04.11.2020

ҲОКИМЛАР ФАОЛИЯТИ

ҳудудда таълим соҳасига бўлган эътиборга қараб баҳоланади

Таълим соҳасини такомиллаштириш, сифатини ошириш, илм-фан ривожини жадаллаштириш бўйича Президент фармони лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига муҳокама учун қўйилди. Бугун барча мактаб жамоалари, ота-оналар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида лойиҳа қизғин муҳокама қилиниб, таклифлар билдирилмоқда.

Мазкур фармоннинг аҳамияти, унда назарда тутилаётган жиҳатлар хусусида республика Халқ таълими бошқарма бошлиғи Эркин МУРОДОВ билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

— Фармон лойиҳасида жамоатчилик иштироки қандай бўлмоқда? Асосли таклифлар кўпми, озми?

— Тўғриси, бу фармон лойиҳасига ҳам­юртларимиз фаол муносабат билдираётгани кишини қувонтиради. Демак, фуқароларимизнинг ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси ошиб бормоқда.

Иккинчидан, таълим-тарбиянинг ҳаётимиздаги аҳамиятини одамлар чуқурроқ тушуна бошлагани сезилиб турибди. Аввало, айтиш керакки, мазкур фармон лойиҳаси яқин беш йиллик муддатдаги устувор вазифаларни белгилаб бераётгани билан аҳамиятлидир. Энг муҳими, жамиятда ўқитувчининг обрў-эътиборини янада мустаҳкамлашга, барча умумтаълим мактабларида ўқитиш методикаларини яхшилаш ва такомиллаштиришга эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган жараённинг узвийлигини таъминлаш ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Қисқа вақт ичида 2 мингдан зиёд таклиф келиб тушгани ҳам фармон лойиҳасига аҳолининг эътибори катталигидан дарак беради.

Хўш, фармон лойиҳасида нималар илгари сурилган? Энг аввало, олис, чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга олий маълумотли бўлиш имконияти берилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаб, шунга қараб чоралар кўрилиши таклиф этилмоқда.

Фармоннинг дастлабки лойиҳасида халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқитувчиларга олий тоифа бериш лозимлиги қайд этилганди. Кейин эса республика миқёсидаги фан олимпиадаларида ўқувчиси ғалаба қозонган устозларга ҳам шуни жорий этиш таклиф этилмоқда. Бу ҳам ўқитувчи меҳнатини қадрлашга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада ўқитиш тизими сифатини янада ошириш учун ўқув юкламаси, фанлар сонини кўриб чиқиш масаласи ҳам кўтарилган. Халқаро тажрибаларни олиб қарайдиган бўлсак, бир неча фанлар умумлаштирилиб, битта фан сифатида ўқитилади. Шунда ўқув юкламалари ҳам соддалаштирилади. Масалан, хорижда география, кимё, биология битта фан сифатида ўқитилади. Бу бизнинг мамлакатимизда биринчи бор амалиётга жорий этилиши кутилмоқда.

Фармон лойиҳасига таклифлар олинар экан, уларнинг ҳар бирига жиддий ёндашилмоқда. Ҳар бири мутахассислар томонидан таҳлил қилиниб, асосли, деб топилаётганлари қонун лойиҳасида ўз аксини топишига ишонаман.

— Бугун хизмат сафари билан турли ҳудудларга борганимизда 2-3 ой оралиғида янги мактаблар қурилиб, фойдланишга топширилаётганини кўряпмиз. Замонавий технологиялар билан таъминланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бироқ таълим сифати, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтиришга қай тартибда ёндашилмоқда? Қандай таклифлар илгари сурилмоқда?

— Тўғри, мактабларни таъмирлашимиз, энг сўнгги технологияларни беришимиз мумкин. Бироқ бу ўқув сифатини оширишнинг кафолати бўла олмайди. Таълимнинг қанчалик сифатли амалга оширилиши кўп жиҳатдан ўқитувчининг маҳорати, билим даражасига боғлиқ. Буни ҳеч биримиз рад этолмаймиз, кўзланган пировард мақсадимизга эришолмаймиз. Шу боисдан педагогларнинг малака ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Халқ таълими тизимида 490 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритади. Уларнинг атиги 20 фоизи олий ва биринчи тоифали ўқитувчилардир. Ўз-ўзидан савол туғилади: уларнинг касбий маҳоратини ошириш бугунги куннинг энг долзапрб масалаларидан бири бўлиб қолмаяптими? Тизимда фаолият олиб борадиганлар билишадики, ўқитувчилар беш йилда бир марта малакасини оширишади. Йилига 18-20 фоиз педагог бу имкониятдан фойдалана олади. Қолган 80 фоиз ўқитувчи эса мана шу даврда таълимдаги янгиликлардан бехабар қолади. Халқаро тажрибани ўрганганимизда бу эҳтиёжга қараб амалга оширилишини кўриш мумкин.

Масаланинг яна бир томони бор. Бир мактабда 50 га яқин ўқитувчи ишлайди, десак, ҳар бирининг тажрибаси, маҳорати турлича бўлади. Худди шундай малака оширишга келадиган ўқитувчиларнинг ҳам малакаси бир хил, дея олмаймиз. Демак, уларнинг малакасини оширишда ҳам шунга қараб ёндашиш керак, деб ўйлаймиз. Педагог бир ой вақт ўтказиб, шунчаки сертификат олиш учун ўқимаслиги керак. У нимани истайди, нимани ўрганишга эҳтиёжи борлигига ҳам жавоб олишимиз, шунга қараб жараённи ташкил этиш лозим бўлади. Ўқитувчи ўз илм масканига янгилик олиб бориши, дарсларда янги методлардан фойдаланишни ўрганиши лозим. Ривожланган давлатларда устозлар малака ошириш вақтининг 10-20 фоизини назарияга, қолганини эса амалиётга ажратади. Ўқув масканларига бориб, тажриба алмашади. Педагогни олий таълим муассасалари тайёрлайди. Шундай экан, малака оширишда ҳам уларнинг кўмагига таяниш мумкин, деб ўйлайман. Лойиҳада устоз ва мураббийларга ҳудудлардаги институт, университетларда малака ошириш имкониятини бериш таклифи ҳам илгари сурилган.

Яна бир жиҳат. Шу вақтга қадар педагоглар малакасини ошириш ҳудудий халқ таълими марказлари зиммасида бўлган. Мазкур фармон лойиҳасига кўра, нодавлат таълим даргоҳларига ҳам халқ таълими ходимларининг малакасини оширишга рухсат ҳуқуқи берилмоқда. Нодавлат таълим марказларида халқаро тажриба, стандартлар пухта ўқитилади, хорижий адабиётлар, методлардан ўз ўрнида самарали фойдаланиш ўргатилади. Бу тизимда соғлом рақобатни юзага келтириши шубҳасиз.

— Бугунги кунда ўрта мактаблар битирувчиларининг 20 фоизи талабалик бахтига эришмоқда. Қолган йигит-қизларнинг кейинги тақдири нима бўляпти? Уларнинг касбий кўникмага эга бўлиш масаласи бўйича қандай янгиликлар жорий этилади?

— Биз, аввало, мактабнинг асосий вазифаси нималигини билиб олишимиз зарур. Мактабнинг вазифаси битирувчининг ҳаётда муваффаққиятга эришиш, жамиятда ўз ўрнини топа олишида кўмаклашишдан иборатдир. Тўғри, бугунги кунда Олий таълим муассасаларига атиги 20 фоиз битирувчи қамраб олинмоқда. Келажакда тегишли консепцияда бу кўрсаткич ошиб бориши кўзда тутилмоқда. Ҳар бир боланинг қабул қилиш даражаси, ўзлаштириш қобилияти турлича бўлади. Ҳамма ҳам олий маълумотли бўла олмайди ва бу боланинг кейинги тақдирида фожиага айланмаслиги зарур. Шу боисдан мактабларда устахоналар ташкил этилиб, касб-ҳунарларга ўқитилади. Ўқувчининг қизиқишига қараб дастлабки касбий билимлар берилади. Ўқувчи 7-синфдалигидаёқ касбга лаёқати аниқланиб, шундан сўнг касбга йўналтирилади. 9-синфни битиргач, янги форматдаги касб-ҳунар мактабларида ўқишни давом эттиради. Ўзи танлаган йўналишни чуқурроқ ўрганади.

— Фармон лойиҳасида соҳа ходимларини рағбатлантириш масаласида белгиланаётган янги ёндашувлар тўғрисида қандай фикрдасиз?

— Таълим тизимида ҳам яхлит рейтинг жорий этиш кўриб чиқилмоқда. Шунга қараб, ходимларни рағбатлантириш йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда. Нафақат мактаб, туман, шаҳар ҳокимларининг фаолиятига ҳам ҳудудда таълимга эътиборига қараб баҳо бериш масаласи кўрилмоқда. Рейтинг натижасига кўра, энг юқори бешталикка кирган мактаб раҳбарлари, фан ўқитувчиларининг 2 нафари сиҳатгоҳларда бепул дам олиши мумкин бўлади. Синф раҳбарларини ҳам қўшимча рағбатлантиришга аҳамият қаратилмоқда.

Биласизми, айнан таълим соҳасида эришилган натижаларига қараб, камдан-кам ҳолларда ҳудудий бошқарма раҳбарларига давлат мукофотлари берилган. Жорий йил Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида вилоят халқ таълими бошқармалари ва бир нечта туман халқ таълими бўлими мудирлари давлатимиз раҳбари томонидан юксак мукофот билан тақдирланди. Ҳатто туман, шаҳар ҳокимларига ҳам ана шундай мукофотлар берилди. Бу қувонарли ҳол. Қисқа қилиб айтганда, тизимда ўқитувчилар билан бирга бошқа соҳа ходимларининг меҳнати борлиги ҳам билинди.

— Фармон лойиҳасига директорларни тайинлаш, уларнинг фаолиятига жамоатчилик асосида баҳо бериш, назорат қилиш, деган тушунчалар киритилган. Бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига жуда катта вазифалар қўйилмоқда. Шу хусусда ҳам ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдириб ўтсангиз?

— Пандемия шароитида мактабларни очиш маҳаллий Кенгашларнинг қарори билан амалга ошириладиган бўлди. Бу жуда тўғри қарор, деб ўйлайман. Негаки, қоғозда ҳаммаси яхши, амалда эса бунинг тескариси бўлган ҳолатларга ҳам дуч келдик. Бунда депутатларнинг жойларга чиқиб, ўргангани фойда берди. Камчиликлар тўғриланмагунча, айрим мактабларни очишни кечиктириб турганимиз ҳам рост. Барчаси фарзандларимизнинг соғлиги учун қилинди ва бунда халқ вакилларининг хизмати катта бўлди.

Фармон лойиҳасида маҳаллий Кенгаш тавсиясига кўра мактаб директори тайинланиши назарда тутилмоқда. Номзод маҳаллий Кенгашни 3-5 йиллик истиқболли режаси билан таништириши, тақдимот ўтказиши белгиланмоқда. Депутатлар номзод мактабни ривожланишига ўз ҳиссасини қўша олишига ишона олса, унга тавсия беришади. Бу ўз-ўзидан мактабларнинг маҳоратли намунавий бошқарувига олиб келади, шаффофлик бўлади. Шу билан бирга бўлажак директорларда масъулият ҳисси кучайишига сабаб бўлади.

Ўйлайманки, маҳаллий Кенгашларнинг мактаблар фаолиятидаги назорат функциясининг амалга оширилиши учинчи Ренессанс йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Шуни унутмаслигимиз шарт. Таълим соҳасида қилинаётган ишлар бир кун, бир йилда мева бермайди. Бироқ унинг меваси юз йиллаб мамлакат фойдаси учун ишлайди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: