11.11.2020

ОЛИС ҲУДУДЛАРГА БОРИБ ИШЛАШ

касбга, бурчга садоқат, ватанпарварлик ҳисобланади

— Президентимиз бошчилигида тиббиёт тизимини тубдан ислоҳ этиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида келтирилган таҳлилий рақамлар, танқидий фикр-мулоҳазалар, энг муҳими, белгилаб берилган аниқ ва қатъий вазифалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасига олиб чиқишга хизмат қилади, албатта.

Ҳар бир соҳани ислоҳ қилиш, тубдан ўзгартириш борасидаги ислоҳотлар пухта режалаштирилиб, ҳаётий тажрибалар асосида амалга оширса, самараси кўпроқ бўлиши табиий.

Соғлиқни сақлаш тизимига янги механизмларни жорий этишда ҳам “тажриба”, “синов” масалаларига жиддий эътибор қаратилаётганини мазкур фармон мисолида яққол кўриб турибмиз.

Хусусан, Сирдарё вилояти мисолида тиббиётнинг ҳар бир бўғини вазифаларини аниқ-равшан белгилаш, улар бўйича давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Кафолатланган пакетлар доирасида аҳолини бепул тиббий хизмат билан таъминлаш учун “қишлоқ врачлик пункти – поликлиника – марказий кўп тармоқли поликлиника – шифохона” кетма-кетлиги тартиби жорий қилиниши белгиланди.

Албатта, ҳар қандай янгилик иқтисодий асослари барқарор бўлгандагина одамларга фойда бера олади. Шунинг учун кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетларини молиялаштириш мақсадида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш, алоҳида Жамғарма ташкил қилиш вазифаси қайд этилди.

Бу вазифани тўғри амалга ошириш, давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишда барча масалаларни икир-чикиргача назарда тутиш ва албатта аҳоли, айниқса, беморли оилалар қийинчиликларга дучор бўлмаслигини ҳисобга олиш зарур. 

Кафолатланган пакетларда қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникалар қайси тиббий хизматларни кўрсатади, марказий поликлиника ва шифохоналар қайси турдаги касалликларни даволашга масъул экани аниқ белгиланиши зарурлиги таъкидланди.

Мана шу масала ҳам мамлакатимизда жуда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Сабаби, аҳолининг катта қисми қайси шикоятлар бўйича қайси тиббий муассасадан ёрдам, маслаҳат олиш мумкинлигини тўлиқ билмайди. Бу эса кўплаб оворагарчилик ва сарсонгарчиликларга ҳам сабаб бўлади. Тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган одам биринчи мурожаат этган муассасасидан ёрдам ёки саволига аниқ жавоб олмаса, у бутун тизимдан норози бўла бошлайди.

Қайси муассаса қандай тиббий хизматлар кўрсатиши ҳақидаги ҳамда бошқа зарур маълумотлар очиқ ва шаффоф бўлиши, рақамлаштириш дастури йўлга қўйилиши тушунмовчилик ва норозичиликлар камайишида принципиал аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Йиғилишда йил якунига қадар хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, “Гулистон тиббиёт кластери”нинг лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишни бошлаш вазифаси юклатилди. Гулистон шаҳридаги ўнга яқин тиббиёт муассасасини Сирдарё вилоят кўп тармоқли шифохонасига ягона бошқарув асосида бирлаштириб, “тиббиёт кластери”га айлантириш учун барча зарурий инфратузилма мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Бу тажриба тиббиёт муассасалари ўртасида ўзаро боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилади. Натижада иш жараёнида юзага келадиган муаммоли масалаларни қисқа фурсатда ва самарали ҳал этиш имконияти ошади.

Президентимиз бирламчи бўғин тиббиёт ходимларини рағбатлантириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу тизимда адолатни таъминлашда, қийин шароитларда кўп аҳолига хизмат кўрсатадиган ходимлар меҳнати муносиб қадрланишини англатади. Шунингдек, шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш юзасидан “Қишлоқ шифокори” дастурини жорий этиш топшириғи берилди. Унга мувофиқ, олис ва чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тизимига ишга қабул қилинган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, хизмат уй-жойи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.

Бундай тажриба дунёнинг кўплаб давлатларида кенг қўлланилган ва яхши самара берган. Фақат бунинг учун моддий рағбат билан бирга, ёшлар ўртасида, жамият миқёсида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш керак. Ёш кадрларда маънавий рағбат уйғотиб, олис ва чекка ҳудудларга бориб, элга хизмат қилиш касбга садоқат ватанпарварлик эканини тушунтира олсак, дастур ижроси муваффақиятли таъминланади, беморлар малакали ёрдам олади, ҳудудларда тиббий хабардорлик ўсади, соғлом турмуш тарзи юксалади, деб ўйлайман.

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ва ЎзХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: