Мирзачўл туманида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида
— Бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, кенг қамровли ўзгаришларга, янгиланишларга дуч келасиз. Энг муҳими, бу бунёдкорликлар ҳамюртларимиз руҳиятини кўтариб, кўнглини яшнатмоқда. Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари жойларга чиқиб, ўрганишлар давомида бунга амин бўлмоқда. Хусусан, Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри «Обод қишлоқ», «Илғор ҳудуд» лойиҳалари доирасида янгича қиёфа касб этди, аҳолининг турмуш тарзида катта ўзгаришлар бўлди. Бироқ ҳудудда ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас.
Масалан, ҳудудларда олиб борилаётган очиқ мулоқотларнинг бирида Кимё Жамолова уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, бошпанага муҳтожлигини маълум қилди. Мутасаддилар билан опанинг оилавий шароити ўрганилди. Маълум бўлишича, Кимё Жалолова фермер хўжаликлари уюшмаси ҳудудидаги дала шийпонларидан бирида яшаб келаётган экан. Шунингдек, мазкур оила бугунги кунда “Темир дафтар”га киритилиб, моддий кўмак олмоқда. Кимё Жалоловага туман ҳокимининг ташаббуси билан янги қад ростлаётган уйлардан бири бериладиган бўлди.
Тўғриси, унинг сўзи, қувонч ёшларини таърифлаш қийин. Лекин унинг хурсандчилигини кўриб, бир инсонга озгина ёрдамимиз текканидан енгил тортдик.
“Мирзадала” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволи ўрганиб чиқилди. Шароити йўқ, бир хонали уйда икки нафар фарзанди билан истиқомат қилиб келаётган Гулчеҳра Сандиновага ҳам янги уй-жойлардан ажратилди.
“Боғдон” маҳалласи ҳудудида қад ростлаган бино ҳам юқоридаги каби уйсиз сарсон бўлаётган кишиларга бир йил муддатга яшаш учун бепул бериладиган бўлди. Шу вақт давомида уларнинг бандлиги, фарзандларининг таълим-тарбияси назоратга олинади. Тегишли тартибдаги имтиёз асосида уларни уй-жой билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Айтиш керакки, аниқ мақсад, манзилли дастурлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Ойтожи Болиева ҳаётда турли оғир синовлардан ўтган аёл. Ўтган йили тўшакка михланиб, махсус аравачага муҳтож бўлиб қолганди. Уйма-уй юриш тартиби жорий этилгани натижасида мутасаддилар ёрдами билан Ойтожи онага махсус аравача келтириб берилган.
Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда Мирзачўл туманида 11 минг 54 та хонадонда 51 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 7 минг 565 нафари ёши 30 дан юқори бўлган аёллар, 11 минг 750 нафари эса 18-30 ёшли йигит-қизлардан иборат. Сўровномалар, юзма-юз мулоқотлар давомида уларнинг мурожаатлари ва муаммолари ўрганилиб, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” бўйича тузилган штабда электрон базага киритилаяпти.
Шу вақтгача 165 нафар хотин-қиз тикувчилик йўналишида бепул ўқув курсларида ўқитилиб, сертификатларга эга бўлди. Меҳнат ярмаркалари орқали ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари, газ, электр таъминоти, сув, йўлларни таъмирлаш, коммунал соҳа, бандлик соҳалари бўйича бўлаётган мурожаатларнинг ҳам ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Биз, парламент аъзолари маҳаллама-маҳалла юриб, ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича парламент назоратини амалга оширмоқдамиз. Сусткашликларга йўл қўяётган маҳаллий мутасаддилар билан суҳбатлашиб, масъулиятини ошириш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда.
Жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, одамларни рози қилиш учун барчамиз бирлашиб ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шундагина кўзланган натижага эришамиз, сайловчилар олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Ўрол ЎРАЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси