18.11.2020

ТАНҚИД ВА ХУЛОСА

— Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам воҳа иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади.

Эътибор берганмисиз, давлатимиз раҳбари қайси вилоятга бормасин, ўзгаришлар, камчиликларни диққат билан кўздан кечиради. Одамлар билан самимий мулоқот қилиб, эл кайвониларининг фикри билан қизиқади, дуосини олади. Муҳими, етти ёшдан етмиш ёшгача инсонларнинг дилидагиларни билиб, шундан сўнггина ҳудуд ривожи бўйича ўз таклифларини, келгуси вазифаларни билдиради. Бу эса ўша ердаги иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги ишларга янги руҳ, янги суръат бағишлайди. Президентимиз вилоятимиз фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказган йиғилишида ҳам мана шу масалалар муҳокама этилди. Тиббиёт, таълим соҳасида оқсоқликларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Қашқадарё ёшлари олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича мамлакатда 13-ўринда. Ачинарлиси, жорий йилда 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси талаба бўла олмаган. Бу кўрсаткич таълимда жиддий ўзгаришлар қилиш кераклигини, янги инновацион технологиялардан унумли фойдаланиш зарурлигини кўрсатади.

Иш юзасидан вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларида бўламиз. Одамлар билан гаплашамиз. Уларни ўйлантираётган масалалар билан қизиқамиз. Ўз-ўзидан тезлик билан ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларга ҳам дуч келганимиз рост. Масалан, тиббиёт соҳасида. Сайловчилар оилавий поликлиникаларда эндокринолог, хирург ва бошқа тор мутахассислар етишмаслигидан шикоят қилишади. Юртбошимиз ҳудудда тиббиёт соҳасида тор мутахассисликлар бўйича 257 та, бирламчи бўғинда 855 та шифокор етишмаслигини таъкидлади. 18 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокорлар пунктига талаб юқори. Ҳар бир оилавий поликлиникага ўртача 25-30 минг нафардан фуқаро тўғри келади, мазкур кўрсаткич вилоятда 90 мингтани ташкил этмоқда. Бу ҳолат қачонгача давом этиши мумкин? Биласизми, юртбошимиз «Қашқадарё эли шунга муносибми?», деганларида бир қалқиб тушдим. Эришилган натижалар, ютуқлар, бажарилган ишлар ўзимизниики эканини, улар билан мақтаниб бўлмаслигини яна бир бор тушундим. Ташаббускорликни оширишимиз, ҳаракатни кучайтиришимиз зарурлигини англадим.

Президентимиз ташрифи давомида вилоятда ёшлар билан ишлаш бўйича янги тизим жорий этилишини айтди. Ҳокимлар ҳар ҳафтада бир кунни ёшлар билан ишлаш куни, деб эълон қилиб, уларнинг муаммолари билан шуғулланишини билдирди. Шунингдек, хотин-қизлар масаласига ҳам тўхталиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 минг 815 нафар аёлнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида топшириқ берди. Ишсиз хотин-қизларни «Устоз-шогирд» анъаналари асосида ҳунармандчиликка жалб этиш чоралари белгиланди.

Президентимизнинг вилоятимизга ташрифида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси ҳудуд салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиб, аҳолининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим пойдевор бўлади. Вазифалар ниҳоятда масъулиятли, уларни амалга ошириш учун депутатлар ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 33 мингдан зиёд аъзосидан фидойилик ва қатъийлик талаб этилади.

Албатта, ҳеч бир иш ўз-ўзидан бўлмайди. Натижани қўлга киритмоқчи бўлсак, тунларни бедор ўтказишга, виждон амри билан ишлашимизга тўғри келади. Муҳими, танқидлардан тўғри хулоса чиқаришимиз, келгусидаги ишимизни шунга қараб режалаштиришимиз шарт.

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: