04.11.2020

БИР БОЛАГА БУТУН ЖАМИЯТ ОТА-ОНА

— Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлини белгилаб берар экан, асосий эътиборни таълим-тарбия тизимига қаратиб келмоқда.

Аввало тизим мажбурий меҳнатдан халос қилинди, ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам ўз иши, ўқиши билан машғул бўладиган бўлди. Ўқитувчи нафақат моддий манфаатдор бўлмоқда, балки унинг устоз сифатида қадри, масъулияти ҳам ортиб бормоқда.

 Мен мактабда 19 йил фаолият олиб борган педагог сифатида шуни айтмоқчиманки, ҳатто мактаб жамоаси билан бирга «1 октябрь — ўқитувчилар байрами куни»ни ҳам пахта даласида ўтказардик. Туман марказидан 30 км узоқдаги мактабда оддий ўқитувчи бўлиб иш бошлаганман. Кейин ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари, директор вазифаларида ишладим.1993-2000 йиллар оралиғида мактабни кўп ўқитувчилар ташлаб, ўзини бизнесга уриб кетди. Чунки мактабларда ўқитувчининг ойлик маоши жуда паст эди. Бунинг устига, ўқитувчилар қишлоқ хўжалиги ишидан тортиб, кўчаларни тозалаш ишига жалб қилинарди. Мактаб директори бўлиб ишлаган давримда пахта топшириш учун пахта пунктида қолиб кетардик. Ҳатто мактабларга 1-1,5 қути пилла қурти ҳам бериларди.

Бугун вазият тамоман ўзгарди: ўқитувчи фақат ўқитувчиликни қиладиган бўлади, ойлик маошлар кескин оширилди, шаъни, қадри ҳимоя қилинадиган бўлди. Бу чора-тадбирлар ўқитувчининг жамиятдаги обрўсини оширмоқда. Бироқ мактаблар билан боғлиқ қатор муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Мактабларда кадрлар етишмаслиги ҳамон муаммолигича қолмоқда. Рус тили, инглиз тили, математика, кимё фани мутахассислари, етишмайди. Кадр етишмаганлиги, айниқса, инглиз тили фани мутахассиси бўлмаганлиги сабабли, университетда ўқиётган 3-4 курс талабалари билан университет орқали шартнома қилиб, мактабга жалб қилганмиз, рус тили фани ўқитувчиларини эса шаҳар марказидан 2 кунга олиб келиб, дарс ўтишини илтимос қилганмиз.

 Мактабларда спорт залларининг таьмирталаб бўлиб қолганлиги ёки айрим мактабларда спорт залларининг умуман бўлмаслиги, спорт анжомлари етишмаслиги ташвишли ҳолатлардандир. Кимё, биология, физика фанлари учун лаборатория хоналаридаги жиҳозларнинг маънан эскирганлиги таълим сифатига бевосита ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Яна бир муҳим муаммолардан бири, синф раҳбарлар учун бериладиган ойлик маош масаласидир .Синф раҳбари кун давомида мактабда бўлиши, ўқувчини назорат қилиши, дарсга келмаган ўқувчининг уйига бориб, ота-онаси билан учрашиши каби талаблар борлиги сабаб кўпчилик ўқитувчилар синф раҳбарлигидан ўзини олиб қочади. Шу боис ҳам синф раҳбари меҳнатини адолатли баҳолашни ўйлаб кўриш керак бўлади. Ўқитувчиларга тоифа бериш тизимини ҳам соддалаштириш кераклигини муҳтарам юртбошимиз таъкидлаб ўтди. Менинг таклифим: ўқитувчига тоифа беришда ўқувчиларнинг билим даражасига қараб бериш, тест саволлари ўз мутахассислигига тааллуқли бўлиши керак.Ўқитувчи малакасини мунтазам ошириш йўлга қўйилиши зарур. Дарс ўтиш методикасини янгилаш ташаббусини эса тўла қўллаб-қувватлайман.

 Бугун биз ўқитувчининг мақомини белгилаш ҳақида ўйлай бошладик. Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланишини англадик.

 Учинчи Ренессанс ғоялари билан қуролланиб, миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари интилишларимиз таълим соҳасининг уйғониши билан ҳамнафас кечмоқда.

 Давлатимиз раҳбарининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Фармон лойиҳаси шу кунларда кенг муҳокама қилиниб, соҳага оид таклифлар берилмоқда.

Ҳар бир ота-она жондан азиз фарзандини катта умид ва ишонч билан ўқитувчига топширади. Боланинг келажаги мактабдан бошланади. Лекин бу — бутун масъулиятни мактаб ўз зиммасига олиши керак, деган маънони англатмайди.

 Зеро, қарс икки қўлдан. Шунинг учун оила ва ота-онадан бошлаб мактабгача таълим, таълим, ўрта махсус таълим, олий таълим ҳамкорликда бир-бирини тўлдириб ишлайдиган узлуксиз тизим жорий қилиниши керак. Бу тизимнинг маъноси шуки, "бир болага бутун жамият ота-она". Шу билан биргаликда ота-онанинг ўз фарзандлари учун масъуллигини алоҳида банд билан қонуний мустаҳкамлаб қўйиш керак. Бинобарин, боласининг қобилияти, руҳияти, таълим-тарбиясига мутлақо қизиқмайдиган ота-оналар бор.

 Биз ўқитувчининг мақоми ҳақида гапираяпмиз. Лекин ўқитувчи аввало ўзининг кимлигини ўзи билиши керак. Нафақат мактабда, дарсда, балки кўча-кўйда, тўй-маъракада, бозор-ўчарда ҳам унинг хатти-ҳаракатида билими, мураббийлик сифати сезилиб, кўриниб туриши зарур.  Шу сабаб, ўқитувчига қўйиладиган талаб ва масъулият ҳам алоҳида белгиланиши керак.

 Ўқитувчи кадрларни ишга олишда ҳам аниқ бир тизим жорий қилиниши лозим. Чунки, унинг олий маълумоти ҳали унинг мутахассис бўлиб етишганини англатмайди. Бошланғич синфларданоқ боланинг қизиқиши ва лаёқати кўзга ташланиб қолади. Шунга қараб иқтидор ва истеъдодлиларини ажратиб, боланинг бир йўналишда таълим олишини таъминлаш зарур.

 Дарсдан кейинги тўгаракларда фақатгина олий маълумотли эмас, балки ўрта умумий маълумот эгаси бўлса-да, қизиқиши бор, билимли, тажрибали ёшлар ҳам машғулот олиб боришлари мумкин.

 Президентимизнинг таълим-тарбия масаласига ҳаёт-мамот масаласи, деб қараб халққа маслаҳат солаётгани, тизимдаги муаммолар шаффофлик билан муҳокама қилинаётгани, қандай маълумот, қайси касб эгаси бўлмасин, ҳеч бир инсонни бефарқ қолдирмаслиги керак, деб ўйлайман.

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: