11.11.2020

ХАЛҚИМИЗ ТИББИЙ ХИЗМАТДАН РОЗИ БЎЛИШИ КЕРАК

— Аҳоли соғлиғини муҳофаза қилмасдан туриб, бошқа соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминлаб бўлмайди. Соғлом инсонгина жамиятдаги яратиш, бунёдкорлик ишларига дахлдорлик билан яшайди, катта-катта ишларга қодир бўлади.

Давлатимиз раҳбари раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида тиббиётнинг бирламчи бўғинидаги муаммолар чуқур таҳлил қилинди.

 Маълумки, 2017 йил қишлоқ врачлик пункт (ҚВП)лари мақбуллаштирилиб, оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Ҳар қандай ўзгариш ва ислоҳотнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини вақт кўрсатар экан. Муайян ҳудудларда ҚВПлар ўрнига оилавий поликлиникалар ташкил этилгани ўзини тўлиқ оқлади. Лекин баъзи жойларда ҚВПлар чуқур таҳлил ўтказилмасдан, аҳоли эҳтиёжлари, ижтимоий инфратузилма, тиббиёт ходимлари имкониятлари ҳисобга олинмасдан, асоссиз қисқариб кетгани бугун сезилмоқда. Тиббиёт соҳасида ҳудудларда кўп йиллар фаолият юритган мутахассис, шу билан бирга, сайловчиларнинг фикр-мулоҳазаларини эшитган депутат сифатида айтишим керакки, айрим ҳудудларда ҚВПлар ёппасига қисқартирилиши хато бўлган эди.

ЖССТ маълумотига кўра, аҳолининг саломатлиги 10-15 фоиз соғлиқни сақлаш тизимига боғлиқ, қолган қисмлари ижтимоий ҳолатдан, экологияга, асосийси, 55 фоизи инсоннинг соғлом турмуш тарзига боғлиқдир. Лекин аҳоли саломатлиги кўп жиҳатдан соғлиқни сақлаш тизимининг бўйнида эди. Эндиликда аҳоли саломатлигига ҳамма, яъни ҳокимликлар, халқ таълими, мактабгача таълим, олий таълим, ички ишлар, ёшлар, умуман, барча масъул эканлиги Президентимиз томонидан қатъий белгилаб берилди.

Бугун бирламчи тиббий-санитария хизматини замонга қараб, халқимизнинг талаб ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, ташкил этиш энг муҳим вазифадир. Тўғри, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини оширишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аммо сайловчилар билан учрашувларда гувоҳ бўламизки, аҳолининг кўпчилиги тиббий хизмат сифатидан рози эмас. Айниқса, чекка ҳудудларда малакали шифокорларга талаб жуда юқори.

Видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинидаги даволаш сифати ҳақида гап борар экан, бунинг учун шароит ва кадрлар етишмаслиги айтиб ўтилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд врачлик штати мавжуд, лекин 12 минг шифокор ишламоқда. Чунки бугунги кунда умумий амалиёт шифокори касби тиббиёт олийгоҳлари битирувчилари учун жозибадор эмас. Ходимларни рағбатлантириш, малакаси ва лавозимини оширишга эътибор йўқ. Шу боис шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин – қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарур.

 Шифокорларга бўлган эҳтиёжларни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш лозим. 5-6 босқичларда субординатура ҚВПларда иш билан ўқиш жараёнини баравар олиб бориш, уларга кафедралар бириктирилиб, ўша жойда дарс берган ўқитувчиларга устама хақ тўлаш тартибини йўлга қўйиш ҳам яхши самара беради.

Бир муҳим жиҳат бор. Яъни умумий амалиёт врачларининг юкламалари кўп ва бу иш сифатининг пасайишига сабаб бўлмоқда. Эндиликда терапевт, педиатр, акушер ва патронаждан иборат бригадалар ташкил қилинади. ҚВП ва оилавий поликлиникаларда 24 соатлик иш жорий қилишни ўрганиб чиқиш, оила шифокори фаолиятини баҳолаш мезонларини белгилаш керак бўлади. Буларни тўлиқ амалиётга тадбиқ этиш учун аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти ва 24 та оилавий поликлиника ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Умуман олганда, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу вазифалар соҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, тиббий хизмат сифатини ошириш, чекка ҳудудларда соҳани жадал ривожлантириш, тизим ходимларни фаол қўллаб-қувватлаш ва уларга шароит яратишда муҳим аҳамиятга эга. Фақат сизу биздан “инсон омили”га боғлиқ бўлган фидойиларча ишлаш талаб этилади. Ўйлайманки, бироз вақт ўтиб Ўзбекистон тиббиёти янги даражага чиқади ва халқимиз саломатлигини мустаҳкам ҳимоя қила оладиган бўлади.

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: