўёбга чиқариш учун барча депутатлик бирлашмалари саъй-ҳаракатларини сафарбар этади.

Чуқурроқ мушоҳада қилинса, ушбу вазифанинг амалга оширилиши партиямиз учун жуда муҳим бўлган иқтисодиётни тараққий эттириш, камбағалликни қисқартириш, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши, халқимиз турмуш даражасини ошириш каби масалаларнинг ижобий ҳал этилишига шароит яратади.

Ижтимоий ҳаётимиз, мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар бир ёшни мустақил фикрлайдиган, жамиятда фаол, қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб ўта оладиган шахс сифатида камолга етказиш кўзда тутилмоқда.

Буни таълим тизимига ёрдам берган, шароит яратган ҳолда, бутун жамият амалга ошириши зарур. Шунинг учун давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишларида таълим-тарбияга эътибор ва масъулиятни кучайтириш бўйича ижро ҳокимиятига аниқ вазифа қўйиб, вакиллик ҳокимияти – депутатлар ва сенаторлардан мактабни қўллаб-қувватлашни сўраяпти.

Ривожланган давлатлардаги таълим-тарбия концепцияларини таҳлил этсак, бу тизимнинг асосий вазифаси, аввало, бола шахсиятини тарбиялашдан, улғайтиришдан иборат экани кўринади.

Бола шахсияти, характери ёшлигиданоқ ривожлантирилмаса, эртага у нимага қизиқишини тўлиқ англамай, мустақил қарор қабул қила олмайди. Ўқиб-ўрганилган илм қизиқишга йўналтирилмаса, бундай ўқувчи касбни, соҳани тўғри танлолмай қийналади. Аксинча, таълим-тарбия йигит-қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини ривожлантиришга, қизиқиш асосида касб танлашга йўналтирилса, боланинг таълимдан кейинги ҳаёти ҳам изга тушиб кетади. Ўзи севган соҳада ишлаш кишига руҳан тетиклик беради. Энг муҳими, шу тариқа жамиятда яратишга, яхши натижалар кўрсатишга интилиш ошиб бораверади, боқимандалик йўқолади. Одамлар фаол бўлган, ўзи учун, яхши ҳаёт учун интилувчилар кўпайган жамиятда ижтимоий муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.

Ўйлаб қарасак, бир боланинг таълимдаги илк қадамидан бошлаб касб танлаши, ҳаётга мустақил қадам қўйиши ва турмушида ҳалқасимон узвийлик бор. Президент фармонида ана шу узвийликни таъминлаш бўйича чуқур ўйланган вазифалар белгилаб берилди.

Масалан, 2021 йил 1 мартга қадар Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш белгиланди. Эътибор беринг, унда ҳам ўқувчиларни келгуси ҳаётга тайёрлаш, уларга ўз билим ва кўникмаларидан амалиётда фойдаланишни ўргатувчи малака талабларини синфлар кесимида ишлаб чиқиш, ўқувчиларнинг фан бўйича эгаллаган билимлари билан бир қаторда саводхонлик, компетенция ва шахсий сифатларини баҳолаш ҳамда касбларга бўлган қизиқишини аниқлаш тизимини жорий этиш масалалари алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Камбағаллик, қолаверса, боқимандалик кайфиятига қарши курашишнинг, ижтимоий ҳимоя тизимини модернизация қилишнинг узоқ истиқболда энг самара берадиган йўли бугун таълим тизимига, инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш ҳисобланади. Эҳтиёжманд, камбағал оиладаги муҳитни уларнинг фарзандларига сифатли таълим-тарбия бериш орқали тубдан ўзгартириш мумкин. Таълим бериш, касб-ҳунар ўргатиш ишлари ўзаро уйғун равишда самарали олиб борилиши ишсизликни камайтириш, ўзини ўзи банд этиш имкониятларини ошириш, камбағалликка қарши курашишда катта аҳамият касб этади.

Фармонга мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим муассасалари битирувчилари ўзининг иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун “Касбга йўналтириш тизими” жорий этилиши белгиланди. Шу асосда 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Уларнинг касб-ҳунарга қизиқиши аниқланади ва маълумотлар базаси яратилади. Ушбу синф ўқувчилари учун ҳар ойда бир марта “Касблар оламига саёҳат” мавзусида махсус курслар, 8-синф ўқувчилари учун ҳар чоракда камида бир марта “Менинг келажакдаги касбим” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилади. 9 синфда эса аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишлари олиб борилади. Яъни, ўқувчи 9-синфда келажаги қандай касб ёки соҳа билан боғланиши ҳақида муҳим тасаввурларга эга бўлади.

“Ўзи истаган ишда ишлаш учун албатта олий маълумотли бўлиш керак”, деган тушунча бугунги илғор даврга тўғри келмай қолди. Ҳозир шундай ёшлар борки, интернет орқали дунёнинг нариги томонидаги мамлакатда ишлаяпти. Фармонда ёшлар учун ишлаш, ўзининг йўлини топишга шароит яратиш масаласи ҳам алоҳида ўрин олган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ҳамда ҳокимликлари билан бирга Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторида умумтаълим муассасалари битирувчилари шуғулланиши мумкин бўлган касб ва лавозимларни белгилайди, профессионал стандартларини ҳам ишлаб чиқади.

Президент фармони кенг қамровли ҳужжат, уни ҳаётга татбиқ этсак, жамиятимизда таълим-тарбия ўзгаради, юксак босқичга кўтарилади, бу ўз навбатида тараққиётга олиб келади.

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: